Линклар

logo-print

22 октябрга ўтар кечаси номаълум кимсалар Волгограддаги мусулмонлар ибодат- хонасини ёқиб юборишга уринди. Петербургда муҳожирларга қарши қаратилган “Русская зачистка”лар ташаббусчиси, миллатчи Николай Бондарик Қурбон ҳайити куни мусулмонларга қарши провокацияларни уюштирганликда айбланиб ҳибс этилди. Терговчилар уни мусулмон ва меҳнат муҳожирларига қарши оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришга уринганликда гумонламоқда. Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам мусулмонларга қарши иғволар уюштирилмоқда.


22 октябрга ўтар кечаси номаълум кимсалар Волгограддаги мусулмонлар ибодат- хонасини ёқиб юборишга уринди. Петербургда муҳожирларга қарши қаратилган “Русская зачистка”лар ташаббусчиси, миллатчи Николай Бондарик Қурбон ҳайити куни мусулмонларга қарши провокацияларни уюштирганликда айбланиб ҳибс этилди. Терговчилар уни мусулмон ва меҳнат муҳожирларига қарши оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришга уринганликда гумонламоқда. Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам мусулмонларга қарши иғволар уюштирилмоқда.

Сенатор Добринин мигрантлар ҳимоясига чиқди

Россия Федерацияси Кенгашининг конституциявий, ҳуқуқий, суд ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари бўйича қўмитаси ўринбосари Константин Добринин Россия Ички ишлар вазирлигига мамлакатда кенг қулоч ёяётган ултрамиллатчилар ташкилотларини қатъий назорат остига олишни сўраб расмий сўровнома юборди.

Россия парламентининг юқори палатаси матбуот маркази тарқатган хабарга кўра, бу мурожаатнома Россияда яшаётган мигрантлар ва миллий озчилик вакилларига нисбатан қилинаётган жиноятлар олдини олиш учун юборилган.

Унда депутат Добринин ўтган ҳафта Москвада Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларининг вахшийларча ўлдирилиши радикал миллатчиларнинг “қасос акти” ўлароқ баҳоланиши кераклинини айтди.

- Гап шундаки, жиноий қонунчиликнинг мигрант ёки мигрант бўлмаган шахснинг ўлдирилишига муносабати бир хилда бўлиши шарт. Давлат бунга қаттиқ ва кескин жавоб бериши керак. Худо кўрсатмасин, агарда миллатчилар ҳаракатларига ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органлари уларни қўллаб-қувватланаётгани туюлиб қолса, биз миллатлараро жиноятлар тўлқини остида кўмилиб қоламиз, деди сенатор Добринин.

Константин Добринин содир этилган жиноятни конкрет миллат вакилларига ёймасликка ва ҳуқуқ-тартибот идораларини барча инсонларнинг ҳуқуқларини бир хилда ҳимоя қилишга даъват этди.

Волгоградда мусулмонлар ибодатхонасига ҳужум уюштирилди

Айни пайтда, Россиянинг турли минталақарида одамларнинг нафақат миллий қиёфаси, балки диний мотивлар асосида қилинаётган ҳужумлар сони кўпайгани кузатилмоқда.

22 октябрга ўтар кечаси номаълум қолаётган шахслар Волгограднинг Лавровая кўчаси 16 уйда жойлашган мусулмонларнинг расман рўйхатга олинмаган масжидини ёқиб юбормоқчи бўлди.

Масжид имоми Рустам Ҳазрат шу ибодатхонада 8 нафар фарзанди билан яшашини журналистларга гапириб берди.

- Биз рафиқам ва 8 нафар фарзандим билан бу ерда доимий яшаймиз. Кечаси ухлаб ётган эдик, соат 3:30 ларда кескин товуш эшитилди. Нима бўлганини англай олмай қолдик – шамолмикин, деб. Шунда бадбўй хид тарқалди. Хотиним болохонадан “Ёняпмиз!”, деб бақириб қолди. Келсам – иккита дераза ойнаси синган, гилам ёняпти, дейди ўз кучи билан оловни ўчирганини айтган масжид имоми.

Кузатувчилар бу ҳужум кеча куни Волгоградда худкуш аёл ўзини рейс автобусида портлатишига маҳаллий миллатчи-тақирбошларнинг жавоби эканини тахмин қилмоқда.

Петербургдаги миллатчилар раҳбари иғвогарликда айбланмоқда

Петербургда 15 октябр куни нишонланган Қурбон байрамида миллатчилар қатор провокацияларга тайёргарлик кўрилгани маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фош этилгани айтилмоқда.

Маҳаллий терговчилар тахминларига кўра, маҳаллий миллатчилар етакчиси 47 ёшли Николай Бондарик 16 ёшли петербурглик Федор Пименовга ўз елкасини пичоқ билан кесиб, Горковская метро бекати олдида унга гўё кавказлик ёки марказий осиёлик муҳожирлар пичоқ билан жароҳат етказганлигини овоза қилишни буюрган.

Николай Бондарик Питернинг Просвешчения проспектидаги асосан мусулмон муҳожирлар қатнайдиган ошхонага кириб, жанжал кўтаришни ташкиллаштирганликда гумонланмоқда.

“Бондарик ижтимоий тармоқ орқали мигрантларга қарши акцияда иштирок этишни таклиф этаётганини кўриб қолдим ва жавоб бердим”, дейди 25 ёшига келиб аллақачон судланишга улгурган Василий Баранов.

- Учрашдик, у менга нима қилишни тушунтирди ва бу амал учун менга 20 минг рубл беришни ваъда қилди, дейди Василий Баранов.

Баранов кафега кириб жанжаллашиб чиққанидан кейин, кўчага югуриб чиққан ва уни ёллаган миллатчилар олдига яқинлашганида, улар унинг қорнига травматик пистолетдан ўқ узган.

Бондарик ва унинг сафдошлари режасига кўра, бу ҳужумлар ортида Қурбон байрамини нишонлаётган мусулмонлар туриши керак бўлган.

Иғвогарлар жароҳат олишга улгурмасдан, Николай Бондарикнинг “ВКонтактеда”ги саҳифасида “мусулмонлардан жабрланган рус йигитлари”нинг жароҳатлари тасвирланган фото ва хабарлар осилди, деярли барча йирик ахборот воситалари Николай Бондарикдан бу ҳодисалар батафсил ёритилган маълумотларни олди.

Санкт-Петербург бўйича полиция бошқармаси раҳбари Сергей Умнов айнан Бондарикнинг шошқолоқлиги унга панд берганини гапирди журналистлар олдида қилган чиқишида.

- Бу миллатчилар томонидан халқни муҳожирларга қарши кўтаришга қаратилган аниқ уюштирилган акция, эътибор беринг – Бирюлёводан кейинги вазиятдан фойдаланмоқчи бўлган булар, деди Петербургнинг бош полициячиси Сергей Умнов.

“Жабрланган” Василий Баранов кўрсатмаларига асосан, Николай Бондарик ва унинг бошқа касбдошлари ҳибсга олинди. Ўз айбини тан олмаётган ва бу йигитларни умуман танимаслигини гапирган Бондарик Россия Жиноят Кодексининг 282 – миллатлараро низони келтириб чиқариш моддаси асосида жавобгарликка тортилди.

Қўшимча қилиш жойизки, 20 октябр куни Петербург миллатчилари “Қурбон байрамига бизнинг жавобимиз!” шиори остида навбатдаги “рус зачисткасини” ўтказиш ва “шаҳарни ўзларига қайтариб олиш” акциясига тайёргарлик кўраётган эди. Ҳозирча маҳаллий суд “Русская зачистка” миллатчилар акциялари ташаббусчиси Николай Бондарикни икки ойлик қамоққа ташлади.

Тергов ишлари давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG