Линклар

logo-print

Сарлавҳага чиқарилган гапни Россиядан қўнғироқ қилган бир тингловчимиз шивирлаб айтди.

Улгурганимиз қисқагина мулоқотдан унинг Жамшид эканлигини, Москва области, Люберецкий районида ишлаётган меҳнат муҳожири эканлигини, биз билан боғланган сонияларда у Люберци шаҳридаги полиция бўлимларидан бирида турганини билиб олдик.

Тингловчимизнинг ҳикояси Россия пойтахтининг Ғарбий Бирюлёво мавзеидаги воқеалардан сўнг бошланган “зачистка” ва “ноқонуний меҳнат муҳожирларидан тозалаш” амалиётлари рус полицияси учун меҳнат муҳожирларини навбатдан ташқари шилиш учун яхши баҳона бўлганига яна бир далилдир.


Хусусан, Озодлик билан боғланган Жамшид полиция участкасида эрталаб 7 дан кундуз 1. 30 гача ушлаб турилгач, 500 рубли тортиб олиниб, озод қилинди.

- Люберецнинг участковой жойидада.

Озодлик: Нечта одам бор у ерда?

- Кўп эди. Ҳозир кўпи кетди. Қайтиб бераяпти паспортини.

Озодлик: Ҳозир нечта одам турибсизлар?

- Ҳозир саккизтача.

Озодлик: Ҳаммаси бўлиб қанча одам олиб келган?

- 100тага яқин.

Озодлик: Қачон олиб келишди?

- Эрталабдан бошлаган.

Озодлик: Уйинглардан олиб чиқиб кетдими?

- ....

Алоқа шу жойда узилиб қолди ва бир неча бор самарасиз уринишдан кейин Москва вақти билан кундуз соат 1.50 ларда Жамшид билан яна боғландик. Бу пайтда Жамшид полиция участкасидан ташқарига чиқиб турган экан.

- Ҳа, чиқдим. Ҳар куни эрталаб соат 5да ишга кетардик. Бугун қарасак, ҳаммани ушлаб кетаяпти бир чеккадан. Бошқа жойдан келганларни ушлаяпти. Русларнимас, бошқа миллатлар тожиклар, ўзбекларни бир чеккадан домнинг тагида ушлаяпти. Кейин биз кутиб турдик, улар кетса уйдан чиқамиз, деб.

Озодлик: ОМОНми ëки оддий милициями?

- ОМОН деб ëзилган эди, ОМОН, ФМС деб ëзилган эди.

Озодлик: Сизларнинг ëтоқхонангларга келишдими?

- Йўқ, пастга тушганларни олиб кетаëтган эди. Тушмадик биз уйдан. Уларнинг кетишини кутдик. Соат 7 ларда кетди улар. Кейин автобусга чиқиб кетаëтсак, йўлда бир чеккадан ушлаëтган экан ҳамма автобусдагиларни. Бизнинг автобусни ҳам тўхтатди. Автобусга чиқиб, ҳамма бизга ўхшаганларни туширди пастга.

Озодлик: Автобус шаҳар автобусими ëки махсус ишхона автобусими?

- Шаҳар автобуси.

Озодлик: Маршруткани тўхтатдими?

- Ҳа. Ҳамма маршруткаларни бир чеккадан тўхтатаëтган эди.

Озодлик: Маршруткани тўхтатиб, милициялар ичкарига қараб, ким ўрис бўлмаса тушираяптими пастга?

- Ҳаммасини бир чеккадан тушираëтган эди.

Озодлик: Сизларни қаерга олиб борди?

- Биз яшайдиган жойнинг участковой бўлинмаси бор экан. Ўша жойга олиб борди.

Озодлик: Неча соат ушлади у ерда?

- Эрталаб 7.00-7.30да борган эдик. Ҳозир қўйиб юборди, соат 2 бўлаяпти. Паспортни йиғиштириб олиб, олиб кириб кетишди. Қолган ҳамма кўчада кутди совуқда.

Озодлик: Ҳаммаси бўлиб нечта одамни олиб келди?

- 100тага яқин.

Озодлик: Олиб келинган район Москванинг қайси райони?

- Люберци райони.

Озодлик: Москва вилоятими бу?

- Москванинг сал чеккароғи.

Озодлик: Люберецкий районми?

- Ҳа.

Озодлик: Милициянинг нечанчи отделениеси?

- Эслаб қолмабман.

Озодлик: 100 кишини бир чеккадан паспортларини олиб текшириб, қайтиб ҳаммасини қўйиб юбордими?

- Ҳаммасини ҳам эмас. Келаëтганимда 5-6тасини ўша ерда қолдиришди. 10га яқинини депорт қилиб юборишди. Кўпига штраф қилишди.

Озодлик: Сиз нима билан қутулдингиз?

- Мен кирдим. Кўрди. Ҳаммаси жойида, деди. Савол-жавоб қилди. 500 берсанг кетасан, деди. 500 бердим, паспортимни берди, келавердим.

Озодлик: 500 рублни ëлғиз сўрадими ëки кўпчиликнинг ичида сўрадими?

- Битта ўзи сўради битта хонада.

Озодлик: Бердингиз кейин?

- Ҳа.

Озодлик: Бошқалардан ҳам 500 дан олдими?

- Олаëтган экан. Кўчада турганимизда кириб чиққанлардан сўрадик. Пул сўрабди экан. Кейин биз ҳам бердик.

Озодлик: Мана Москвада бугун 21 октябрь, 5та кам 2. Ҳозир қаëққа борасиз энди?

- Ҳозир ишга бораман. Кўпчилик ишидан ҳам айрилди. Начальнигига телефон қилса, кеч келдинг ëки келмадинг деб айтаяпти. Милиция ушлади деса ҳам баъзилариники тушунмайди, баъзилариники тушунди. Турганимизда кўрдикда ëнимиздагилардан, дейди Жамшид.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG