Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:56

Ҳуқуқ фаоллари Лара Фабианни ўзбек режимига хизмат қилмасликка чақирмоқда


Қўшиқчи Лара Фабиан келаётган якшанба куни Гулнора Каримова (суратда) томонидан уюштирилган Art Week Style.uz санъат ҳафталигининг ёпилиши маросимида қўшиқ айтиши кутилмоқда.
Қўшиқчи Лара Фабиан келаётган якшанба куни Гулнора Каримова (суратда) томонидан уюштирилган Art Week Style.uz санъат ҳафталигининг ёпилиши маросимида қўшиқ айтиши кутилмоқда.
Қароргоҳи Францияда жойлашган ACAT ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти қўшиқчи Лара Фабианнинг Гулнора Каримова томонидан уюштирилган фестивалда иштирок этишини қоралаб чиқди.

ACATнинг Осиё бўлими раҳбари Кристин Ларок Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳар куни бузилаётгани ва Фабианнинг у ерга бориб диктаторнинг қизи ҳузурида қўшиқ куйлаши ана шу режим легитимлигини таъминлайди, деб айтди.

“Ўзбекистонга бораётган одамлар бу ҳақда билмасликлари мумкин эмас. Лара Фабиан ҳам у ёққа борар экан, режим сиёсатини ва инсон ҳуқуқларининг бузилишини де-факто қўллаган бўлади”, дейди Кристин Ларок.

27 октябр куни Тошкентда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова муаллифлик лойиҳаси бўлмиш Art Week Style.uz санъат ҳафталигининг ёпилиши маросими ўтказилиши, унда таниқли эстрада юлдузи Лара Фабиан чиқиш қилиши кутилаяпти.

Шу сабабли АСАТ (Action des chrétiens pour l’abolition de la torture – “Қийноққа қарши насроний фаоллар”) ташкилоти коммюнике тарқатиб, дунёга донғи кетган хонандани Ислом Каримовнинг “диктаторлик режимига витрина бўлиб хизмат қилмаслик”ка чақирган.

“Ўзбекистон қамоқхоналарида режимга қарши овозини кўтаришга жазм қилган одамлар жон бераётган бир пайтда Лара Фабиан мамлакатни прогрессив давлат ўлароқ кўрсатиш мақсадида ўтказилаётган фестивалда қўшиқ айтмоқчи бўлиб турибди”, дейилади АСАТ баёнотида.

Франциялик ҳуқуқ фаолларини ЮНИСЕФ жамғармасининг болаларни ҳимоя қилиш бўйича фахрий раисаси бўлган Лара Фабианнинг болалар ҳуқуқлари бузилаётган Ўзбекистонда қўшиқ айтишга рози бўлгани ҳам танг қолдирган.

“Айнан ҳозир Ўзбекистонда пахта териш мавсуми ўтказилаяпти. Ўзбекистонликлар болаларни пахта теришга мажбур қилаяптилар, улар мактабга боролмаяптилар. Шунинг учун бизни Лара Фабианнинг маънавий қадриятлари ва унинг ЮНИСЕФ каби ташкилотни тамсил эта олиш-олмаслиги тўғрисидаги саволлар жиддий ўйлантираяпти”, дер экан АСАТ вакиласи Кристин Ларок, агар Лара Фабиан Тошкентдаги концертда иштирок этадиган бўлса, қўшиқчи ўзбек расмийлари олдига мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш тўғрисидаги масалани кўндаланг қўйиши лозимлигини таъкидлайди.

Асли белгиялик Лара Фабиан Je T'aime қўшиғи билан ўзбекистонликларга таниш.

Art Week Style.uz санъат ҳафталигининг ёпилиши маросимида қўшиқ куйлаши учун Лара Фабианга қанча пул таклиф этилгани маълум эмас.

Гулнора Каримованинг аввалги хос маъракаларини обод қилган хорижлик Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Таркан, Хосе Каррерас каби санъат юлдузларининг Тошкентга келиши учун уларнинг ҳар бирига камида 1 миллион евродан тўлангани айтилади. Уларнинг айримлари кейинчалик халқаро майдонда қаттиқ танқидга учраганди.

Стингнинг Тошкентда, Гулнора Каримова ҳузурида қўшиқ айтгани ҳақидаги хабарлар Британия матбуотида пайдо бўлгач, у баёнот бериб, Ислом Каримов ва унинг диктатураси ҳақида, унинг биқиқ мустабидона тафаккури ҳақида гапирган эди.
XS
SM
MD
LG