Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:11

Режани бажарган тўрткўллик фермер ғўзапояни юлгани учун қамаб қўйилди


Uzbekistan - headquarter of Tashkent state institute of oriental studies in cotton field
Uzbekistan - headquarter of Tashkent state institute of oriental studies in cotton field

Пахта режасини бажарганидан кейин¸ Тошкентга телевидениега чақирилиб мақталганидан 3 кун ўтиб, тўрткўллик фермер маҳаллий прокурор ғазабига дучор бўлди. Фермер изнсиз ғўзапоя юлганликда айбланди.



Тўрткўллик фермер Бахтиëр Ражабов пахта режасини 110 фоизга бажарганидан кейин далани кейинги йилга ҳозирлаш мақсадида ғўзапояларни юлиб ташлади. Фермерлар тили билан айтганда беш гектар ерни “карчовка” қилди.

Ана шундан кейин тўрткўллик фермер туман раҳбари буйруғисиз пахта даласини ғўзапоядан тозалагани учун прокуратура тарафидан тергов қилиниб¸ бир кечага қамаб қўйилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ва исми сир қолишини истаган тўрткўллик фермер ҳам қамалишдан қўрқиб, уйига яшириниб олгани ва телефонларини ўчириб қўйганини таъкидлайди:

- Мени ҳар куни чақиришяпти. Қўрқиб мажлисга бормаяпман. Менга пахтани дефоляция қилмагансан¸ сен деҳқончилик қиладиган ердаги ғўзаларни барги тўкилмаган ва ҳосил ифлос бўлишига сабаб бўлдинг, деган айб қўйишяпти. Мени ҳам қамаб қўйишидан қўрқаман¸- дейди исми айтилишини истамаган тўрткўллик фермер Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, тўрткўллик фермер Бахтиëр Ражабов пахта режасини 110 фоизга бажарганидан кейин Тошкентга телевидениега чақирилиб мақталган. Уни 2013 йилги пахта мавсуми қаҳрамони, деб Тошкентдаги Медиа-марказнинг ҳашаматли декорациялари фонида тасвирга олишган.

Унга камералар олдида бир сидра кийим-бош ҳадя қилишган¸ дейди тўрткўллик суҳбатдош:

- Берилган совға ва Тошкентга бориш-келиш харажатлари¸телеканал ходимларини едириб ичириш фермернинг чўнтагидан чиққан бўлса ҳам¸ у бу эътибордан боши осмонга етиб 3 кун бурун Тўрткўлга қайтиб келди. Кейинги йилга ер ҳосилдор бўлсин дея 5 гектар ердаги ғўзапояларни карчовка қилди. Мен ўзим кўрдим бу ғўзапояларда бир тола ҳам пахта йўқ эди. Қуруқ чўп. Буни ëғин-сочиндан олдин йиғиштирилгани маъқул. Қолаверса олдимиз қиш. Ғўзапояни тандирга ëки печкага ëқса бўлади. Аммо Тўрткўл прокурори бу мақталган фермерни рухсатсиз карчовка қилгани учун бир кун қамаб қўйди¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбат асносида маҳаллий прокуратура ҳодимлари фермерларни “пул ундирадиган соғин сигирларга” айлантиргани ҳам тушунилди.

- Карчовка қилган фермерни бор пулини шилиб кейин қамоқдан қўйиб юборишди. Бекорга тўрткўллик фермер ўзини осмагандир деб ўйлайман. Фермерлар ҳолига об-ҳаво ҳам йиғламоқда. Бу йил фермер учун яхши бўлмади. Ëзда иссиқ 60 даражага чиқди. 38 даража иссиқда пахтанинг гули тўкилади. Бунинг устига биз эккан “Наманган 77” пахта нави иссиққа чидамсиз ва ҳосилдорлиги оз. Бошқа навга ўтайлик десак қулоқ солишмайди. Бизни суғурталаган “Агросуғурта” зараримизни қопламади. Прокуратура бўлса, 2 та фермерни қамаб¸ бошқаларни қўрқитиб пул йиғиб олиш дардида. Дардимни кимга айтишни ҳам билмайман.

Суҳбатдош пахта режасини бажармаганлар прокуратура нишонида қолаëтганидан ташвишда:

- Пахта режасини бажара олмаганим учун прокурорлар тазйиқ қилиб мендан пул ундирмоқчи. Мен режани 96 фоиз қила олдим ҳолос. Яна бир тонна пахта керак. Далада йўқ бўлса қаердан оламан? Отам Совет даврида пахтани сотиб олиб план тўлдирди деб қамалган эди. Шу боис мен приписка қилдиришга қўрқаман¸- дейди тўрткўллик фермер Озодлик билан суҳбатда.

Кейинги кунларда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидадаги фермерлардан ташвишли хабарлар келмоқда.

18 октябр куни Тўрткўл туманида яшовчи 38 яшар фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилган эди.

Манбалар фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилганини айтган.

17 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги бир неча фермер "ҳокимият зўравонлигидан безиб", мамлакатни тарк этганини Озодлик хабар қилган эди.

Бу ҳақда воқеа жойидаги икки мустақил манба хабар берган ва бу хабарни Тўрткўл тумани ҳокимлиги вакили қисман тасдиқлаган эди.

Аммо, 23 октябр куни номи тилга олинган фермерлардан иккиси - Мухтор Бекимбетов ва Анвар Исмоиловлар бир вақтда Озодлик радиосига боғланиб, ўзларининг далани ташлаб қочгани ҳақидаги маълумотни рад қилди.

Жабрдийда фермерлар


Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерлардан пахта режасини бажаришни талаб қилиб босим ўтказиши, ҳақорат қилиши ва ҳатто, уриши кузатилади.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл туман ҳокимлигида ўтказилган мажлис чоғида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб, юрак хуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

2012 йилнинг август ойида Жиззах вилояти, Зарбдор туман ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Туроб Жўраев 2011 йилнинг 25 октябр куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини муштлаб урган эди.

2011 йилнинг сентябрида Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 ёшли фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилганди.

Тошкент вилояти Янгийўл туман прокурори Зиёдулла Йўлдошев 2011 йилнинг сентябрида шу туманнинг Убай Муасев қишлоғи маҳалла қўмитаси раисининг муовини Зуҳриддин Зокировни пахта теримига етарли одам йиғмагани учун калтаклаган.

2009 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсунов фермерлардан бирининг ишидан камчилик топиб,унинг ўзига гўр қаздирган, маҳалла имомини чақиртириб келиб, тирик фермерга жаноза ўқиттирган.
XS
SM
MD
LG