Линклар

logo-print

Боласи пахтада ўлган урганчлик она халқаро кузатувчилар билан учраштирилмади


Uzbekistan - Uzbek girls are picking cotton in Tashkent region, undated

Uzbekistan - Uzbek girls are picking cotton in Tashkent region, undated

21 октябрь куни Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Ғалаба қишлоғида пахта терими пайтида ўлиб қолган 16 яшар Эркабой Йўлдошевнинг онаси Дилфуза Жуманиёзова ва отаси Шуҳрат Йўлдошев 24 октябрь куни бу масалани ўрганиш истагини билдирган халқаро кузатувчилар билан учрашишни истамади.


Бу йил биринчи марта пахта мавсуми даврида Ўзбекистонга бориб¸ болалар ва мажбурий меҳнат вазиятини ўрганишга изн олган БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари билан учрашишни истамаган Шуҳрат Йўлдошев ва унинг рафиқаси Дилфуза пахтага мажбуран чиқарилган фарзандининг “табиий ўлим оқибатида” ўлгани ва бу юзадан "коллеж раҳбарияти ва туман ҳокимиятига ҳеч қандай эътирози йўқлиги"ни изҳор қилган.

Мажбуран пахтага чиқарилган ва 21 октябрь куни ётоқдалиги пайтида вафот этган 16 ёшли Эркабой Йўлдошнинг отаси билан Озодлик 25 октябр куни қисқа суҳбат қилди.

Суҳбат чоғида марҳумнинг отаси “ҳеч кимга эътирози йўқлиги ва ҳеч нарсадан норози эмаслиги"ни билдирди. Тинглаганда ëдлаб олинган каби таасурот уйғотувчи баёнотни айтган Шуҳрат Йўлдошев ўзи ва оиласини "тинч қўйишларини" ҳам талаб қилди.

Озодликнинг Урганчдаги манбасига кўра, пахтага соппа-соғ олиб кетилиб¸ 22 октябрь куни жасади қайтарилган Эркабойнинг оиласига маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ва маҳалла оқсоқоллари тарафидан халқаро кузатувчилар билан учрашмаслик тавсия қилинган.

Аввалига марҳумнинг 35 яшар онаси Дилфуза Жуманиёзова пахтага соппа-соғ юборилган боласининг ўлими сабаблари аниқлаш учун жаҳд қилган эди.

- Нима учун боламни бундай қилишди? Мен жанжал қиламан. Мен энди қиламан жанжални,- деган эди 22 октябрь куни Озодликка гапирган Дилфуза Жуманиёзова.

23 октябрь куни БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари билан ҳамкорлик қилаëтган ҳуқуқ фаоли қўнғироғига жавоб берган Дилфуза Жуманиёзова улар билан учрашувга рози бўлган.

Ўша куни Озодлик билан суҳбатлашган Эркабойнинг аммаси ҳам бу маълумотни тасдиқлаган эди:

- Телефон қилишди, лекин. Биз уларга уйга келинг¸ гаплашайлик¸ дедик¸ аммо ҳозирча ҳеч ким келмади¸- деди Эркабойнинг аммаси.

Аммо 24 октябрь куни пахтада ўлган Эркабойнинг ота - онаси Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари билан учрашишдан узил-кесил бош тортди.

Бу оиланинг 16 яшар фарзанди Эркабой Йўлдошев Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида пахта тераётган пайтда ўлиб қолган эди.

Ўқитувчилари Урганч Саноат касб-ҳунар коллежи 1-курсида ўқиган бола ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини Озодликка айтишди.

Урганч туман ҳокимининг Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари ва республика бўйлаб ташкил этилган пахта штабининг ушбу тумандаги мутасаддиси Равшан Сапаев ҳам пахта теримига мажбурий сафарбар қилинган Эркабой Йўлдошев ўлими юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

Озодликнинг Урганчдаги манбаларига кўра, айнан Равшан Сапаев боласи пахтада ўлган урганчлик ота-онанинг халқаро кузатувчилар билан учрашишига қарши бўлган.

Бу йил биринчи марта пахта мавсуми даврида Ўзбекистонга бориб¸ болалар ва мажбурий меҳнат вазиятини ўрганишга изн олган БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари 5 ноябрга қадар мамлакатда бўлади.

Бу кузатувчилар учрашаëтган талаба ва ўқувчилар эса¸ Озодлик манбаларига кўра¸ учрашувдан аввал кузатувчиларга нима дейиш борасида обдон “репетиция” қилдирилмоқда.

Зотан сентябрь ойидан бери бу ташкилот кузатувчилари Ўзбекистон вилоятлари бўйлаб мониторинг ўтказмоқда ва болалар ҳамда мажбурий меҳнат вазиятини тадқиқ қилмоқда.

Ташкилотнинг Женевадаги бош қароргоҳи расмийлари¸ айни кунларда кузатувчилар гуруҳининг Ўзбекистонда ўз фаолиятини давом эттираëтганини айта туриб¸ ҳозирча мониторинг натижалари юзасидан матбуотга хабар берилмаслигини билдирди.

Айни пайтда ХМТ расмийси¸ кузатувчиларнинг ўзлари учрашаëтган ўқувчи ва талабаларнинг махсус тайëргарликдан ўтказилаëтгани ва ëлғон маълумот беришга мажбурланаëтганидан хабардорлигини Озодликка билдирган эди.

Айтилишича¸ октябрь ойи охирларида халқаро кузатувчилар гуруҳининг Женевага қайтиб¸ ноябрь ўрталарига қадар Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнат вазиятига оид ўз хулосаларини эълон қилиши кутилмоқда.

Расмий Тошкент халқаро кузатувчиларни Ўзбекистонда 18 ëшгача бўлган ўқувчиларнинг пахтага чиқмаëтганига ишонтиришга уринаëтган бўлса-да¸ пахтага мажбуран олиб чиқилаëтган ўқувчи-талабалар орасида кўпайиб бораëтган ўлим ҳолатлари асл вазиятни намойиш қилмоқда.

Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнатга оид вазиятни кузатиб келаëтган мустақил гуруҳлар¸ жамоатчиликни мажбурий меҳнат¸ айниқса¸ 18 ëшга тўлмаганларни пахтага олиб чиқиш ҳолатлари юзасидан фактларни ошкор қилишга чақирмоқдалар. Бу ҳақда Озодлик веб саҳифасида эълон қилинаëтган маълумот ва фактларнинг халқаро кузатувчилар томонидан синчиклаб ўрганилаëтгани айтилмоқда.

Болалар ва мажбурий меҳнатга оид барча маълумотлар¸ хусусан¸ сурат ва видеотасвирларни Озодликка йўлланг. Бунинг учун OzodSkype, OzodlikOnline Скайп манзиллари¸ шунингдек Озодликнинг WhatsAppдаги +420 724 971 539 рақамига хабар йўлланг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG