Линклар

Фарғонада ҳокимнинг эътиборсизлиги туфайли 20 га яқин одам уйсиз қолди. Тошкентда йўловчилар шикояти сабаб автобус компанияси раҳбари ишдан олинди. Наманганда лицей директори миллионларни ўзлаштиришда айбланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Уйи бузилаётган тошкентлик адолат талаб қилмоқда”

Тошкент шаҳри 3-ҳалқа йўлидаги уйи бузилаётгани фуқаро В.Ляхов мутасадди идоралардан шикоят қилган (“Адолат кўзгуси”, 24 октябр).

“Менинг янги жой ажратиш тўғрисида ёзган аризамни идоралар бир-бирига юбориб, турли баҳоналар билан ўзимни айблашмоқда. Қонун ҳужжатларида хусусий мулк ҳимоя қилиниши белгиланган бўлса-да, муаммоларимга ечим топа олмаяпман” дея арз қилган фуқаро В.Ляхов.

Ҳуқуқшунос И.Алимовга кўра, Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимояси остида саналади. Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан унинг эгалари рози қилиниши лозим. Қонунга кўра, бузилаётган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа қийматли обод турар-жой мулк қилиб берилади ёки уларнинг қиймати пул шаклида тўланади.

“Сифатсиз маҳсулотларга қарши кураш кучайтирилмоқда”

Ўзбекистон президенти томонидан 6 октябр куни имзоланган “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонун матбуотда эълон қилинди. Қонун олти ойдан кейин кучга киради (“Ўзбекистон овози”, 24 октябр).

Ўзбекистон Олий Мажлимси депутати Анвар Бойқуловга кўра, мазкур қонун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, жисмоний шахслар ва давлатнинг мол-мулки хавфсизлигини ҳамда атроф-муҳитни тозалигини сақлашга қаратилган.

Депутатга кўра, янги қонун маҳсулот ва хизматларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолашдаги бўшлиқни тўлдиради. Эндиликда таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматларни сифат, экологик кўрсаткичлар, хавфсизлик, тежамкорлик, ишончлилик, фойдалилик ва самарадорлик мезонлари бўйича баҳолаш жараёни кучайтирилади.

“Ҳокимнинг эътиборсизлиги туфайли 20 га яқин одам чув тушди”

Фарғона вилояти Яйпан тумани ҳокими ва масъул раҳбарларнинг эътиборсизлиги туфайли 20 га яқин фуқаро уйсиз қолди (“Даракчи”, 24 октябр).

Гап шундаки, муқаддам фирибгарлик, солиқлардан бўйин товлаш каби жиноятлари учун уч марта судланган фуқаро Азиз Жалилов қурилиш билан шуғулланадиган ширкат таъсис этади ва қишлоқда уй қуришга киришади.

Газетада ёзилишича, Яйпан тумани ҳокими на лойиҳа, на смета ва на ширкатнинг молиявий ҳолатини суриштирмай Ҳасанбой посёлкасидан 2 гектар ер ажратиб беради. Фирма ўндан ошиқ фуқарони алдаб, тез фурсатда уй қуриб бериш ваъдаси билан 15 миллиондан 20 миллион сўмгача пул йиғиб олади, аммо пулни ўзлаштириб юборади.

Суд ҳукми билан Жалиловга жазо тайинланган бўлса-да, етказилган зарарни қоплаш масаласи ҳал этилмаган. “Маҳаллий ҳокимият мутасаддиларининг сувни кўрмай этик ечавериши ушбу жиноят содир этилиши ва маълум маънода мадад олишига шароит яратмадимикан?! Бундай шошма-шошарлик оқибатини кўриб турибмиз: жабрланувчилар сарсон, коттеж қурилиши лозим бўлган ер майдони уюм-уюм ахлатхонага айланган, ҳатто ярмигача етмаган девор ғиштлари кўчириб кетилган, бетонлар емирилган...” деб ёзади газета.

“Йўловчилар шикояти сабаб автобус компанияси раҳбари ишдан олинди”

Тошкент шаҳридаги “2-автобус саройи” очиқ акциядорлик ширкати раиси Ш.Исмоилов йўловчиларнинг шикоятлари ортидан лавозимидан бўшатилди (“Истеъмолчи”, 24 октябр).

Ширкатга қарашли 148-йўналишдаги автобус ҳайдовчилари бир неча бекатни қолдириб, яъни йўналишни ўзгартириб ҳаракатланган, жадвалга риоя қилмаган, оқибатда одамларнинг 40-50 дақиқа бекатда қолиб кетиши одатий ҳолга айланган.

Ушбу ҳолат бўйича Юнусобод тумани Абдураҳмон Жомий маҳалласидаги бир гуруҳ фуқаролар бир неча марта мурожаат қилган, аммо вазият ўзгармаган. Шундан кейин фуқаролар прокуратурага шикоят қилган ва пировардида бир қатор мутасаддилар жазоланган, компания раиси эса ишдан олинган.

Эслатилишича, Тошкент жамоат транспортидан фойдаланаётган фуқаролар сифатсиз хизмат ҳолатлари юзасидан 233-54-86 ишонч телефони орқали транспорт воситасининг давлат рақамини маълум қилишлари мумкин.

“Наманганда лицей директори ўтилмаган дарс соати пулларини ўзлаштирган ”

Наманган муҳандислик педагогига институти қошидаги Тўрақўрғон академик лицейи директори Ҳамидулла Низомов 42 миллион сўмдан ошиқ маблағни талон-тарож қилиш ва ўзлаштиришда айбланди (“Диёнат”, 24 октябр).

Қайд этилишича, лицей директори давлат маблағини ҳужжатларни сохталаштириш орқали ўмарган. Лицей раҳбари, шунингдек, ўтилмаган дарс соатлари учун сохта тўлов ведомостлари тузиб, маблағ ўзлаштирган. Бу борада унга бош бухгалтер Н.Иномова ёрдам берган. Суд академик лицей раҳбари Низомовни 2 йил раҳбарлик лавозимидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 8,7 миллион сўм жарима тайинлаган.

“Сурхондарёда фойдаланишга топширилган янги коллеждан 57 та жиддий камчилик топилди”

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 2009 йили палапартишлик билан битказилган қурилиш коллежи ҳамон абгор аҳволда қолмоқда (“Новый век”, 24 октябр).

Коллеж қурилишига давлат ғазнасида 2 миллиард 125 миллион сўм ажратилган. Бинони “Олтинсой қурилиш” ширкати қурган. 2009 йилда ҳали якунланмаган коллеж биноси давлат идоралари вакиллари томонидан “фойдаланишга яроқли” дея қабул қилиб олинган. Қайд этилишича, бинони қабул қилиб олиш давлат комиссияси мутасаддилари ҳужжатларни сохталаштирган, камчиликларни кўриб-кўрмасликка олган.

Тафтишлар пайти янги коллеж коллеж биносида 57 та жиддий камчилик аниқланган. 2009 йили “қурилди” дея қабул қилиб олинган коллеж биноси орадан 5 йилга вақт ўтса-да, яроқсиз аҳволда, ҳатто ўқиш учун зарур бўлган парта, стол-стуллар ҳам тўлиқ келтирилмаган.

“Ичкилик туфайли оилавий зиддиятлар кўпаймоқда”

Ўзбекистон “Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўровлар ичкиликбозлик туфайли оилавий жанжал ва ажрашишлар кўпаяётганини кўрсатди (“Ҳуқуқ оламида”, 24 октябр).

Йил давомида юзага келаётган оилавий зиддиятларнинг 6-7 фоизига ичкиликбозлик сабаб бўлмоқда. Газета маст ҳолатда автомобил бошқариш туфайли йўл-транспорт ҳодисалари ҳам кўпайиб бораётганини хавотир билан қайд этади. “Агар спиртли ичимликлар истеъмоли 35 фоиз камайтирилса, қотилликлар 40 фоизга, безориликлар 25 фоизга қисқариши мумкин” деб ёзади нашр Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларига таяниб.

“Усмон Азим: “Адабиёт бузуқ аёлдай сотилмаслиги керак”

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим мукофот илинжида ялтоқилик қиладиган ижодкорларни қоралади (“Ёшлик” журнали, 2013 йил 9-сон).

“Дуппа-дуруст одамларнинг манфаат ва мукофотлар йўлида, қилпанглаб ижод қилишлари мени уялтиради. Адабиёт бузуқ аёлдай сотилмаслиги керак. Адабиётнинг Парвардигор томонидан берилган вазифаси борлигини ҳис қилмоғимиз зарур. Ахир, шунинг учун ҳам истеъдодлар дунёга келгани келган”. Шоир, айни пайтда, қалам аҳлининг кийиниши масаласига ҳам тўхталган:

“Эҳтимол ёзганига муносиб қалам ҳақи тўланмайдиган (ёки умуман тўланмайдиган) шоирларнинг яхшироқ кийинишга моддий рағбатлари етмас. Бу жуда ўйлаб кўриладиган масала. Ҳукумат қарори бўлишига қарамай, нашриётлар муаллифларга кўрсатилган қалам ҳақини тўлашдан шу кунгача бош тортиб келяптилар”.
XS
SM
MD
LG