Линклар

logo-print

Урганчда пахта теришга мажбурланган 16 яшар бола ётоқда ўлиб қолди


Коллеж ўқувчилари, одатан шундай ётоқларда сақланмоқда. Бу сурат Жиззах вилоятидан WhatsApp орқали Озодликка йўлланган.

Коллеж ўқувчилари, одатан шундай ётоқларда сақланмоқда. Бу сурат Жиззах вилоятидан WhatsApp орқали Озодликка йўлланган.

Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида пахта тераётган 16 яшар Эркабой Йўлдошев ётоқда кутилмаганда вафот этди. Ўқитувчилари Урганч Саноат касб-ҳунар коллежи 1-курсида ўқиган болакай ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини айтмоқда.



Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Ғалаба қишлоғига пахта теримига чиқарилган 16 яшар Йўлдошев Эркабой Шуҳратович ётоқда кутилмаганда ўлиб қолди.

Озодликнинг шу тумандаги манбаси берган маълумотга кўра, Урганч Саноат касб-ҳунар коллежининг 1-курси ўқувчиси 21 октябрь куни пахта териб қайтгач, оқшом соат 10ларда жон берган.

Ушбу коллежнинг Ҳайват маҳалласига жойлаштирилган 40 ўқувчиси ҳаётига масъул ўқитувчилардан бири Озодлик мухбирига болакай юрак хуружидан вафот этганини айтди.

“Куни билан бошқа болалар 6 килодан пахта терса, бу 20 кило пахта терган. Ётоққа келган. Отбой берилган. Ҳаммаси дам олиш уйқуга ëтадику. Ухлаб ëтган ерида хир-хир қилиб бошлаган у дам етишмасдан. Касаллик бўладику, тутқаноқ касали бўладику. Точно шундай бўлиб бошлаган. Сразу домласи, милицияси “ҳаво етишмай турибди” деб коридорга чиқаришган талабалар. Тез ëрдамда келгунча жони узилган. Шу юраги тўхтаб қолди, дедику дўхтирлар”, деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган ва исмини ошкор қилмаётганимиз ўқитувчи.

Ўқитувчининг айтишича, болакайнинг ўлими 21 октябрь куни оқшом соат 10ларда қайд этилгач, милиция ҳамда шифокорлар жасадни олиб кетган.

Урганч тумани Ички ишлар бўлимининг ҳодисани тасдиқлаган навбатчиси ўлим сабаблари қоронғу экани, ҳозир ҳодиса юзасидан тергов бораётганини айтди.

Озодлик Эркабойнинг Урганч тумани Наврўз шаҳарчасида истиқомат қилаётган оиласи билан боғланишга муваффақ бўлди.

Эркабойнинг 35 яшар онаси Дилфуза Жуманиёзова пахтага соппа-соғ юборилган боласининг ўлими сабаблари унга қоронғу қолаётганини айтди.

- Мен билмайман нима бўлганини. Ўқитувчиларидан сўранг! Оқшом соат10да ўлган болани тонгда соат 5да келиб: “Болангнинг жони узилди. Ўликхонада”, деб қочиб кетди. Шу кетганича биттаси ҳам келмади. Менинг болам жон берганда нима учун мени чақиртиришмайди? Нима учун ичини ëргандан кейин хабар беради булар? Нима учун боламни бундай қилишди? Мен жанжал қиламан. Мен энди қиламан жанжални, - деди уввос солиб йиғлаган Дилфуза Жуманиёзова.

Фарзанд доғида куяётган келини гапига қўшилган Эркабойнинг кекса бувиси набирасининг жасади аввалига яқинларидан яширилганини айтди.

- Менга қаранг ёшулли, мен унинг ўлганини айтиб турганим йўқ. Kасал бўлса, нима учун онасини чақиришмади? Нима учун соат 5да келиб буларга айтгандан кейин тоғаси билан дадаси касалхонама-касалхона юрди? “Сизларнинг болангиз фалон ерда моргда ëтибди” демасдан машинага миниб қочиб кетганлар. Коллежнинг директори, ўринбосари бордир. “Опа, болангиз шундай бўлди, кечиринг бизни. Бизлар билмадик”, деб нима учун биттаси ҳам келмади? – деди Эркабойнинг кутилмаганда ўлиб қолганидан куйган кекса бувиси.

Ҳайват маҳалласида ётоқда қолиб пахта тераётган 15-16 ёшдан 17-18 ёшгача бўлган ўқувчиларини пахта теримига мажбурий сафарбар қилган Урганч Саноат касб-ҳунар коллежи директори Собиржон Машарипов ҳодиса юзасидан Озодликка изоҳ беришдан бош тортди.

Аммо, ушбу коллежнинг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган ва исмини ошкор қилмаётганимиз бошқа мутасаддиси Эркабой Йўлдошевнинг ота-онаси билан коллеж раҳбарияти ўртасида имзоланган шартномани рўкач қилиб, бола ўлими учун масъулиятни коллеж раҳбарияти зиммасидан соқит қилишга уринди.

“Бола ўқишга кирганда Оила Кодексидаги моддалар ёзилган, “Касб-ҳунар таълими олиш қуйидаги вазифаларни тўлиқ бажараман”, дейилган 7 та пунктдан иборат шартнома имзоланган. Қишлоқ хўжалиги ишлари ҳам бор ичида. Шуни ўзи, ота-онаси имзолаган, бизда турибди шу ҳужжат”, деди коллежнинг исмини ошкор этмаётганимиз мутасаддиси.

Урганч туман ҳокимининг Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари ва республика бўйлаб ташкил этилган пахта штабининг ушбу тумандаги мутасаддиси Равшан Сапаев ҳам пахта теримига мажбурий сафарбар қилинган вояга етмаган Эркабой Йўлдошев ўлими юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

- Телефонда мен сизга ҳеч қандай изоҳ бермайман, - деди Равшан Сапаев.

Урганчлик 16 яшар Эркабой Йўлдошев 2013 йилги пахта терими мавсумининг Озодликка маълум бўлган 9 қурбонидир.

Бунга қадар Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Жўлим жамоасидаги “Каримов Сафарбой” фермер хўжалиги раҳбари Сафарбой Каримов пахта режасини бажариш бўйича ҳокимият босимига чидолмай, 17 октябрь куни пахтазорда ўзини осди.

Наманган вилояти Чуст туманида 14 октябрь куни маҳаллий соат 16. 30 ларда пахтадан қайтаётган 21 яшар Зилола автоҳалокат қурбони бўлган эди.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган ўқувчи Малика Ембергенова ётоқда ўзини осиб қўйгани тўғрисида 7 октябрь куни хабар берган эдик.

30 сентябрь куни Наманган Давлат университетининг 4-курс талабаси Нуриддин Холдоровни курсдоши уриб ўлдириб қўйган эди.

Ўтган ойда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги фермер Абдуғани Жумабоевнинг 20 яшар келини (исм-фамилияси ҳозирча номаълум - Таҳр.) пахтазорда вафот этди. Бу аёлнинг ўлими сабаблари ҳам номаълум қолмоқда.

15 сентябрь куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига ташланган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси 16 сентябрь куни шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябрь куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2-босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG