Линклар

logo-print

Самарқандда 25 яшар йигит ўзини портлатиб юборди (Янгиланди)


Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Самарқандда амалга оширилган портлашга алоқаси йўқ.

Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Самарқандда амалга оширилган портлашга алоқаси йўқ.

26 октябрь, шанба оқшоми, соат 21.40 ларда Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчасида жойлашган “Жавоҳир” ресторани орқасидаги ахлатхона олдида бир шахс ўзини портлатиб, ҳалок бўлди. Самарқанд вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги ишончли манбадан Озодлик олган маълумотларга қараганда, ўзини портлатган шахс 1988 йили туғилган Дониёр Ориповдир. Портлашдан Дониёрнинг укаси, 1995 йилда туғилган Дамир Орипов яраланган, шу кунда у касалхонада даволанмоқда.


Самарқанд шаҳрининг Хўжагунжоиш маҳалласида истиқомат қилиб келган Дониёр Орипов баданига боғланган қўлбола бомбани портлатган. Портлатманинг кучи тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.

Худкуш портлашдан бир неча дақиқа олдин воқеа юз берган жой яқинидаги ошхонага кирган, у ерда одам озлигини кўргач, ошхона ёнидаги дўконга кирган. У дўконга кириши биланоқ ортидан милиция ходимлари кириб боради ва худкуш бу жойдан ҳам қайтиб чиқиб кетади.

Шундан сўнг Дониёр Орипов “Жавоҳир” ресторани орқасидаги ахлатхона ёнига ўтади. Манбанинг айтишича, “у баданига боғланган бомбани ечмоқчи бўлади ва портлаш юз беради”.

Айтилишича, Дониёр Орипов ва унинг укасининг қандайдир бир ташкилотга алоқаси бор-йўқлиги тўғрисида, умуман, улар амалга оширган ҳуруж сабаб ва мотивлари тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.

Воқеа юзасидан вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

“Ориповлар оиласи маҳаллага қўшилмас эди”

Озодликнинг Самарқанд шаҳри, Хўжагунжоиш – 2 маҳалласидаги манбасидан олинган маълумотларга қараганда, худкуш Дониёр Орипов туғилиб, вояга етган оила бу маҳаллага тақрибан 10 йил муқаддам қўшни маҳалладан кўчиб келган.

Дониёрнинг отаси (З.О.) 1962 йили Хўжагунжоиш – 2 га қўшни Чорбоғ маҳалласида, онаси (М.С.) 1968 йили Хўжагунжоиш -1 да туғилган.

1988 йилда туғилган Дониёрнинг ўзидан 1 ёш катта акаси ва ўзидан 7 ёш кичик укаси бор. (Ука - Дамирнинг портлаш чоғида яралангани тўғрисида юқорида хабар қилинди). Манбанинг айтишича, Дамир танасининг 35-40 фоизи, асосан оёқлари куйган.

Худкуш Дониёр уйланган, 2 яшар фарзанди бор.

Ориповлар оиласидаги 4 эркакнинг ҳаммаси қурувчи-усталардир.
Оила бошлиғи пайвандчи уста, катта ўғил дурадгор уста, марҳум Дониёр сувоқчи уста, касалхонада даволанаётган Дамир дурадгор устадир.

“Бу оилани ночор оилалар сафига қўшиб бўлмас эди”, деди манба.

Маҳалла вакилининг айтишича, Ориповлар Хўжагунжоиш – 2 маҳалласига кўчиб келганидан буён мазкур маҳалла ижтимоий ҳаётига, ҳатто тўйларга ҳам қўшилган эмас.

Маълум бўлишича, худкуш Дониёр жорий йил ёзида Россияга ишлаш учун борган ва у ерда 3 ой юриб, 28 август куни қайтиб келган.

Маҳалла вакилининг айтишича, Дониёрнинг қандайдир бир диний экстремистик ташкилотга аъзо бўлгани сезилган эмас. “Соқол қўйган эмас, масжидга кўп қатори жума намозигагина борарди, қўни-қўшнилари ҳам бирон бир бегона билан мулоқот қилганини кўрган эмас”, деди манба.

Аксинча, Дониёрнинг ичкиликка ружу қўйгани ҳам сезилган эмас.

“Дониёрнинг ўзини ўзи портлатиб юборганига нима сабаб бўлгани тўғрисида маҳаллада кўпчилик ўйланаяпти, лекин ҳеч ким бирон бир жўяли фикрга кела олгани йўқ “, деди маҳалла вакили.

Тинглаётганингиз материал эфирга тайёрланаётган соатларда (28 октябрь, Тошкент вақти билан соат 15 атрофи) Дониёр Ориповнинг жасади моргда эди. Унинг қачон дафн этилиши номаълум.

Марҳумнинг уйи милициянинг махсус кучлари томонидан қуршаб олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG