Линклар

logo-print

Давлат тили ёки хўжакўрсинга очилган сайтлар


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сайтида ўзбекча деган тугма бору, ўзбекчанинг ўзи йўқ.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сайтида ўзбекча деган тугма бору, ўзбекчанинг ўзи йўқ.

Замона зайли дейсизми, давр талабими, Ўзбекистондаги давлат идоралари ҳам ихтиёрий-мажбурий равишда Интернетда ўз саҳифаларини очиб, сайт юритяпти. Аммо кузатувлар сайт юритишда баъзида ихтиёрийликдан кўра мажбурийлик улуши кўпроқ эканини кўрсатяпти.

21 октябр – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун. Шу сана баҳона бўлиб, мамлакатдаги айрим давлат идораларининг веб сайтларини бирров кўздан кечирдик. Сайтларни таҳлил-тафтиш этаман десангиз, талабу мезонлар кўп. Мухбирингиз доирани андак торроқ олиб, давлат идоралари сайтларининг давлат тилидаги бўлими қай даражада ишлаётганигагина диққат қилдик.
Ички ишлар вазирлиги расмий Интернет сайти (http://www.mvd.uz) фақат рус тилида ишлаяпти. Ўзбекчасига кирсангиз, саҳифа “Вақтинча иш фаолиятида эмас” деган шапалоқдек эълонни ўқийсиз.

“Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси ҳам фуқароларга давлат тилида маълумот беришни лозим топмаган.

“Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси ҳам фуқароларга давлат тилида маълумот беришни лозим топмаган.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси сайти ҳам (http://www.uznature.uz) фақат Пушкин тилида юритиляпти. “Ўзбекча” деган тугмани кўриб, кўп хурсанд бўлманг, у шунчаки хўжакўрсинга қўйилган, боссангиз, барибир русчасига ўтиб кетади.

Монополиядан чиқариш давлат қўмитасининг сайти (http://gki.uz) ўзбекча бўлими пала-партиш, сутга сув қўшгандек ўзбекчаю русча матн аралаш-қуралаш қилиб юборилган.

Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси сайти (http://www.davarh.uz) ўзбекча бўлимида 28 августдан бери “техник ишлар” олиб бориляпти. Тушуниш мумкин: қурилиш билан банд бўлиб, меъморларнинг сайтга қўли тегмаяпти чоғи.
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси (http://ygk.uz) ҳам номигагина ўзбекча бўлим очиб қўйган. Аммо барча муҳим ҳужжатлар – қонун, фармон, қарор, низомлар рус тилида. Дарвоқе, фуқароларга коммунал соҳадаги кенг маълумотларни таклиф қилаётган http://e-kommunal.uz порталида ҳам шу аҳвол. Ўзбекзабон фуқароларда коммунал соҳа бўйича ҳеч савол туғилмайди шекилли.
Намуна бўлиши керак бўлган Интеллектуал мулк агентлиги сайтида ҳам (http://www.ima.uz) ўзбекчаю русча материаллар қориштириб ташланган. Хатоларни санаб тугатолмайсиз, администраторнинг бошқа жиддий ишлари борга ўхшайди: мақолаларнинг сарлавҳаси қўйилган, аммо арзанда мақоланинг ўзини чироқ ёқиб тополмайсиз.

Геология ва минерал рерурслар давлат қўмитаси (http://www.uzgeolcom.uz), “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси (http://www.sgktn.gov.uz) сайтлари ўзбекча бўлими ҳам маъдани қазиб олинган кондек ҳувиллаб ётибди.

“Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекцияси сайти (http://www.rwnadzor.uz)дан ўзбекча материал қидирсангиз, “Ushbu ma'lumot saytining rus tilidagi qismida mavjud” деган “лутф” билан сийланасиз.
Ўзбекистон республика товар хомашё биржаси (http://www.uzex.uz), “Ўзбекнефтегаз” концерни (http://www.ung.uz), “Ўзавтосаноат” (http://www.uzavtosanoat.uz), “Ўзбекенгилсаноат” (http://www.legprom.uz), “Тошшаҳартрансхизмат” (http://www.tshtx.uz) уюшмалари ҳам фуқароларга давлат тилида маълумот беришни лозим топмаган.

“Ўзфармсаноат” давлат концерни (http://uzpharmsanoat.uz), “Ўзагромаш” уюшмаси (http://www.uzagromash.uz) cайтлари ўзбекча бўлими “Борми – бор!” қабилида – мардумкўрсинга иш юритади.

“Кафолат” давлат суғурта ширкати сайти (http://www.kafolat.uz)дан ҳам “уруғликка” бирорта ўзбекча жумла тополмайсиз. Ўзбекзабон аҳолига суғурта керак эмасмикин?!

Навоий вилояти ҳокимияти cайти (http://www.navoi.uz) ўзбекча бўлими ҳувиллаб ётибди – ярим йилдан бери ўзбекча бўлимга бош суқилмаган.
Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси cайти (http://ufrd.uz) ўзбекча бўлими “қайта ишланмоқда”.

Чкалов номидаги авиация заводи сайти (http://www.tapc.uz) ўзбекча бўлими эса “в стадии наполнения”.

Ўзбекистондаги энг йирик металл комбинати сайти (http://uzktjm.uz) ўзбекча бўлимига кириб, “Сахифа устида хали иш олиб борилмокда” (хабар имлоси сақланди) деган билдиргига ошно бўласиз.

Ўзбекча бўлимлардаги имловий-услубий хатолар, дизайндаги камчиликларга тўхталмадик. Тил билгич зиёлилар ва веб-дизайнерлар сайтларни бу жиҳатдан ҳам заррабинга солиб кўрар.
Ҳаваскор таҳлилчи

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG