Линклар

logo-print

Россиянинг Волгоград шаҳрида йўловчи автобусда рўй берган портлашни худкуш аёл амалга оширгани айтилмоқда. Россия расмийлари берган маълумотларга кўра, олти киши ҳалок бўлган, 30дан ошиқ одам жароҳатланган.




Волгоград шаҳрида маҳаллий вақт билан тушдан кейин соат иккилар атрофида йўловчи автобус салонида рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6 кишига етганини айтмоқда расмийлар.

Воқеада жароҳатланганлар сони 30дан ошиқ экани, улардан 28 нафари госпитализация қилингани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, портлашни асли доғистонлик 30 ёшли Наида Ахиялова амалга оширгани гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Россия тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин маълум қилди.



Россия Террорчиликка қарши курашиш миллий қўмитаси матбуот вакили Дмитирий Павлов душанба куни рўй берган воқеа ҳақида буларни маълум қилди.

- Соат 14:05да Волгоград шаҳрида йўловчи автобусда номаълум портловчи мослама ҳаракатга келтирилиши оқибатида одамлар ҳалок бўлди. Россия Террорчиликка қарши курашиш миллий қўмитаси тезкор гуруҳи раҳбари воқеа жойга Федерал хавфсизлик бошқармаси, ички ишлар ва фавқулодад вазият вазирлиги ходимларини юборишни буюрди. Тезкор гуруҳ бош штаби яна портлашлар рўй беришининг олдини олишш мақсалдида, тергов гуруҳи хавфсизлик идоралари ва полиция ишини координация қилмоқда, деди Павлов.

Россия тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин ҳодиса юзасидан террорчилик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

- Россия Тергов қўмитаси портлаш факти юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг террор ҳуружи, қотиллик ва қуроллар ноқонуний айланмасига доир 205-, 105- ва 222-моддалар бўйича жиноят иши қўзғади.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг расмийси воқеа жойида яқинда Исломни қабул қилган ва таниқли исломий жангарига турмушга чиққан аёлга тегишли ҳужжатлар топилганини маълум қилди.

Тергов қўмитаси вакили Маркинннинг айтишича, гумонланувчи Наида Ахиялованинг эри Дмитрий Соколов ҳозирда Доғистонда ҳаракат қилаётган жангари гуруҳ сафида эканига оид маълумотлар бор.

Терговчилар воқеа жойида портловчи мослама қисмиларини топгани, бироқ бомба қандай материалдан ясалганини аниқлаш учун вақт талаб қилинишини айтмоқда.

Расмийларга кўра, портлаш пайтида автобусда 40 киши бўлган.

Портлаш учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олганича йўқ.

Волгоград шаҳри Россиянинг исломий жангарилар фаол бўлган Шимолий Кавказ минтақасидан бир неча юз километр шимолроқда жойлашган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG