Линклар

18 октябрь куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани Азамат қишлоқ фуқаролар йиғинининг Қирқйигит қишлоғида янги очилган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш оқибатида¸ Озодлик манбаларининг билдиришича¸ икки одам нобуд бўлди.

Воқеа жойига бориб¸ тафсилотларни ўрганган Иштихон туман расмий идораларидан бири ходимининг билдиришича¸ фожиа 18 октябрь куни тонгги соат 7:30 ларда автомобилга газ қуйиш пайтида содир бўлган:

- Заправка қилиб бўлганда машинадаги газ баллон портлаб кетган. Икки киши ўлган. Биттаси шофëр¸ яна биттаси заправкачи бола¸ дейди маҳаллий расмий Озодликка.

Озодлик мухбирининг ўз манбаларидан аниқлашича¸ Иштихон туман Халқобод қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 19 яшар Шуҳрат Яҳëев Нексия-2 автомобилига газ қуйиш учун кирган пайтда машинасидаги газ баллони ëрилиб кетгани натижасида портлаш содир бўлган. Ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Қурбонларнинг иккинчиси¸ заправкада газ қуювчи бўлиб ишлаган Равот қишлоғида яшаб келган 24 яшар Мамадëров Ислом исмли йигитдир.

Озодликнинг ишончли манбаларига кўра¸ воқеа жойига туман ҳокимлиги¸ ҳуқуқ идоралари ходимлари дарҳол етиб борган. Айни пайтда¸ Вазирлар Маҳкамасидан келган расмий ҳам воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.

Газнинг баллонда босим остида сақланиши дизел ва бензин ёнилғисига қараганда анчагина хавфли саналади. Ўтганда ҳам Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятида автомобилларга ўрнатилган газ баллонларнинг портлаши оқибатида одамлар нобуд бўлган эди.

Хусусан¸ шу йилнинг 1 март куни айнан Самарқанд вилояти Булунғур тумани марказидаги “Бахт-ер” автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчасида Нексия автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 36 метр узоқликда турган фарғоналик йўловчи 35 ёшли Игор Жўраев ҳалок бўлган эди.

Бу фожиа 1 март куни эрталаб Булунғур-Тошкент йўлидаги “Бахт-ер” автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаси (АЁҚШ)да содир бўлган эди.

Озодлик гаплашган маҳаллий милиция ходимига кўра, Булунғурдаги газ портлаши оқибатида АЁҚШ яқинида турган йўловчилардан бири ҳалок бўлган, яна бири жароҳатланган эди.

Айни пайтда¸ жорий йилнинг 28 январ куни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида жойлашган АЁҚШда ҳам портлаш содир бўлган эди.

Бу фожиалар¸ расмий манбалар таъкидича¸ АЁҚШда хавфсизлик техникасига риоя қилинмагани оқибатида содир бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG