Линклар

logo-print

Жамшид Мухторов судида рухсатсиз олинган материаллардан фойдаланилади


Жамшид Мухторов.

Жамшид Мухторов.

АҚШнинг Денвер шаҳридаги маҳкамада терроризмга алоқадорликда гумонланган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторовнинг айбини исботлаш учун рухсатсиз олинган кузатув материалларидан далил сифатида фойдаланилади. Мухторовга қўйилган айблов исботланса, у 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.


АҚШнинг Колорадо штати Денвер шаҳридаги маҳкамада расмийлар терроризмга алоқадорликда гумонланган ўзбекистонлик қочқин Жамшид Мухторовнинг айбини исботлаш учун мамлакат адлия тизимида биринчи марта рухсатсиз олинган кузатув материалларидан далил сифатида фойдаланади.

Буни АҚШ прокурори Жон Валш 26 октябр кунги маҳкамада Мухторовнинг адвокатига маълум қилди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, бундай амалиёт 1978 йилда қабул қилинган “Хорижий разведка хизматларини кузатиш акти”га мувофиқ қўлланилади.

Мухторовга Покистондаги террорчи “Исломий жиҳод иттифоқи” ташкилотини қўллаб-қувватлаганлик айби қўйилган.

АҚШ махсус хизматлари Жамшид Мухторовнинг телефон сўзлашувларини ордерсиз, яширинча эшитиш ва электрон мактубларини ўқиш орқали унинг террорчи гуруҳ билан алоқада бўлгани ва гуруҳга ўз ёрдамини таклиф қилганини ўрганган.

Ўз мактубларидан бирида Мухторов “ҳатто ҳаётини қурбон қилиш ҳисобига бўлса ҳам ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр экани”га ишора қилган.

Мухторов 2012 йилнинг 21 январ куни Истанбул шаҳрига учиб кетмоқчи бўлган пайтда Чикаго халқаро аэропортида ҳибсга олинганда.

Қўлга олинган пайтда унинг ёнидан 2800 доллар, иккита янги iPhone қўл телефони, iPad ва GPS аппарати топилган.

Террорчиларга ёрдам берганлик айблови бўйича Мухторов билан бирга 45 ёшли ўзбекистонлик Бахтиёр Жумаев ҳам судланмоқда.

Жумаевга қўйилаëтган айбловлар орасида у Жамшид Мухторовнинг банк ҳисоби рақамига 300 доллар пул ўтказгани ҳам бор. Жумаев Мухторовдан қарз бўлгани ва пулни ўша қарзни тўлаш учун ўтказганини айтган.

АҚШ матбуотига кўра, “Исломий жиҳод иттифоқи”га моддий ва жисмоний ëрдам кўрсатишда айбланаëтган Жамшид Мухторов ва Бахтиëр Жумаев ўзига қўйилаëтган айбловларни инкор қилган.

Дастлаб Ўзбекистонда ташкил этилгани айтиладиган “Исломий жиҳод иттифоқи” 2004 йили Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратураси биносига ҳужумлар уюштирганликда айбланган.

Ҳужумлардан сўнг АҚШ Давлат департаменти “Исломий жиҳод иттифоқи”ни халқаро террорчи гуруҳлар рўйхатига киритган.

2007 йилда Германия прокуратураси ҳам мамлакатдаги АҚШ ҳарбий объектларига қарши террор ҳужумлари режалаган гуруҳнинг фош этилгани ва қўлга олинганлар “Исломий жиҳод иттифоқи” аъзолари эканини даъво қилган эди.

Мазкур гуруҳнинг Афғонистондаги НАТО қўшинлари, хусусан, 2008 йилда халқаро кучлар постига ҳужум қилгани айтилади.

Жамшид Мухторов ва Бахтиëр Жумаевга қўйилаëтган айблар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ иккала ўзбекистонлик 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG