Линклар

Суриядаги 150 нафар қозоқ жангариси ижтимоий тармоқни ларзага солди


Видео охирида 30га яқин эркак киши тунда уй олдида чордона қуриб ўтиришибди.

Видео охирида 30га яқин эркак киши тунда уй олдида чордона қуриб ўтиришибди.

Интернетдаги YouTube порталига қўйилган “Суриядаги жиҳодга йўлланган 150 қозоқ” лавҳаси марказий осиёлик интернет муштарийларининг қайноқ мунозарасига боис бўлди. Лавҳа кейинроқ порталдан олиб ташланганига қарамасдан Суриядаги қозоқ жиҳодчилар ҳақидаги баҳс якунига етмади.



Қозоқ ва рус тилидаги интервьюлардан ташкил топган ва арабча субтитрлар илинган видео 15 октябр кунидан то 21 октябрга қадар Интернетда намойиш қилинди.

21 октябр куни “Тажовузни тарғиб қилгани учун” портал маъмурияти тарафидан олиб ташланган 20 дақиқалик видеотасвирда 150 кишидан иборат мусулмон оиласининг Сурияда Башар Ассад режимига қарши жиҳодга йўл олгани акс этган.

Беш кун мобайнида видеотасвирни 9 минг киши томоша қилди.

Видео муқаддимасида етти-саккиз ëшлар чамаси 20 чоғли боланинг ҳовлида юргани акс этади.

Тасвирдаги қиз ва ўғил болалар Қуръон сураларини тиловат қилишади. Қизларнинг аксари ҳижоб ва ниқобда юргани тасвирланади.

Болалардан бири қозоқ тилида ўлан айтади:

Мана замон ўзгарди¸
От чиқарадиган кез келди.
Юракларда имон уйғонди.
Найза қонга булғанди.
Бизлар чиқдик¸ мана биз.
Мақсад қилиб армонни.


Бу ўлан айтилганидан кейин тасвирда жисмоний ҳарбий машқлар бажараëтган болалар кўринади.

“Жиҳод”¸ “Шаҳид” ва “Оллоҳ амри”

Видеода оқ либос кийган беш нафар катта ëшдаги эркак қозоқ тилида ваъз қилади:

- Биз жиҳод ниятида ҳижрат қилиб Шом ўлкасига келдик. Оллоҳ амрига кўра¸ жиҳод Исломнинг энг буюк чўққисидир. Қуръонда мужоҳидлар ва уларга бериладиган ажру-мукофотдан сўз боради¸- деганидан кейин воиз Қуръондан оятлар ўқийди.

Ана шундан кейин ола-була ҳарбий нимча кийган йигит рус тилида нутқ ирод қилади. Йигит ҳар бир мусулмон учун Оллоҳ фарз қилган жиҳоднинг муҳимлигини гапиради.

Икки қаватли оқ бино олдида бир-бирлари билан қучоқлашиб кўришаëтган серсоқол ва қуролланган эркаклар ҳам видеотасвирда акс этади.

Араб тилидаги субтитрларда Сайфиддин ал-Қозоқ дея исми келтирилган одамга нисбат берилган¸ "жиҳод бу фарздир", деган жумла келтирилади.

Кейинги тасвирда эса “Биродарларни жаннатга чорлаган” серсоқол эркак сўз олади.

Барча сўз олганлар “Оллоҳ йўлида шаҳид бўлишга“ ваъда беришади.

Видео охирида 30га яқин эркак киши тунда уй олдида чордона қуриб ўтиришибди. Улардан бири қўлидаги Калашников автоматини кўтариб гапиради:

- Алҳамдулиллоҳ. Бундай қурол билан араб биродарларимизни ҳимоя қила оламиз¸- дейди видеотасвир қаҳрамони.

Видеода шаҳарни вайрон қилаëтган бомба ҳужумлари тасвири ҳам мавжуд.

Озодлик видеотасвирда акс этганларнинг шахсини аниқлай олмади.

Маълумотларга кўра¸ Сурияда Марказий Осиëдан борган жангариларнинг гуруҳлари мавжуд.

Озодлик мухбири тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Сурияда ўзбек жангариларнинг камида 50 кишилик гуруҳи “Жабҳат Ан-Нусра” гуруҳи сафида Ассад режимига қарши курашмоқда.

“Жабҳат Ан-Нусра” гуруҳида жанг қилган наманганлик бир йигитнинг Сурияда оëғидан яраланиб Туркиядаги касалхонада даволанаëтгани ҳақида Озодлик мухбирида маълумот мавжуд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG