Линклар

logo-print

Халқаро кузатувчилар ҳамон Ўзбекистонда: талабаларга уларга нима дейиш ўргатилмоқда



Бу йил биринчи марта пахта мавсуми даврида Ўзбекистонга бориб¸ болалар ва мажбурий меҳнат вазиятини ўрганишга изн олган БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари 5 ноябрга қадар мамлакатда бўлади. Бу кузатувчилар учрашаëтган талаба ва ўқувчилар эса¸ Озодлик манбаларига кўра¸ учрашувдан аввал кузатувчиларга нима дейиш борасида обдон “репетиция” қилдирилмоқда.

Чоршанба куни Озодликка фарзанди Сирдарë вилоятидаги Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўқиëтган ота сим қоқди. Ўз исм-шарифи айтилмаслиги шарти билан ушбу манба 22 октябрь куни республика расмийлари ҳамроҳлигида халқаро кузатувчиларнинг ушбу коллеж ўқувчилари билан учрашиши белгиланганини билдирди.



Бу учрашув олдидан яқинда бир ойлик пахтадан қайтган 15-16 ëшдаги 1-курс ўқувчиларига келадиган меҳмонларга нима дейиш кераклиги махсус ëдлатилган ва обдон машқ қилдирилган¸ дейди Озодлик манбаси:

- Қизим менга “домламиз чақирди¸ комиссия келаркан қаердандир текширишга¸ шунга гап ўргатди¸ шунинг учун чақирган экан”¸ деди. Бир-икки кун дарсга келиб туринглар¸ депти. Директорнинг ўзи кириб болаларга гапиришни¸ сўраса нима дейишни ўргатибди. Болалар пахтадалик даврида ҳам бир ўргатувди бу болачаларга. Бу гал уларга “пахтага чиқмадик¸ ўқидик.Шароитимиз яхши. Ўқиш жойларимиз иссиқ¸ қийналмаяпмиз”¸ деб айтасизлар¸ деб ўргатибди¸ дейди фарзанди Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўқиëтган ота.

22 октябрь куни Сирдарë вилоятидаги ўқувчи ва талабалар билан учрашишга келган комиссиянинг республика расмийлари ҳамроҳлик қилаëтган Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари экани тахмин қилинмоқда.

Зотан сентябрь ойидан бери бу ташкилот кузатувчилари Ўзбекистон вилоятлари бўйлаб мониторинг ўтказмоқда ва болалар ҳамда мажбурий меҳнат вазиятини тадқиқ қилмоқда.

Ташкилотнинг Женевадаги бош қароргоҳи расмийлари¸ айни кунларда кузатувчилар гуруҳининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини давом эттираëтганини айта туриб¸ ҳозирча мониторинг натижалари юзасидан матбуотга хабар берилмаслигини билдирди.

Айни пайтда ХМТ расмийси¸ кузатувчиларнинг ўзлари учрашаëтган ўқувчи ва талабаларнинг махсус тайëргарликдан ўтказилаëтгани ва ëлғон маълумот беришга мажбурланаëтганидан хабардорлигини билдирди:

- Биз бу муаммодан хабардормиз. Одамлар бизга Facebook ва бошқа йўллар орқали бу ҳақда маълумот юборишаяпти. Аммо мандатимизга кўра¸ ҳозирча биз бу ҳолатлар юзасидан матбуотга изоҳ бера олмаймиз¸ деди Халқаро меҳнат ташкилотининг ўзини таништирмаган бош идораси расмийси.

Айтилишича¸ октябрь ойи охирларида халқаро кузатувчилар гуруҳининг Женевага қайтиб¸ ноябрь ўрталарига қадар Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнат вазиятига оид ўз хулосаларини эълон қилиши кутилмоқда.
Расмий Тошкент халқаро кузатувчиларни Ўзбекистонда 18 ëшгача бўлган ўқувчиларнинг пахтага чиқмаëтганига ишонтиришга уринаëтган бўлса-да¸ пахтага мажбуран олиб чиқилаëтган ўқувчи-талабалар орасида кўпайиб бораëтган ўлим ҳолатлари асл вазиятни намойиш қилмоқда.

Хусусан¸ 21 октябрь куни Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Ғалаба қишлоғига мажбуран ëтоқлик пахта теримига чиқарилган 16 яшар Йўлдошев Эркабой Шуҳратович ўлиб қолди.

Озодликнинг шу тумандаги манбаси берган маълумотга кўра, Урганч Саноат касб-ҳунар коллежининг 1-курси ўқувчиси пахта териб қайтгач, оқшом соат 10 ларда жон берган.

Озодлик манбаларига кўра¸ бу ва мажбуран пахтага ҳайдалган ўқувчи-талабалар орасидаги бошқа ўлим ҳолатлари ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари диққатига етказилган ва улар ҳокимият тазйиқи остида пахтага чиқарилган бу қурбонлар оиласи билан боғланиш режасида.

Аммо пахтага соппа-соғ олиб кетилиб¸ 22 октябрь куни жасади қайтарилган Эркабойнинг оиласи¸ ҳозирча бундай кузатувчилардан дарак бўлмаганини билдирди:

- Ҳеч ким келмади¸ йўқ. Телефон қилишди лекин. Биз уларга уйга келинг¸ гаплашайлик¸ дедик¸ аммо ҳозирча ҳеч ким келмади¸ дейди Эркабойнинг мотамсаро яқинларидан бири.

Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнатга оид вазиятни кузатиб келаëтган мустақил гуруҳлар¸ жамоатчиликни мажбурий меҳнат¸ айниқса¸ 18 ëшга тўлмаганларни пахтага олиб чиқиш ҳолатлари юзасидан фактларни ошкор қилишга чақирмоқдалар. Бу ҳақда Озодлик веб саҳифасида эълон қилинаëтган маълумот ва фактларнинг халқаро кузатувчилар томонидан синчиклаб ўрганилаëтгани айтилмоқда.

Болалар ва мажбурий меҳнатга оид барча маълумотлар¸ хусусан¸ сурат ва видеотасвирларни Озодликка йўлланг. Бунинг учун OzodSkype, OzodlikOnline Скайп манзиллари¸ шунингдек Озодликнинг WhatsAppдаги +420 724 971 539 рақамига хабар йўлланг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG