Линклар

logo-print

Гаровдаги тўққиз ливанлик икки турк учувчисига алмаштирилди


Гаровдан озод бўлган туркиялик учувчилар Мурот Акпинар (ў) ва Мурот Агча.

Гаровдан озод бўлган туркиялик учувчилар Мурот Акпинар (ў) ва Мурот Агча.

Суриялик исёнчилар 17 ой тутқунликда сақлаган 9 нафар ливанлик шанба куни тунда Байрут шаҳрига етиб келди. Шиа мазҳабига мансуб бу кишилар 9 август куни ўч олиш мақсадида Ливанда ўғирлаб кетилган Туркия ҳаво йўллари авиаширкатининг икки учувчисига алмаштирилди. Турк учувчилари ҳам шанба куни ватанига соғ-омон қайтди.

Қатарлик воситачилар иштирокида эришилган келишувда тўққиз нафар ливанликни икки нафар турк учувчисига алмаштиришдан ташқари Сурия ҳукумати мамлакат қамоқхоналаридаги ўнлаб маҳбусни озод қилиши ҳам назарда тутилган.

Бироқ келишувнинг бу қисми тўлиқ бажарилган-бажарилмагани ҳозирча аниқ эмас.

Ливаннинг давлатга қарашли телевидениеси маълумотига кўра, 2012 йил май ойида Сурия ҳудуди орқали Эронга диний зиёрат учун кетаётган 9 нафар ливанлик ўғирлаб кетилган.

Суриялик исёнчилар уларни президент Башар Ал-Ассад режими кучлари сафида исёнчиларга қарши жанг қилаётган Ҳизбуллоҳ гуруҳига алоқадорликда айблаган.

Шиа мазҳабидаги Эрон ва Ҳизбуллоҳ гуруҳи президент Ал-Ассад режимини қўллаб-қувватламоқда. Суриялик исёнчи гуруҳлар эса Туркия ва Саудия Арабистони томонидан дастакланаётир.

Таҳлилчиларга кўра, гаровдаги одамларни алмашиш Сурияда икки ярим йилдан ортиқ вақтдан буён давом этаётган уруш мазҳабий тус олгани ва қўшни давлатлар ҳам унинг домига тортилаётганидан дадолатдир.

Тўққиз нафар ливанлик Қатарга тегишли самолётда Байрутдаги халқаро аэропортга қўнганида уларни Ливан ҳукумати расмийлари, уламолар ва юзлаб одам катта хурсандчилик билан қарши олдилар.

Байрутга етиб келган ливанлик собиқ тутқунларнинг кўриниши тетик эди.

- Барча фожиа ва қийинчиликларга қарамай, бизни юртимизга, яқинларимизга, ота-оналаримизга соғ-омон ва ғалаба билан қайтарган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамдлар бўлсин, - деди гаровдан озод бўлган тўққиз ливанликдан бири.

Асоратдан озод бўлган турк учувчилари.

Асоратдан озод бўлган турк учувчилари.

Истанбул шаҳрида эса гаровдан озод қилинган Мурот Акпинар ва Мурот Агчани Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва бошқа расмийлар кутиб олдилар.

- Шуни аниқ айтаманки, бизга ёмон муносабатда бўлишмади. Бизга ҳеч қачон шавқатсиз муносабатда бўлишмади. Биз нисбатан сўзда ёки жисмонан зўравонлик қилишмади. Агар бундай бўлмаганида, биз бу ерга етиб келмаган бўлардик, - дея баёнот берди гаровдан озод бўлган туркиялик учувчи Мурот Акпинар.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли учувчиларнинг озод этилиши НАТОга аъзо бўлган Туркиянинг “минтақавий эътиборга молик экани”ни намойиш қилганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG