Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:05

Зарафшон қамоғидан яна бир “ҳизбчи”нинг ўлиги чиқди


21 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза мавзеида яшовчи Салоҳиддиновлар оиласига 35 яшар Самариддиннинг ўлиги келтирилди. 1999 йилда “Ҳизб-ут-Таҳрир” диний-экстремистик гуруҳига аъзоликда айбланиб¸ 17 йилга қамалган Самариддиннинг қамоқда қийноқлардан ўлгани тахмин қилинмоқда.

Озодликка 23 октябрь куни ўз ишончли манбасидан келган маълумотда диний айблов билан 14 йилдан бери қамоқдан ўтирган йигит жаназасининг қўрқув муҳитида ўтгани аниқланади:

“21 октябрь куни Зарафшон қамоқхонасидан 159 ва 244-модда билан 1999 йилда қамалган Самарқанд дарвозасида турадиган 1978 йилда туғилган Самариддин исмли боланинг ўлиги келди. Салоҳиддинов Самариддин мактабни олтин медал билан¸ институтни қизил диплом билан тугатган.

Олим бола эди. Болалигидан биламиз. Жанозасига қўрқиб чиқмадик. Уни аниқ уриб ўлдиришган. Оëқ-қўллари синиб кетган¸ боши моматалоқ бўлиб шишиб кетган. Уйдагилари икки ой олдин боришганда соппа-соғ бўлган”¸ дейилади Озодликка юборилган мактубда.



Бу хабар ортидан Озодлик Салоҳиддиновлар оиласи билан боғланиб¸ воқеага оид тафсилотларни ўрганишга уринди. Аммо оила аъзолари ўзаро маслаҳатлашиб¸ Самариддиннинг ўлими тафсилоти ҳақида матбуотга гапирмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов¸ бундай сукут сабаби жуда жўн эканини айта туриб¸ қамоқдан ўлиги келган маҳбусни тупроққа қўйишдан то унинг бошқа маросимларини ўтказиш давомида МХХ ходимлари марҳумнинг уйида туришлари ва келган-кетганнию¸ кимнинг кимга нима деганини назорат қилиб ўтиришини айтади:

- Булар (МХХ ходимлари назарда тутилмоқда-таҳр) ҳозирда шунақа қаттиқ олишдики¸ кечқурун ўликни олиб келишади¸ уйини ўраб олиб¸ ҳеч кимни киргизмайдиям¸ чиқармайдиям. Эрта саҳарда мажбурлаб кўмдиради ва бир неча кун уйидан кетмай шу ерда ўтиради. Қариндошларини жуда қаттиқ қўрқитишади. Шунинг учун улар бу ҳақда гапирмайди¸ дейди Суръат Икромов.

Ўз архивидан Самариддин Салоҳиддинов судига оид материалларни қидирб топган ҳуқуқ фаоли унинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг қатор моддалари билан айбланиб¸ 17 йилга озодликдан маҳрум этилганини билдиради:

- Салоҳиддинов Самариддин Сирожиддинович. 1978 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Олий маълумотли. Тошкентдаги Имом Ал-Бухорий номли диний институтни тамомлаган. "Ҳизб-ут-Таҳрир"да айблаб¸ аввалига қидирувга беришган¸ 1999 йил 8 сентябрда ҳибсга олишган. Жиноят Кодексининг 159¸ 244¸ 214-моддаларида айбланиб¸ 17 йилга озодликдан маҳрум этилган¸ дейди Суръат Икромов.

Аввалига Жаслиқда¸ ўлишидан олдин эса Зарафшондаги 64/48 жазони ўташ муассасасида сақланган Самариддин Салоҳиддиновнинг қамоқда қийноқлардан ўлганини тахмин қилиш қийин эмас¸ аммо буни исботлаш учун марҳумнинг оиласи бу ҳақда очиқ гапириши керак¸ деб таъкидлайди ҳуқуқ фаоли:

- Масалан¸ қанча одамнинг диний айблар билан қамалганини ҳам камдан-кам ҳолларда¸ фақат уларнинг яқинлари бизга маълумот берсагина¸ биламиз. Ўлганлар ҳақида маълумот йиғиш жуда қийин. Агар улар яқинларининг ўзи қўрувни енгиб¸ Озодликка ëки ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилсагина¸ биз бундан хабар топамиз. Аксар ҳолларда¸ бундай ўликлар ими-жимида кўмдирилмоқда. Аммо бу дегани қамоқдан ўлик келиш ҳоллари камайди¸ дегани эмас. Йилига 200-300 атрофида қамоқдан ўлик чиқмоқда ва уларнинг кўпи диний айблар билан қамалганлардир. Ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарида диний эътиқоди учун қамалганлар сони¸ бизнинг ҳисбомизга кўра¸ 12 мингдан ошиб кетди¸ дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG