Линклар

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамда “Билайн” уяли алоқа ширкати расмийлари ширкатнинг лицензияси олиб қўйилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлар "ёлғон" эканини айтмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларда "Билайн" ширкатининг фаолияти 2013 йилнинг 26 октябрида соат 17 дан бошлаб 15 кунга тўхтатилиши айтилади. Тармоқдаги фойдаланувчилар бир-бири билан ўртоқлашгани туфайли катта шов-шувга сабаб бўлган бу хабарда "Ўзбекистон ахборот ва информациялаштириш агентлигининг 2013 йил 24 октябрдаги №19-L буйруғига асосан" (қўштирноқ ичидаги иқтибос тармоқдаги хабардан ўзгартирилмаган ҳолда олинди-муҳаррир) "Билайн" лицензияси вақтинча бекор қилингани айтилган.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси мамлакатдаги энг йирик “Билайн” уяли телефон операторининг лицензияси олиб қўйилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.

Қўмитанинг лицензиялар билан шуғулланадиган бўлими расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда бу хабарларни "ёлғон маълумот" деб атади:

-Бу бекор гап. “Билайн”га нисбатан ҳеч қанақа чоралар кўрилмаган. Бу маълумот ҳаммаси юз фоиз ёлғон, - деди Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг ўз исмини айтмаган расмийси.

Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган маълумотда “Билайн” уяли алоқа операторининг лицензиясини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг санаси ва рақамлари ҳам келтирилган.

- Биз ҳам ўқидик. У калласига келган номерни ёзиворган. Ҳатто корхонани номини ҳам, бизнинг қўмитани номини ҳам хато ёзган. Кимдир буни ўйлаб топган-де “утка” тарқативорган. Бу ҳаммаси ёлғон, - деди Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси расмийси.

“Билайн” уяли алоқа ширкати вакиллари ҳам ўз мижозларини ижтимоий тармоқда тарқалган гап-сўзларга ишонмасликка чақирди.

Сабаби, бу хабарлар тарқалиши ортидан “Билайн”нинг кўпчилик мижозлари SIM карталарини бошқа операторникига алмаштиришга шошилишган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги "Ucell" оператори SIM карталар сотишни вақтинча тўхтатгани айтилмоқда.

"Ucell" вакили SIM карталарини сотиб олишни истовчилар бугун кўпайиб кетганини тасдиқлади.

-Ҳозир янги номер олмоқчи бўлган абонентлар сони кўпроқ, янаи навбат кўпайиб кетган, -деди "Ucell" вакили.

“Билайн” уяли телефон ширкатининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича бўлими раҳбари Ўроз Абдураззоқов ижтимоий тармоқда тарқалган миш-мишлар ҳақиқатдан мутлақо йироқ эканини айтиб, ўз мижозларини саросимага тушмасликка чақирди.

Абдураззоқовга кўра, “Билайн” уяли телефон ширкати бўхтон хабар тарқатувчи "спамерлар"ни топишни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратурасига арз қилган.

Яқин соатларда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳам “Билайн” уяли алоқа ширкати ҳам бу юзадан расмий баёнот билан чиқиши кутилаяпти.

Аввалроқ "Билайн" ширкатининг Тошкентдаги бош офисида солиқ ходимлари режадан ташқари текшириш бошлагани хабар қилинган эди.

Текширувга мобил операторининг фаолиятидан қониқмаган мижозларнинг шикоятлари сабаб бўлгани айтилаяпти.

"Билайн"нинг Тошкентдаги офиси ҳам, компания эгаси бўлган “Вимпелком" ширкатининг Москвадаги қароргоҳи ҳам текширув тафсилотларини Озодликка айтиб беришдан бош тортди.

Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”да ҳам дастлаб текшир-текширлар бошланган, бу жараён ширкатнинг тўла ёпилиши билан якунланган эди.

Ўтган йилнинг июлида фаолияти тўхтатилган “Ўздунробита”нинг 10 миллионга яқин мижози бўлган.

Ушбу мижозлар кейинчалик бошқа ширкатлар, асосан, Beeline ва Ucell-га ўтиб кетди. Бу мобил операторлар эса шунча мижозга хизмат кўрсатишга тайёр эмаслиги ортидан алоқа сифатининг пасайиши кузатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG