Линклар

Каримова Лара Фабиан концертининг барбод бўлишида "ички кучлар"ни айблади

  • Ҳурмат Бобожон

Лара Фабианнинг Тошкентда концерт бериши муносабати билан чиқарилган афиша.

Лара Фабианнинг Тошкентда концерт бериши муносабати билан чиқарилган афиша.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова белгиялик хонанда Лара Фабианнинг Тошкентдаги концерти бекор қилинишида “ички кучлар”ни айблади. У бошқараётган Фонд Форум белгиялик қўшиқчи концертига олинган билет пуллари эгаларига қайтариб берилишини ваъда қилди.

Каримова хоним ўзининг Твиттердаги саҳифасида “бу ташқи кучларнинг эмас, балки ички кучларнинг инсон ҳуқуқлари учун кураш баҳонасида ўйлаб топган ва амалга оширган фитнаси” эканини таъкидлади.

Аввалроқ Лара Фабиан 27 октябр куни Тошкентда Art Week Style.uz ҳафталиги доирасида ўтказилиши керак бўлган концертини бекор қилганини билдирган эди.

Фабиан Тошкентдаги концерт Ўзбекистон президентининг қизи тарафидан уюштирилаётгани боис у ерда қўшиқ куйлашдан бош тортганини айтганди.

Айни пайтда Гулнора Каримова хомийлигидаги Фонд Форум Тошкентда Лара Фабиан концертининг бекор қилингани учун томошабинлардан узр сўради ва олинган билет пуллари эгаларига ноябр ойида қайтариб берилишини ваъда қилди.

Лекин Фонд Форум вакилининг Озодликка айтишича, 27 октябр кунига мўлжалланган концерт бўлади, у ерда Лара Фабиан ўрнига россиялик хонанда Валерия қўшиқ куйлайди.

-Сўнгги дақиқаларда концерт дастурига ўзгартиш киритилди. Фабиан ўрнига Валерия бўлади. Олинган билетларни кўрсатиб, томошабинлар концертга киришлари мумкин бўлади.Агар кимки Валерияни концертига келишни хоҳламаса билет пуллари 7 ноябр куни қайтариб берилади, - деди Фонд Форум вакили.

Қароргоҳи Францияда жойлашган ACAT (Action des chrétiens pour l’abolition de la torture – “Қийноққа қарши насроний фаоллар”) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти қўшиқчи Лара Фабианнинг Гулнора Каримова томонидан уюштирилган фестивалда иштирок этмаслик қарорини олқишлади.

ACATнинг Осиё бўлими раҳбари Кристин Ларок фикрича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳар куни бузилаяпти ва бу анчадан бери маълум.

Шу сабабли АСАТ ташкилоти дунёга донғи кетган хонандани Ислом Каримовнинг “диктаторлик режимига витрина бўлиб хизмат қилмаслик”ка чақирган эди.

- АСАТ Лара Фабианнинг диктатор қизи ҳузурида қўшиқ айтишдан бош тортганини олқишлайди. Бу ўз мухолифларини қийноққа солувчи ва болаларни қул сифатида пахта далаларида ишлатувчи режимга тўғри муждани йўллайди, - деди Кристин Ларок.

Асли белгиялик Лара Фабиан Je T'aime қўшиғи билан ўзбекистонликларга таниш.
Гулнора Каримованинг аввалги хос маъракаларини обод қилган хорижлик Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабале, Род Стюарт, Таркан, Хосе Каррерас каби санъат юлдузларининг Тошкентга келиши учун уларнинг ҳар бирига камида 1 миллион евродан тўлангани айтилади. Уларнинг айримлари кейинчалик халқаро майдонда қаттиқ танқидга учраганди.

Стингнинг Тошкентда, Гулнора Каримова ҳузурида қўшиқ айтгани ҳақидаги хабарлар Британия матбуотида пайдо бўлгач, у баёнот бериб, Ислом Каримов ва унинг диктатураси ҳақида, унинг биқиқ мустабидона тафаккури ҳақида гапирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG