Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:34

Москвада Ўзбекистон фуқароси 158 грамм марихуана билан ушланди


Москва полициясининг жиноят қидирув бўлими ходимлари Ўзбекистон фуқаросини марихуана сотаётган пайтда қўлга олди. 32 ёшдаги шахс мижоздан пул олаётган пайтда ушланган. Ҳозир у Москвадаги ҳибсхонада сақланмоқда.

Москва полициясининг жиноят қидирув бўлими ходимлари Ўзбекистон фуқаросини марихуана сотаётган пайтда қўлга олди. 32 ёшдаги шахс мижоздан пул олаётган пайтда ушланган. Ҳозир у Москвадаги ҳибсхонада сақланмоқда.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳар бошқармаси матбуот хизмати вакили Вероника Харисова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фуқароси Жиноят қидирув бўлими ходимлари ўтказган махсус амалиёт пайтида қўлга олинганини айтди.

- 21 октябр куни кеч соат еттида ўтказилган “Притон” номли тадбирда 1981 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси марихуана сотишга уринаётган пайтда қўлга олинди, деди Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг катта инспектори. У қўлга олинган ўзбекистонликнинг исм-фамилиясини ошкор қилмади.

Харисовага кўра, тергов манфаатларини кўзлаб исми ошкор қилинмаётган Ўзбекистон фуқароси Москванинг шимолий қисмида жойлашган Алексеевск туманининг Кибальчич кўчасидаги 9-уйда қўлга олинган.

Оператив ходимлар ушлаган пайтда Ўзбекистон фуқаросининг ёнидан бир ўрам яшил модда топилган. Экспертиза натижасида тортиб олинган модда 158,5 грамм марихуана экани аниқланган.

Вероника Харисовага кўра, ҳибсга олинган 32 яшар Ўзбекистон фуқароси муқаддам судланмаган. У Россия ҳудудида ноқонуний равишда яшаган ва ҳеч қаерда ишламаган.

Москва полицияси расмийси Ўзбекистон фуқаросига нисбатан РФ Жиноят кодексининг 30 ва 228-моддаси, 1-банди бўйича, яъни, гиёҳвандлик, психотроп ёки шу каби моддалар ишлаб чиқариш ва сотишга уринганлик айблови бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Айбдор деб топилса, Ўзбекистон фуқароси 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Воқеа юзасидан тергов-суриштирув давом этмоқда.

Москвадаги мустақил социолог Абдусами Раҳмонов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фуқароларининг Россияда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиши кам учрайдиган ҳолат эканини айтди.

Раҳмонов буни уларнинг қаттиқ жазога тортилишдан қўрқиши билан изоҳлади.

- Менимча, биринчи навбатда Ўзбекистонда наркотик моддаларнинг савдоси ва олиб ўтилиши жиноятлари қаттиқ жазоланади. Шунинг учун ҳам Россияда биринчи ўринда қонун жазосидан қўрқишади. Иккинчи ўринда, Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг савдоси ёки транзити Тожикистонга ўхшаган ривожланганидан эмас деб ўйлайман, дейди ўзбекистонлик социолог.

Россия ҳукумати маълумотига кўра, ҳозир Россияда 8,5 миллион одам, яъни, мамлакат аҳолисининг 6 фоизи гиёҳвадликка ружу қўйган.

Россияликлар, асосан, Афғонистонда етиштирилган гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади.

Россия аҳоли жон бошига гиёҳванд моддалар истеъмоли бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

Россиядаги реабилитация марказлари молия муаммоси сабабли бангиларнинг атиги 5 фоизига ёрдам кўрсата олади.

Россияда ҳар йили 40 мингга яқин одам гиёҳвандлик билан боғлиқ касалликлардан нобуд бўлади.
XS
SM
MD
LG