Линклар

Ҳуқуқ фаоли Икромов ЕХҲТ анжуманига боролмади


Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Туркияда ўтказилажак ЕХҲТ анжуманига учиб кета олмади.

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг ўзи маълум қилди.

Бугун эрталаб Истанбулга учиш учун Тошкент аэропортига борган Икромовга кўра, унинг Туркия сафари қолдирилишига ўзбек чегарачиларининг эътирози сабаб бўлган – чегарачилар бунга ҳуқуқ фаолининг паспортида чиқиш визаси йўқлигини важ ўлароқ келтирганлар.

- Чегарачилар: “Ҳозир қўлингизда электрон билет бор. Сиз билетни олишингиз мумкин, божхонадан ўтишингиз мумкин. Бизга келганингиздан кейин эса биз сизга мажбурий жарима соламиз”, дейишди. Негаки мен “қонунга хилоф равишда” чегарадан ўтмоқчи бўлган эмишман. Шунинг учун мен орқага қайтдим, уйга келди, - дейди Суръат Икромов.

Тошкентлик ҳуқуқ фаолига кўра, унинг чиқиш визаси муддати шу йилнинг июн ойида тугаган. Виза муддатини чўздириш учун ОВИРга борганида унга паспортини биометрик паспортга алмаштириши лозимлигини айтишган. Шундан сўнг Суръат Икромов биометрик паспорт олган ва чиқиш визасини олиш учун 4 октябр куни Тошкент шаҳар Олмазор туман ички ишлар бўлимининг Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилган. “Аммо орадан қарийб 20 кун ўтган бўлса-да, ҳалигача чиқиш визасидан дарак йўқ”, дейди ҳуқуқ фаоли.

Суръат Икромов бунгача ОВИРдан 6 марта чиқиш визасини олганини, аввал ҳечам бунақа муаммога дуч келмаганини айтади.

Чиқиш визасини олиш машмашаси чўзилиб кетганидан кейин ҳуқуқ фаоли Олмазор туман ички ишлар бўлимининг Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими раҳбари, милиция майори Сардор Мўминовга мурожаат қилган.

- У: “Энди ҳозир биз кутиб турамиз, агар юқоридан бизга рухсат келса, дарров берамиз визани”, деди. Ҳайрон бўлдим, “юқоридан рухсат келса” деган гапга. Қонун устиворлиги йўқ-ку бу ерда, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбарига кўра, у Истанбулга ЕХҲТ Демократия ва инсон ҳуқуқлари бюроси лойиҳаси доирасида уюштирилаётган Ҳуқуқ ҳимоячиларини муҳофаза қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқадиган маслаҳат кенгашига иштирок этиш учун бориши керак эди. Аммо чиқиш визаси билан боғлиқ муаммо туфайли Туркия сафарини қолдиришга мажбур бўлган.

Айни пайтда Суръат Икромов тез орада чиқиш визасини олишдан умидини узгани йўқ.

- Мен ҳозир озгина кутиб тураман. Агар булар [чиқиш визасини] бермайдиган бўлса, судга беришга мажбур бўламан. Фуқаровий судга бераман “Нима сабабдан менга [виза] бермади”, деб. Бирорта бир сабаб бўлмаса... Менга моддий-маънавий зарар келтиришди – шу бўйича мен судга беришга мажбур бўламан, - дейди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Ўзбекистон фуқароларнинг ҳаракатланиш ҳуқуқи чекланишига имкон берадиган чиқиш визаси режимини сақлаб қолаётган саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади. Жорий йил бошидан бу режимни бузганлик учун жиноий жавобгарлик янада кучайтирилган. Президент Каримов томонидан 2012 йил 29 декабрида имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ЎзбекистонЖиноят кодексининг 223-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш учун 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG