Линклар

Самарқанд вилоятида жойлашган "Ингичка" вольфрам конида ишлаган 92 ногирон 5 йилдан буён нафақасини ололмаётганидан арз қилди. "Ингичка" кони очиқ акциядорлик жамияти эса ногиронларнинг йиғилиб қолган 600 миллион сўмлик нафақаси тугул, ишчиларига маош бера олмаётганини тан олди. Бу кон вольфрам сифати ва заҳиралари катталиги бўйича МДҲдаги ягона кон ҳисобланади.


Самарқанд вилоятининг Катта қўрғон туманидаги Шахтёрлар посёлкаси ҳудудида жойлашган «Ингичка» вольфрам кони қарамоғида қолаётган 92 ногирон 5 йилдан буён товон пулини ололмаётганидан арз қилди.

Ушбу корхонада 11 йил йил ишлаган ва 1993 йил декабр ойида иш жойида олган жароҳати ортидан тўшакка михланган 51 ёшли ногирон Бердиёр Мўминов 40 миллион сўмдан ортиқ нафақасини ололмаган.

- 1996 йили шахтанинг иши тўхтатди. «Ингичка» корхонаси бизга ойма-ой товон пули бериши керак. Ўша пулни 5 йилдан бери ололмаяпмиз. Ногиронлардан корхона қарздорлиги 500 миллиондан ошиб кетган, билишимча. Битта мендан қарзи 40 миллиондан ошиқ. Ҳозир мен ойига 1 миллион 470 минг сўм товон пули олишим керак. Қўлимда қоғоз бору, пул йўқ, - деди Бердиёр Мўминов.

У ўзи каби ногиронларнинг 70 нафардан ортиғини билиши ва улар орасида унинг каби тўшакка михланганлар ўнлаб эканини айтди.

- Ҳаммаси менга ўхшаб шахтада ишлаган. Тош босиб қолган, бошқа бўлган – шунақа қилиб, ногирон бўлиб қолган-да. Қаёққа борсак, шу корхонага қайтараяпти. Корхонанинг ўзи эса номига ишлаяпти, шахталар ёпилиб кетган. Шунақа қилиб, аҳволимиз жуда оғир, - деди кончи.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида жойлашган «Ингичка» вольфрам кони заҳиралари катталиги ва рудаси сифати бўйича МДҲ ҳудудидаги ягона кон ҳисобланади.

Расмий манбалардаги бу кон 1941 йилда ишга туширилгани айтилган.

"Ингичка" кони бошқа конларга нисбатан чуқурроқ — 400-500 метр чуқурликда жойлашгани учун мустақиллик йилларида қазиб олиш ишлари қийинлашди ва қимматлашди ҳам.

Бунинг устига дунё бозорларида вольфрам нархи тушиши ортидан 1996 йилга келиб "Ингичка" кони шахталарини музлатиб қўйишга қарор қилинди.

Ушбу коннинг сўнгги 5 йилдан буён ойлик маошсиз ишлаётган мутасаддиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ҳозир корхона хорижий инвесторларни кутаётганини айтди.

"Президент Каримов 2011 йилда Кореяга борганда шартнома имзолаган эди, корейс инвесторлари келадиган бўлган эди. Ўтган йили корейслар келиб шахталаримизни кўриб кетди ва "2013 майдан иш бошлаймиз", дейишган эди. Лекин келишмади. Ҳайрон бўлиб ўтирибмиз", деди "Ингичка" вольфрам конининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

Ногиронлари сони 92 нафар эканини эътироф этар экан, бу мулозим корхона ногиронлар нафақасини тўлаш нари турсин, ишчиларга ойлик бериш қурбига эга эмаслигидан нолиди.

"Аслида 2003 йилдан кейин бу ногиронларга пул Молия вазирлигидан ажратилаётган эди, бюджетдан. Ҳар йили Молия вазирлиги бир қарор чиқарарди ва шу қарор билан йиллик пенсия давлат бюджетидан берилаётган эди. Лекин 2009 йилга келиб бу ҳам тўхтади. Шундан кейин 5 йиллиги сақланиб, бу йилга келиб 600 миллион сўмга етди. Лекин бизни ташкилот тўлаш қобилиятига эга эмас, опажон", деди корхона мутасаддиси мухбир билан ўзаро суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, 1996 йилда шахталар музлатилгач, иши тўхтаб қолган "Ингичка" кони очиқ акциядорлик жамиятидан ҳақдорлар корхонани судга берган.

"Суд кейин бизни ишлаб турган машиналаримиз сотувга чиқарди. Сотилгани сотилди, қолгани Самарқанд вилоят биржасида сотувда турибди. Хуллас, аҳволимиз оғир. Ногиронлар келади, энди уларга биздан ҳам оғир. Иш жойида ногирон бўлиб қолган. Баъзилари тўшакда. Опажон, шу ногиронларга пенсиясини олиб беришда кўмаклашсангиз, яхши бўларди", деди мутасадди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Исмини ошкор қилмаётганимиз бу мутасаддининг сўзларига кўра, корхонанинг барча ходимлари беш йилдан буён ойликсиз ишламоқда ва интиқлик билан хорижлик сармоядорни кутмоқда.

"Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан ҳамкорликда иш сметалари ишлаб чиқилган. 2013 йил майида корейс ширкати билан иш бошлаш бўйича ҳужжатлар имзоланиши айтилган эди. Президент Каримов 2012 йил Кореяга борганида шу ҳақда шартнома имзоланган эдида. Лекин корейслар ҳали ҳам келмади. Шулар келса, яна ишли бўлиб қолармиз, деб кутаяпмиз", деди мутасаддиси.

Расмий манбаларда Жанубий Кореянинг KU Energy Holdings ширкати билан Ўзбекистон Геология ва минерал заҳиралар қўмитаси ўртасида 2012 йилнинг сентябр ойида "Ингичка" кони ишини тиклаш тўғрисидаги шартнома имзолангани хабар қилинган эди.

2013 йилнинг биринчи ярмидан бошлаб амалга оширилиши кутилган бу шартнома шартларининг бажариш Корея ширкати томонидан нега кечиктирилаётгани эса қоронғу қолмоқда.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, бунинг ортидан Ўзбекистон ҳукумати "Ингичка" кони ишини қайта тиклаш масаласини 2014 йилнинг биринчи чорагида кўриб чиқишга қарор қилган.

РИА Новости агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматидаги ўз манбасига таяниб хабар қилишича, ҳукумат 500 метр чуқурликдаги шахталар ишини қайта тиклашдан олдин қарийб 70 йил руда қазиб олинган кондаги мавжуд заҳира миқдорини аниқлаш ниятида.

Икки босқичга бўлинган ҳукумат лойиҳасининг биринчи қисми умумий қиймати 50 миллион долларга баҳоланган.

Бунда йилига камида 300 минг тонна руда қазиб олиниши мумкин бўлган шахталарни аниқлаш ва қайта очиш кўзда тутилган.

Биринчи босқич натижасига боғлиқ бўлган иккинчи босқичда эса соф вольфрам металини ишлаб чиқариши мумкин бўлган янги завод қуриш режаси бор.

Аслида «Ингичка» конидан олинадиган рудани қайта ишловчи ва бир йилда 2 минг тонна вольфрам ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Чирчиқдаги қийин эрийдиган ва иссиққа чидамли металларни ишлаб чиқарувчи комбинат иши ҳам деярли тўхтаб қолган.

Шунга қарамай янги завод қуриш ва кон ишини қайта тиклашни кўзлаётган Ўзбекистон ҳукумати маблағни хорижлик инвесторлардан ундиришни режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG