Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:29

Чирчиқ милицияси йўқолган 5 ёшли болани қидирмоқда


Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси йўқолган болани кўрган-билганлардан маълумот беришни сўрамоқда, йирик миқдорда суюнчи пули ҳам ваъда қилмоқда.

Боланинг йўқолиб қолганига бир ҳафтадан ошди, ҳамон дараги чиққани йўқ, дейди Озодлик билан суҳбатда Шохрузнинг холаси Шаҳло опа.

- Олти кун бўлиб қолди, бугун еттинчи кун, тополмаяпмиз. Эшигимизни ёнидаги плошадкада ўйнаб юрган боламиз йўқолиб қолди. Эшигимизни олдида детский плошадка бор, 16 октябр куни ўша ерда ўйнаётганди. Опам, яъни болани онаси соат тўртларда уни овқатга чақирганида йўқ, ҳеч қаерда йўқ. Шу билан тополмаяпмиз, - дейди Шаҳло опа.

Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ўз исмини айтмаган расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда болани қидириш ишлари давом этаётганини билдирди.

"Эгнида жинси костюм, оёғида сариқ туфли. Сочи қисқа қирқилган. Беш ёш бўлишига қарамай, кўринишидан анча кичик. Фақат ўзбекча гапиради. Болани кўрганлар +998917764744 ёки +998707126931 номерига қўнғироқ қилишларини сўраймиз", - дейилган қидирув эълонида.

Айни пайтда чирчиқликлар орасида Шохрузни бола ўғрилари олиб кетган, деган гап-сўзлар ҳам тарқалган.

Интернетдаги “Chirchiknews” нашри журналисти Людмила Павлованинг Озодликка айтишича, беш ёшли боланинг йўқолиб қолгани ҳақидаги хабар бутун шаҳар аҳлини жунбушга солган.

- Кимдир ота-онаси айбдор, қарамаган дейди. Бошқалар эса болани ўғирлаб кетишган, деган гумонда. Лекин, мен журналист сифатида аниқ фактга эга бўлмай туриб, уни ўғирлаб кетишган дея олмайман. Ота-оналар ҳам ўз фарзандларига беэътибор бўлмаслиги керак-да, - дейди чирчиқлик журналист.

Бу Чирчиқда бола йўқолиши билан боғлиқ ягона ҳодиса эмас. Людмила Павлованинг айтишича, йўқолиб қолган бола топилгани холати ҳам бўлган.

- Бир неча ой илгари шунга ўхшаш ходиса бўлганди. Лекин адашиб дўконга кетиб қолган қизчани икки кун ичида топишганди, - дейди Людмила.

Шу йилнинг июл ойида Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида икки ёшли Сўғдиёна Салимова исмли қизча ҳам йўқолиб қолган эди.

Ўшандан буён уч ой ўтди, йўқолган Сўғдиёна ҳали ҳам топилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG