Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:04

Ҳукумат иш ўринлари ҳақида яна ёлғон ҳисобот бердими?


Ўзбекистондаги мустақил кузатувчилар мамлакатда йил бошидан буён 800 мингдан зиёд ишчи ўрни ташкил этилгани ҳақидаги ҳукумат эълон қилган статистик маълумотларни қаттиқ шубҳа остига олмоқдалар.



Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 22 октябр куни бўлиб ўтган йиғинида йил бошидан буён мамлакатда 833 минг ишчи ўрни ташкил этилгани, шунинг ярмидан кўпи қишлоқ жойларига тўғри келиши маълум қилинган эди.

Агар ҳукумат расмийлари келтирган бу маълумотга ишонилса? Ўзбекистонда сўнгги тўққиз ой ичида ишга яроқли аҳолининг қарийб беш фоизи иш билан таъминланган бўлиб чиқади.

Мустақил кузатувчилар эса, Ўзбекистон иқтисодининг ёпиқлиги ва расмий рақамлар ҳақиқий аҳволни акс эттирмаслигини айтишади.

Тошкентдаги норасмий Мардикорлар касаба ташкилоти ҳамраиси Абудалла Тожибой ўғли ҳукуматни ёлғон маълумот бераётганликда айблайди.

- Ҳар йили ҳукумат бир миллионга яқин одам иш билан таъминланаётгани ҳақида ҳисобот беради. Ҳукумат бераётган рақамларда очилаётган ишчи ўринлари сони йил сайин ошиб бораётганини кўрамиз. Лекин, реалликда бунинг тесакириси бўляпти. Ишсизлар сони камаяётгани йўқ, кўпаймоқда. Ҳозир Тошкентнинг ҳар битта бозорига боринг, ўша ерда камида 400 мардикор бор. Агар бу статистика тўғри бўлганида эди бу манзара тубдан ўзгариб, ишсизлар камайиб бориши керак,- дейди Абдулла Тожибой ўғли.

2013 йил февралида Ўзбекистон аҳолисининг сони 30 миллионни ташкил этгани хабар қилинган.

Шундан ишга яроқли аҳолининг сони 17-18 миллион атрофида, деб кўрилади.

Ўзбекистон расмийлари ўтган йилнинг январ-сентябр ойи оралиғида 773 минг ишчи ўрни яратилгани ҳақда маълум қилган эди.

- Ўзбекистонда ишга яроқли аҳоли 17 миллионни ташкил этади. Хорижда ҳозир таҳминан 8 миллион ўзбекистонлик ишлаяпти. Ўзбекистонни ўзида ҳам тўрт ярим миллионга яқин мардикор бор. Шундан келиб айтадиган бўлсак ҳар йили бир миллионга яқин одам иш билан таъминланаётгани ҳақидаги ҳукумат рақамлари ёлғон бўлиб чиқяпти,- дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам шу йил бошида ҳукумат мажлисида қилган маърузасида давлат идоралари ҳамда маҳаллий ҳокимиятларни ёшларни иш билан таъминлаш масаласида ёлғон ҳисоботлар беришда айблаганди.

- Бу масалада қуруқ расмиятчилик ва ҳисоботлар берилган. Ҳокимлар буни яхши билади. Вазирлик ҳам буни назорат қилмаган. Бу расмиятчиликлар бўйича прокуратурага алоҳида топшириқ, кимки ҳисоботни нотўғри берган бўлса шу раҳбарни жиноий жавобгарликка тортиш керак. Эътибор беринглар ҳар қайси вилоятда қанчадан-қанча одам яшаяпти. Беш юз мингдан ошиқ болаларимиз коллежларни битиряпти, уларни тақдири нима бўлади эртага,- дея маҳаллий иш берувчиларни ёшларга иш ўринлари яратишга чақирган эди Каримов.

Бухоро вилоятининг Олот туманидаги мактаблардан бирининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ғайбулла Бектошевнинг айтишича, президент танбеҳига қарамай ёшларни иш билан таъминлаш борасида ёлғон ҳисоботлар бериш ҳали ҳам давом этяпти.

- Оддий бир мисол. Коллежни битказиб чиқаётган мутахассисларни 0,25 ставка билан ишга қабул қиляпти. Бир штатга бир одамни қабул қилиши керак ўзи. Булар ҳозир планни бажараман деб, бир штатга тўрт одамни қабул қилиб, ойлигини тўрттага бўлиб беряпти. Тепага мана шунча одамни иш билан таъминладим, деб ҳисобот беряпти, - дейди Ғайбулла Бектошев.

Ўзбекистонда ишсизларнинг ҳақиқий сони борасида аниқ рақамлар йўқ. Ҳукумат хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони борасида ҳам ҳеч қандай маълумотни ошкор этмайди.

БМТ маълумотларига кўра, Россия ва бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар юбораётган маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 15 фоизини ташкил этади.
XS
SM
MD
LG