Линклар

Ўзбекистон ташқарисида фаолият кўрсатаётган ўзбек медиа-каналлар сони яна биттага кўпайди. Эндигина иш бошлаган “Uzbek.FM Online radio” Интернет радиоканали суткасига 24 соат хабар ва таҳлилий материалларини бериб боради.

21 октябр куни Интернетда ахборот-таҳлилий материалларни ўзбек тилида узатувчи яна бир ўзбек радиоси пайдо бўлди.

“Uzbek.FM Online radio” узлуксиз шаклда узатиладиган радиоканал Интернетда uzbek.fm домени остида фаолият юрита бошлади, деди ўзбек радиоси тўғрисида Озодлик саволларига жавоб берган канал бош муҳаррири Камоллидин Йўлдош.

- Радио Интернет орқали ҳам узатилиб, 24 соат узлуксиз бўлади. Ҳар куни Тошкент вақти билан кечаси 12 да шу кунги дастур бошланади ва кун давомида янги хабарлар билан янгиланиб туради. Uzbek.fm га кириб, шу жойда “Жонли” тугмачаси бор, ана шу ердан жонли тинглашлари мумкин.

Радио сайтида тингловчилар учун "овозли мактуб" хизмати йўлга қўйилган. Тингловчи радиога фикр-мулоҳазасини микрофон орқали ёзилган овоз тарзида юбориши мумкин. Камолиддин Йўлдош келажакда радиотўлқинларни фазовий каналлардан, сунъий йўлдошлардан узатиш режаси борлигини таъкидлади.

Камолиддин Йўлдош бу радио биринчи навбатда ўзбек тилида сўзлашувчи муҳожирларга мўлжалланганини айтди.

- Бизнинг ҳамкорларимиз Туркия, Россия, Ўзбекистон, Европа, Америкада ҳам бор. Кимга мўлжалланган десак, бу асосан ўзимизнинг ватандошларимиз ҳамда Ўзбекистон ташқарисидаги, Ўрта Осиё мамлакатларидаги Европа ва Америка қитъасидаги меҳнат муҳожирлари, яъни умуман ўзбекчани тушунадиганларга мўлжалланган. Мазмуни ва контентига келадиган бўлсак, ҳозир Ўзбекистонга, ўзбекларга тааллуқли бўлган маълумотларни бериб бориш ва мутахассислар, оддий тингловчилар фикр-мулоҳазаларини ёритиб бориш,- дейди Камолиддин Йўлдош.

Муҳаррир “Uzbek.FM”да маданият, санъат, спорт, тиббиёт, Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихига оид таҳлилий мавзулар билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари, адолат ва эркинликлар учун кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.

Ўзбек радиоси муаллифлари бу радионинг оддий тингловчиларга минбар сифатида хизмат қилиши ва келажакда жамоатчилик радиосига айлантириш истагида эканини яширмади.

- Бизда бир нечта мустақил медиаресурслардан ташқари ўзбек тилида ижод қилаётган ресурслар йўқ. Шунинг учун бизнинг ташаббус гуруҳимиз иш бошлади. Биз бирор давлат, ҳукумат ёки сиёсий-ижтимоий ҳаракатларга боғлиқ жойимиз йўқ. Биз Ўзбекистондаги вазиятга ислоҳот ўтказиш, ижобий тарафга ўзгартириш йўлида қилаётган ҳар қандай гуруҳ ёки фаоллар билан албатта ҳамкорлик қилиш ниятидамиз, улар учун эшигимиз доимо очиқ. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, бизга ўз ёрдамини аямаётган дастакчиларимиз ҳам бор. Масалан, Ўзбекистон Халқ Ҳарақатининг баъзи аъзолари биз билан ҳамкорликда, бошқа фаоллар ҳам бор. Лекин ЎХҲ бизнинг информацион сиёсатимизни белгиламайди. Ижодкор гуруҳимиз белгилаган тамойилларимиз – бу объективлик, холислик.

Суҳбат сўнггида бош муҳаррир Камолиддин Йўлдош барча тингловчилар учун “Uzbek.FM Online radio” эшиги доимо очиқ эканини алоҳида таъкидлаб, уларни ҳамкорликка чақирди.

Маълумки, бугунги кунда Марказий Осиё минтақасидан ташқарида ўзбек тилида “Озодлик”, “Би-Би-Си”, “Америка овози”, “Эрон ўзбек радиоси”, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг “Туркистон” медиа-портали радиоси фаолият юритиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG