Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:07

6 ой аввал портлаган "Чўлқувар" газ кони яна ишга туширилмоқда


Қаршилик кончилар Озодликка йўллаган видеода акс этган ёнғин тасвири.
Қаршилик кончилар Озодликка йўллаган видеода акс этган ёнғин тасвири.
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида жойлашган "Чўлқувар" конидан яна газ конденсатини қазиб олишга ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу конда бурғуловчи бўлиб ишлайдиган муҳандис Ўзбекистоннинг нисбатан йирик, бой заҳирага эга бўлган бу кондаги портлаш оқибатларини бартараф этиш учун кўп вақт ва маблағ сарф бўлганини айтди.


Қашқадарё вилоятидаги заҳираси катта ва сифатли саналган "Чўлқувар" конида яна қазиш ишлари бошланди ва тез орада ундан яна газ конденсати олишга умид қилинмоқда.

Бу конда шу йилнинг май ойи аввалида кучли портлаш содир бўлган ва шундан сўнг катта босимда келган газ оқими сўндирилган эди.

Ўшанда катта босим билан фаввора каби отилиб чиқа бошлаган газ ёнғини баландлиги 50-60 метрга етган эди.

Мустақил манбалар портлаш вақтида конда бўлган ишчилар жароҳатлангани ҳақида хабар қилган, расмийлар эса жароҳатланган ва нобуд бўлганлар ҳақидаги хабарларни инкор қилинган эди.

Озодликка боғланган кончилардан бирининг айтишича, у портлаш содир бўлган куни кондан 3 километр узоқликдаги иш жойида бўлган ва портлашнинг қандай содир бўлганини кўрган.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳақиқатда кучли портлаш бўлган ва шу боис унинг оқибатларини бартараф этиш учун қарийб 6 ой вақт кетган.

- Мен 3 километр узоқликда эдим. Ёнғин бизгача кўринганда. Биз Миришкордан Нишонга уйга қайтганимизда ҳам олов кўриниб турган. Шунақа қаттиқ бўлган портлаш. Сабаби энди, конни устига қуйиладиган растворни технигимиз енгил ташлаб қўйган бўлганда. Кейин газ босим билан келиб, кришкани кўтарворган. Шундан портлаш бўлган, - деди 6 ой аввалги ҳодисани хотирлаган кончи.

Кончининг сўзларига кўра, ҳозир чуқурлиги 3 минг 600 метрга етган конда қазиш ишлари бораяпти. Лекин ҳали газ келгани йўқ.

- Труба 3 минг 600 метргача тушади. Қазишяпти ҳозир. 2-3 ҳафта узоғи билан бир ой ичида газ конденсат яна чиқишни бошлади, деб турибмиз. Ҳозир кон қазиб олишга тайёр,- деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган кончи.

Озодлик мухбири бу конга мутасадди бўлган "Ўзбекнефтгаз" холдинги ва "Ўзгеобурнефтгаз" акциядорлик ширкатидан бу борада бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади.

"Чўлқувар" газ кони 2008 йилда очилган ва 2010 йилда ундан сифати тоза экани айтилган газ кондсетини қазиб олиш ишлари бошланган эди.

"Ўзгеобурнефтгаз" акциядорлик ширкати раҳбарияти замонавий бурғулаш ускунлари билан жиҳозланган Чўлқувар конини ўшанда катта сармоялар эвазига очилган Сечанпул, Кўкдумалоқ, Гармистон каби конлар орасидаги энг бой заҳира, деб топган эди.

3 минг - 3 минг 600 метр чуқурликдан қазиб олина бошлаган газ кондсенсати Муборак нефтни қайта ишлаш заводига етказиб берилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 188 та газ ҳамда газ кондсенсати заҳираси аниқланган ва улардан 60 тага яқинидан хомашё қазиб олинмоқда.
XS
SM
MD
LG