Линклар

“Уральские авиалинии” ширкатининг Красноярскдан Наманганга учган самолёти бортида безорилик қилган ўзбекистонлик йўловчини экипаж аъзолари милицияга бериб юборишга мажбур бўлишди.


Россиянинг “Уральские авиалинии” ширкати матбуот вакили Сергей Антонов Озодлик билан суҳбатда U6-2863 Красноярск-Наманган рейси бўйича учадиган самолётда 16 октябрь куни рўй берган ҳодиса ҳақида буларни билдирди.

- Экипаж аъзолари ўзбошимчалик билан бизнес-класс салонига ўтиб олган ўзбек фуқаросини жойига қайтиришга уринганида йўловчи уларга нисбатан ҳар хил беадаб сўзлар билан қўполлик қилган, экипаж аъзоларининг миллатини камситувчи гапларни айтган. Самолёт манзилига етиб келиши билан тартиббузар Ўзбекистон милиция ходимлари қўлига топширилди,- дейди Сергей Антонов.

Наманган аэропортида безорини ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вакиллари кутиб олишган.

Наманган аэропортининг милиция бўлими ходимларидан бири тартиббузар йўловчи андижонлик Қаюмжон Қодиров исмли шахс бўлгани ва энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдорида жаримага тортилганини айтди.

- 2863 рейсида жанжал кўтарган шахс Қодиров Қаюмжон, Андижон вилояти, Андижон шаҳридан. Стюардесса билан нимадандир норози бўлиб, сўкишган экан, уришган экан. Лекин, нимадан норози бўлгани номаълум. Чунки тузилган актларни судга чиқариб юборишибди. Суд уни 274590 сўм, яъни уч минимал ойлик миқдорида жаримага тортиш ҳақида ҳукм чиқарди,- дейди Наманган аэропортининг милиция бўлими ходими.

Россия ва Ўзбекистон шаҳарлари орасида қатнайдиган учқичиларда йўловчилар стюардессаларга пора бериб, бизнес-класс салонидаги бўш ўриндиқларга ўтиб олишлари одатий ҳолга айланиб кетгани айтилади.

Россияда ишлайдиган ўзбекистонлик Ихтиёр бундай ҳолатлар, айниқса, кичкина авиаширкатлар учқичларида кўп учрашини айтади.

- Бизнес-класс чипталари нархи эконом класс чипталариникига қараганда икки баравар, баъзида уч баравар қиммат бўлади. Айрим йўловчилар бизнес-классда бўш ўрин бўлса, стюардесса билан қулоқлашиб, ўтиб олади,- дейди Ихтиёр.

Лекин, “Уральские авиалинии” матбуот вакили Сергей Антонов бу иддаони кескин рад этди.

- Йўловчи чиптада белгиланган ўриндиқда ўтириши керак. Қабул қилинган меъёрлар бор ва ҳар бир йўловчи самолёт бортида шу тартиб интизом қоидаларига бўй суниши керак,- дейди Антонов.

Ўзбекистонлик йўловчилар самолётда жанжал кўтариши биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

Шу йил бошида Москва-Самарқанд йўналишида парвоз қилган самолёт бортида маст ҳолда шовқин кўтариб, “Багаждаги сумкамда бомба бор” дея таҳдид қилган Алишер Қурбонов исмли шахс 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Россияда икки йил ишлаб, Москва-Самарқанд йўналишида уйига қайтаётган пайт Қурбонов самолётда маст ҳолатда тўполон қилган, учувчилар хонасига кирмоқчи бўлган. Экипаж аъзолари бунга йўл қўймагач, багажга топширилган сумкасида бомба жойлаштирилгани ва уни ҳозироқ ишга туширишини айтиб, таҳдид қилган эди.

Самолёт Самарқанд аэропортига қўниши билан Алишер Қурбонов ҳуқуқ идоралари ходимлари томонидан қўлга олинганди.

Судда ўзига келган йўловчи учувчи ва йўловчиларни шунчаки қўрқитмоқчи бўлганини тан олган.

“Уральские авиалинии” матбуот вакили Сергей Антонов бу каби холатлар бошқа такрорланмаслиги учун U6-2863 Красноярск-Наманган рейси экипаж аъзолари тартиббузар йўловчини милицияга бериб, тўғри иш қилишганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG