Линклар

"Трансформерлар" фильми режиссёри Ҳонг Конгда ҳужумга учради


Америкалик таниқли режиссёр ва продюсер Майкл Бэй Ҳонг Конгда янги фильмини суратга олаётган пайтда ҳужумга учраб, жароҳатланди. Ҳодиса “Трансформерлар” фильмининг тўртинчи қисми суратга олинаётган майдончада рўй берди.

Рейтерс агентлигининг хабар қилишича, ҳужум Мак фамилияли ака-ука томонидан амалга оширилган. 27 ва 28 ёшли ака-ука фантастика жанридаги филм суратга олинаётган майдончага кириб келиб, Бэйдан 100 минг Ҳонг Конг доллари (12900 АҚШ доллари) миқдорида пул талаб қилган.

Полиция вакили пул нима учун талаб қилингани сабаблари номаълум эканини айтмоқда. Унга кўра, ўртада чиққан тортишув пайтида ака-укаларнинг каттаси режиссёрга ташланган. Шундан кейин у ҳодисага аралашмоқчи бўлган уч полициячига ҳам ҳамла қилган.

Ҳужумчиларнинг кичиги шантаж ва одамга ҳужум қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинган. Ака-ука Макларнинг каттаси одамга ҳужум қилиш айби билан қўлга олингани айтилмоқда.

Майкл Бэй юзининг ўнг қисмига жароҳат етказилган, лекин у касалхонага мурожаат қилишдан бош тортган.

Ҳодисадан кейин фильмни суратга олиш ишлари давом эттирилган.
XS
SM
MD
LG