Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:03

АҚШ Бишкекнинг Манас транзит марказидан фойдаланишни тўхтатади


Манас транзит маркази.
Манас транзит маркази.
АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишда НАТО иттифоқчиси бўлган Руминия билан Қора денгиз соҳилидаги Руминия базадан транзит маркази сифатида фойдаланиш ҳақида шартнома имзолади. Келишувда Пентагон ўз ҳарбийларини Қирғизистоннинг Манас транзит маркази орқали эмас, балки Руминиянинг Михаил Когэлничану номидаги аэропорти орқали АҚШга олиб келиши назарда тутилган.

АҚШ ҳарбийларининг Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Манас транзит марказидан фойдаланиш муддати 2014 йил июл ойида тугайди.

НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари келаси йил охирига қадар Афғонистонни тарк этиши режаланган.

Руминиядаги базадан транзит маркази сифатида фойдаланиш ҳақидаги келишув АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел ва Руминия Мудофаа вазири Мирча Душа ўртасида жума куни Вашингтонда бўлиб ўтган сўзлашувдан кейин эълон қилинди.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 50 мингдан зиёд аскари бор. 2014 йил охиригача АҚШ ўзининг барча жанговар кучлари ва уларга тегишли бўлган катта миқдордаги ҳарбий техникани Афғонистондан олиб чиқиши лозим.

Қўшма Штатлар Манас транзит марказидан фойдаланганлик учун ҳар йили Қирғизистон ҳукуматига ўнлаб миллион доллар тўлаб келмоқда.

АҚШ ҳарбийларининг мазкур базадан фойдаланиш муддатини узайтиришни истамаган Қирғизистон ҳукумати мамлакат ҳудудидаги Қант базасини Россия ҳарбийларига ижарага берган.

Пентагон тарқатган баёнотда “террорга қарши туришда, шунингдек, минтақа ҳамда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка этишишда” АҚШ ва халқаро коалиция кучларини қўллаб-қувватлаганлик учун қирғиз халқига миннатдорлик билдирилган.

АҚШ ҳарбийлари Манас транзит марказидан 12 йилдан бери фойдаланиб келаётган эди.

Пентагон баёнотида транзит марказининг ижара муддатини узайтирмаслик ҳақида Қирғизистон ҳукумати қабул қилган қарорни Вашингтон ҳурмат қилиши билдирилган.

Ҳужжатда Қўшма Штатлар Қирғизистондаги “демократик ва иқтисодий ривожланиш жараёнини қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида" экани ва келгусида икки томонлама алоқалар янада ривожланишга умид билдирилган.

Руминия ўз ҳудудида Европа ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисми бўлган АҚШнинг Aegis Shore номли базаси барпо этилишига рухсат бергани учун Қўшма Штатлар Руминияга миннатдорлик изҳор қилди.

Зикр этилган мудофаа тизими Эрон ёки бошқа давлатдан Европага учирилиши мумкин бўлган ракеталарни уриб туширишга мўлжалланган.

Радар ва ракеталар жойлаштирилиши назарда тутилган Руминиянинг Девеселу минтақасидаги Aegis базаси пойдеворини қуриш маросими шу ой охирида бўлиб ўтиши режаланган.

АҚШ эълон қилган баёнотда Руминия Португалиядан 12 та “F-16” русумидаги ишлатилган жанговар учқични сотиб олишга қарор қилгани ҳам олқишланган.
XS
SM
MD
LG