Линклар

Обид қори издошларининг суд ҳукми тафсилотлари очиқланди


Маҳкумларга “Обид қори Би-Би-Си меҳмони” эшитиришидан нусха олиб, тарқатганлик айби ҳам қўйилган.

Маҳкумларга “Обид қори Би-Би-Си меҳмони” эшитиришидан нусха олиб, тарқатганлик айби ҳам қўйилган.

Ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори Назаровга алоқадорликда айбланиб, узоқ муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган олти киши устидан ўқилган ҳукм тафсилотлари орадан олти ой ўтиб очиқланди. Бу вақт ичида маҳкумлардан бирининг ўлиги қамоқхонадан чиқди.


Ўтган йилнинг кузида ҳибсга олиниб, жорий йил апрелида Тошкент шаҳар жиноий ишлар маҳкамаси томонидан диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбдор деб топилиб, узоқ муддатларга қамалган олти кишининг суд ҳукмига оид тафсилотлар маҳаллий матбуот орқали 26 октябрь куни очиқланди.

Ёйинланган хабарларга кўра, пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилган 39 яшар Абдурашид Хорунов, 45 яшар Шуҳрат Тожибоев, Олмазор туманида истиқомат қилган 33 яшар Бобур Каримов ва 45 яшар Аҳмаджон Каримов ҳамда 40 яшар Хушмурод Ҳакимов, Учтепа туманидан 36 яшар Абдувоҳид Абдураҳмоновлар Швецияда муҳожиратда яшаётган "Обид қори Назаров бошчилигидаги жиҳодчилик гуруҳига алоқадорлик"да айбдор деб топилган.



Суд ҳукмидан хабардор uz24.uz сайтининг ёзишича, Шуҳрат Тожибоев “Обид қорининг Тошкентдаги ўнг қўли сифатида кўрилган, Абдурашид Хорунов эса Швециядан жўнатилган пуллар учун жавобгар кассир бўлган”.

Ушбу шахслар маҳкамадаги кўрсатмаларида “ҳар ойда Обид қори Назаров жўнатган пуллардан 2 мингдан 20 минг АҚШ долларигача ойлик олиб туришганини тан олишган”.

Иддао қилинишича, “гуруҳ аъзолари ўз хизматлари учун сўнгги уч йил давомида Швециядан жами 100 минг АҚШ доллари миқдорида пул ва тилла тақинчоқларни олган”.

Бу пулларга гуруҳ аъзолари битта Нексия ва Матиз машинаси ҳамда компьютер жиҳозлари харид қилгани айтилаяпти.

Бу жиҳозлар ёрдамида гуруҳ аъзолари “Диннинг уч асоси”, “Ал-Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб”, “Жамоат бўлиб намоз ўқишга бирлашиш” каби бир қанча китобларни CD ва DVD дискларини кўпайтириб, тарқатишда айбланганлар.

Шунингдек, гуруҳ аъзоларига “Обид қори Би-Би-Си меҳмони” эшитиришидан нусха олиб, тарқатганлик айби ҳам қўйилган.

Суд ҳукмига кўра, гуруҳга тегишли Нексия, Матиз, комьютер жиҳозлари ва тилла тақинчоқлар мусодара қилинган.

Қамалганлардан бири 9 йилга кесилган Абдувоҳид Абдураҳмоновнинг майити жорий йилнинг августида Навоий қамоқхонасидан уйига жўнатилди.

Марҳумнинг яқинларига кўра, Абдувоҳид Абдураҳмонов ўтган йилнинг ноябр ойига қадар танишларидан пул йиғиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган диндор маҳкумларга озиқ-овқат¸ кийим-кечак олиб бориб турган. У айнан танишларидан хайрия йиққани боис Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати назарига тушган.

Маҳкама жараëнини кузатган ва исми ошкор қилинишини истамаган Озодлик манбасининг айтишича¸ Абдувоҳид Абдураҳмонов ва у билан қамалган яна беш киши қийноқлар воситасида диний экстремистик гуруҳга аъзолик ва Конституцион тузумга тажовуз қилиш каби қатор айбларига “иқрор қилдирилган”.

Манбанинг айтишича, Абдувоҳид Абдураҳмоновнинг танишлари ҳам тазйиқлар боис “фош қилувчи кўрсатмалар” беришга мажбур бўлишган.

Манбага кўра¸ тергов мобайнида Абдувоҳид Абдураҳмонов билан бирга қўлга олинган 39 ёшли Абдурашид Ҳоруновнинг рафиқаси 15 суткага қамалиб, эрининг танишларига қарши кўрсатма беришга мажбурланган.

Ана шундан кейин Абдувоҳид Абдураҳмонов ва яна беш нафар тошкентлик фуқаро маҳкама томонидан ҳижратдаги имом Обидхон қори Назаровнинг тарафдори ва "Жиҳодчилар" гуруҳи фаоли деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

55 яшар Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган эди.

Яқинларидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ўшандан бери Назаров шифохонада комада ётибди.

1996 йилнинг ёзида расман имомликдан олинган Обид қори Назаровга нисбатан 1998 йилнинг 5 мартида жиноий иш қўзғатилди.

У кишига Ўзбекистон ЖК нинг 159-, 244-, 216-моддалари асосида Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз, таъқиқланган диний ташкилотлар тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва диний экстремизм, яъни “Ваҳҳобийлик” оқимига алоқадорлик ҳақидаги айбловлар қўйилди.

Кейин эса юртни тарк этишга мажбур бўлган уламо 2000 йилдан то 2006 йилгача Қозоғистонда, 2006 йилдан кейин расман қочқин, деб тан олиниб, Швецияда яшай бошлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG