Линклар

Москвада яна бир ўзбекистонлик меҳнат муҳожири номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди. Уни ўз ҳимоясига олган Москва минтақаси ўзбеклар диаспораси аъзолари бош суяги ёрилган ва оғир аҳволда шифохонага ётқизилган бухоролик 24 ёшли Илҳом Маҳмудовнинг калтаклаб кетилиши юзасидан маҳаллий полиция жиноий иш очмаганини маълум қилди.



19 октябр куни Москванинг Ғарбий маъмурий округидаги Толбухин кўчасида 24 ёшли ўзбекистонлик Илҳом Маҳмудовга рус миллатига мансуб номаълум шахслар ҳужум қилиб, уни оғир жароҳатлади.

Ўша кунги воқеани эслар экан, Илҳом кечки соат 11 лардан кейин ишдан қайтаётиб сигарет сўраган уч нафар маҳаллий рус йигитлари қуршовида қолганини айтади.

- Мошинани қўйдим. Магазинда телефонга пул ташладим ва қайтишда телефонда гапириб келаётувдим, булар тўхтатиб сигарет сўради. Мен “Сигарет йўқ”, дедим. “Унда олиб кел!”, деди, мен эса “Пулим ҳам йўқ, олиб ҳам келмайман!”, дедим. Кўринишини эслаб қолмадим яхши, чунки орамизда 2-3 метр масофа бор эди, қоронғу эди. Ёш, биз қатори йигитлар. Кейин 10-15 метр юрувдим, телефонни ўчириб киссамга тиқдим. Бирдан орқага қарайман деган эдим пешонамга удар бўлди. Кейин турдим, улар мени силкитди, қўлини орасидан чиқиб қочдим,- дейди боши ёрилган ҳолда уйига келганини Озодликка гапириб берган Илҳомжон.



Оғир жароҳат олган муҳожир биринчи кун уйда ётган, бироқ аҳволи ёмонлашишни бошлаганидан кейин маҳаллий шифохонада уни рентген қилишган ва зудлик билан реанимация бўлимига жарроҳлик операциясига юборишган.

- Кейин мени 67-больницага олиб кетишди. Ёрилган бошимдан осколкаларни олиб, пластик қўйди, чамамда. Бош суякни синдирворган. Кейин шанба куни келасан – ипини ечамиз, деди. Кейин яна қараб кўрамиз, деяпти. Ҳозирча оғриқни сўндирувчи дорилар берди,- дейди 4 кун шифохонада ётиб, хориж фуқароси бўлгани учун чиқариб юборилганини гапирган бухоролик бу йигит.

Суҳбатимиз давомида Илҳом Москвада 4 йилдан бери юк ташувчи “Газель” ҳайдовчиси бўлиб ишлаши гапириб берди.

Москва минтақасидаги ўзбеклар жамияти Илҳомнинг калтакланиши юзасидан бирор маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораси тергов очмаганини айтмоқда. Москва вилояти Ўзбеклар жамияти раиси Тимур Муҳамедов Озодликка шифохона ходимлари бу ҳодиса юзасидан полицияга маълумот берган-бермагани ҳам номаълумлигича қолаётганини айтади.

- Бизга унинг яқинлари қўнғироқ қилишди ва биз уни шаҳарнинг 67-шифохонасида жарроҳлик бўлимида эканини яқинларидан билиб олдик. Биз ўзаро келишиб, бу ҳодиса юзасидан жиноий иш очилганми, нима бўлганини аниқлашга киришдик. 24 октябр куни уни топиб, кўриб келдик. Операциядан кейин кўриниши жуда ёмон эди: боши бинтланган, юзи шишиб кетган, кўзлари кўкарган... Аҳволи жуда оғир. У ўз чўнтагидан операцияга ва бир неча кунлик шифохонадаги муолажага пул тўлаганини аниқладик. Биз врач билан суҳбатлашиб, уни шифохонада қолдирмоқчимиз, чунки уй шароитида етарли тиббий ёрдам кўрсатишнинг иложи йўқ,- дейди Москва вилояти ўзбеклар жамияти раҳбари Тимур Муҳамедов.



Жамият фаоли сўзларига қараганда, ўзбеклар диаспораси маҳаллийлар билан тўқнашувда жароҳат олган Илҳом Маҳмудовга моддий ва юридик ёрдам кўрсатишга тайёр.

У ўзбек муҳожири юзасидан маълумот Ўзбекистон элчихонасига ҳам юборилганини қўшимча қилди.

Озодлик бухоролик Илҳом Маҳмудов билан боғлиқ вазиятни кузатиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 16 октябр куни Москва шаҳар Нагатино туманлараро тергов қўмитаси 52 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг ваҳшийларча ўлдирилиши юзасидан жиноий иш очган. Чавақлаб кетилган муҳожир жасади 15 октябр куни Шарқий Бирюлёводаги темир йўл ёқасидан топилган эди.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси “Новочеркизовский” савдо маркази ёнида 16 октябр куни Озарбайжон фуқароси - 27 ёшли Руслан Гарахайлининг ўлдирилиши юзасидан ҳам айни модда асосида жиноий иш очганини Озодлик хабар берган эди.

Кузатувчилар бу қотилликларнинг Ғарбий Бирюлёволаги 10 октябр куни москвалик Егор Шчербаковнинг ўлдирилиши ва ундан кейин бошланган оммавий тартибсизликлар билан боғламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG