Линклар

logo-print

Москвадаги Ўзбеклар, ўзбекистонликлар бутунроссия конгресси Россияда миллатчилик урчиб бораётгани ва муҳожирлар ҳақлари оммавий топталаётгани юзасидан Россия ҳукуматига махсус мурожаатнома ҳозирлади. Ўзбеклар жамияти аъзолари бундай нохуш ҳолатлар олдини олиш ва оғир вазиятга тушиб қолган ватандошлар мурожаатларини қабул қилиш учун оператив гуруҳ тузди. Россия ўзбеклари Россияда Миллий масалалар бўйича вазирлик тузиш эҳтиёжи пайдо бўлганини айтмоқда.



20 октябр куниқабул қилинган мурожаатномада Бирюлеводаги тўполонлардан кейин урчиётган миллатчилик кўринишлари олдини олиш ва Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган талаблар қўйилган, дейди Озодликка Ўзбеклар Конгресси президенти Иброҳим Худойбердиев.

- Кечаги йиғилишдан кўзланган асосий мақсад – бу ўзбекларни, ўзбекистонликларни неонацистлар ҳаракатлари ва ҳужумларидан ҳимоя қилишдир. Бунинг учун биз алоҳида шошилинч линия очдик, эълон берамиз бу ҳақда. Москва ва Москва вилояти ҳамда Россиянинг 66 минтақасига бу хабарни юборамиз. Телефонларимиз орқали мурожаат қилишсин. Полиция ва керакли бошқа тизимларга биз чиқамиз, ҳодиса жойига вакилларимиз етиб боради. Кеча бунинг учун оператив гуруҳ тузилди. Бутун Россия бўйича скайп орқали йиғилиб турамиз. Ахир ўзбекларимизни хоҳлагани паспортини йиртади, пулини бермайди, полиция ва ФМС ёрдамида қувиб чиқаради... Биз мана шу ҳолатлардан ҳимоя қилишни мақсад қилдик,- дейди Москвадаги ўзбеклар жамияти раҳбари Иброҳим Худойбердиев.



Ўзбеклар Конгресси раҳбари бу мурожаатнома Россия Бош вазири Дмитрий Медведев ва Россия Тергов қўмитаси раҳбари Владимир Бастрикин номига юборилганини ҳам қўшимча қилди.

Жамият аъзолари охирги пайтларда Россиядаги айрим оммавий ахборот воситаларида урчиб бораётган миллатчилик руҳидаги хабар ва кўрсатувлар ҳам вазиятнинг таранглашишига “катта ҳисса” қўшаётганини таъкидлади.

Йиғилиш иштирокчилари полициянинг маҳаллий участка ходимлари билан биргаликда иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтади. Шунингдек, Россия қамоқхоналарида қолаётган ўзбекистонлик маҳбусларнинг аҳволи, туҳмат ва сохталаштирилган жиноий ишлар асосида қамалиб кетаётган меҳнат муҳожирлари масаласига ҳам тўхталди.

15 октябр куни Москванинг Шарқий Бирюлёво ҳудудида жасади аниқланган хоразмлик Ромонберди Қурбоновнинг қотилларини аниқлаш учун терговни жадаллаштириш Мурожаатномага киритилган асосий талаблардан, дея давом этади Иброҳим Худойбердиев.

- Тожиклар жамияти вакили Каромат Шарипов ва ўзимизнинг Конгресс “Нима учун полиция ва тергов идоралари вакиллари бизларни терговга яқинлаштиришмаяпти?” деган масалани ҳам кўтарди. Ҳозир Жанубий маъмурий округ билан гаплашяпмиз – бизни қабул қилишлари керак. Бугун биз “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари”, Бутунроссия озарбайжонликлар Конгресси ва Умумроссия ўзбеклар, ўзбекистонликлар Конгресси махсус матбуот анжумани ўтказдик. Полиция ва ФМС вакиллари ҳам ватандошларимизга нисбатан муносабатлари мана шунақа – уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўқ. Ҳозирги кунда Россияда энг ҳимоясиз – бу ўзбеклар бўлиб қолмоқда,- деди Россиядаги ўзбеклар жамияти президенти.

Шу ўринда, Ўзбеклар, ўзбекистонликлар умумроссия конгресси юзага келиб қолган миллатлараро муносабатлардаги оғир вазиятни фақат Миллатлараро муносабатлар вазирлиги тузилиши ҳал этилиши мумкинлигини алоҳида билдириб ўтди.

Иброҳим Худойбердиев ёрдамга муҳтож бўлган ва ирқий ёки миллий жиҳатдан камситилган, иш берувчиси ёки полиция-ФМС хизмати ходимларининг ноҳақ ҳатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган Россиядаги меҳнат муҳожирлари учун Ўзбеклар конгресси оператив гуруҳининг махсус шошилинч линияси ишга туширилганини маълум қилди:

+ 7-903-002-11-18

ёки Конгресснинг расмий сайтида кўрсатилган контактлар орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG