Линклар

logo-print

Ҳукумат 40 центнерчи фермерга бенавбат машина сотмоқчи


Низомда белгилаб қўйилишича, илғор фермерлар намунавий уйлардан бирини ҳам бенавбат сотиб олиши мумкин.

Низомда белгилаб қўйилишича, илғор фермерлар намунавий уйлардан бирини ҳам бенавбат сотиб олиши мумкин.

21 октябрь куни Ўзбекистонда “Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом” кучга кирди.


Ҳужжатда белгилаб қўйилишича, камида 20 гектар майдонда пахта экиб, гектаридан камида 40 центнердан ҳосил олган фермерлар илғор фермер ҳисобланади ва уларга Женерал Моторс - Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган машиналардан бирини бенавбат сотиб олиш ҳамда бенавбат намунавий уй сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалик вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирликлари ҳамкорликда қабул қилган Низом талаблари даражасида Ўзбекистонда пахта етиштириш мумкинми?

Бу савол жавобини топиш учун олимга мурожаат қилдик.

“КазАгроИнновация” акционерлик жамияти илмий ходими, пахташунос Амандик Кастаковдан олинган маълумотларга қараганда, сўнгги 10 йилликда Марказий Осиё мамлакатларида пахтадан олинган ҳосилнинг ўртача кўрсаткичи бундай бўлган:

Ўзбекистонда 24,4 ц/га
Қозоғистонда 23,2 ц/га
Туркманистонда 13,0 ц/га
Тожикистонда 15,3 ц/га

Кўриниб турибдики, пахта ҳосилдорлиги билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда қўшнилариникига нисбатан яхшироқ. Олимнинг айтишича, колхозлар тарқатилгунича, бу мамлакатдаги вазият янада яхши бўлган.

- Ҳозир Ўзбекистонда пахта ҳосилдорлиги тушиб кетган. Колхоз-совхозлар даврида пахта етиштиришни ташкил қилиш енгилроқ кечар эди, эндиликда эса, фермерлар ўз ҳолича ишламоқда, деди пахташунос олим Амандик Кастаков.

Олимнинг фикрича, гектаридан 40 центнердан ҳосил олиш мумкин, "лекин бундай ҳосилни фақат алмашлаб экиладиган майдонларда, одатда бедадан кейин чигит экилган майдонда олса бўлади, қаторасига ҳар йили пахта экиладиган далаларда ҳосил катта меҳнат эвазига 30 центнердан ортмайди".

Наманган вилояти, Мингбулоқ туманида яшовчи Мухторали қишлоқ хўжалиги мутахассиси. Айтишича, у кейинги йилларда ўзи яшаб турган ҳудудда бирон бир фермернинг гектаридан 40 центнердан ҳосил олганини эшитган эмас.

- Ўртача 20 центнердан олишаяпти бизнинг жойларда, деди Мухторали.

Агар Мухторали ва бошқалар “ҳар икки фермердан бири 40 центнердан ҳосил олаяпти”, дейдиган шароит бўлганида эди, ўрганаётганимиз “Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом”ни қабул қилишга ҳам ҳожат бўлмас эди.

Демак, 40 центнерчилар жуда оз ва ҳукумат уларни кўпайтирмоқчи.

Кўпайтириш учун ҳукумат фермерларни намунавий уйларни бенавбат сотиб олиш билан қизиқтирмоқчи.

Лекин ўтказганимиз мухтасар сўровдан намунавий уйларга ҳеч ким навбатга ҳам тургани йўқлиги маълум бўлди.

Мухторали ўзи яшайдиган Мингбулоқда қурилаётган намунавий уйлар тўғрисида гапирар экан, "пули борлар олаяпти, биров навбатда турганини эшитганим йўқ", деди.

Ўзини Ҳамроқул, деб таништирган врачнинг айтишича, у яшайдиган Каттақўрғон шаҳрида (Самарқанд вилояти) ҳам “7-8 та намунавий уй қурилган”.

- Ўша уйларга аҳолида қизиқиш бўлдими?

- Йўқ, йўқ, ҳатто бизнинг бир врачимизни ишга олиш шарти сифатида ўша уйлардан бирини олишга мажбур қилишган, деди каттақўрғонлик врач.


Қувасойлик (Фарғона вилояти) паррандачи фермер Улуғбекнинг саволимизга жавоби бундай бўлди:

- Қувасойда ҳам намунавий уйлар қурилаяптими?

- Ҳа, йўлнинг бўйида қуриляпти 30 – 40та.

- Бемалолми сотиб олиш?

- Бемалол, ака, ахтариб ҳам юришибдию ким олади, деб.

Исмини айтмаслигимизни сўраган қоракўллик (Бухоро вилояти) фермер намунавий уйларга оид саволимизга бундай жавоб берди:

- Биздан 10-12 километр узоқликда, райцентрда қурилаяпти, биздан битта фермер олди, мажбурлашгани, бўйнига қўйишгани учун олди, деди қоракўллик фермер.

Мана шундай шароитда, ҳукумат намунавий уйлардан бирини илғор фермерга бенавбат сотмоқчи.

Низомда белгилаб қўйилишича, камида 20 гектар майдонда пахта экиб, гектаридан камида 40 центнердан ҳосил олган фермерларга Женерал Моторс - Ўзбекистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган машиналардан бирини бенавбат сотиб олиш ҳуқуқи ҳам берилади.

Лекин бу – фермер автосалонга борадию пулини тўлаб машинани миниб кетаверади, дегани эмас.

Низом талабларига кўра, бу иш учун камида 1 ой кетади.

Айни пайтда Женерал Моторс - Ўзбекистон қўшма корхонасининг Россиядаги дилерларидан куни кеча олинган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашиналарнинг бу мамлакатдаги бозори касодга учраган ва автосалонлар нархларни 20 фоизгача арзонлатишга мажбур бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG