Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:56

МХХ қийноққа солган шахс оғир аҳволда реанимацияга тушди


WhatsApp орқали Озодликка йўлланган бу сурат қийноққа солинган А. Акбаровга тегишли экани айтилди.
WhatsApp орқали Озодликка йўлланган бу сурат қийноққа солинган А. Акбаровга тегишли экани айтилди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкентдаги идораларидан бири ертўласида қийноққа солингани айтилган 57 яшар Атҳам Акбаров шу кунларда пойтахтдаги 7-сонли клиник шифохонада оғир аҳволда қолмоқда. Озодликка ишончли манбалар орқали берилган хабарда Акбаровнинг "гиёҳвандлик моддаларини тарқатишда айбланган"и айтилди.



1956 йилда туғилган Атҳам Акбаров шу кунларда оғир аҳволда Тошкент шаҳридаги 7-сонли шифохонанинг реанимация бўлимида қолмоқда.

Озодликнинг ушбу шифохонадаги ишончли манбасидан олинган маълумотга кўра, "57 яшар бемор Акбаров Атҳам Ўроқович оғир тан жароҳатлари билан шифохонага келиб тушган".

"Ҳамма специалистлар кўриб чиққан, бу кишида аралаш жароҳат: бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, кўкрак қафаси ва икки томондан қовурғалар синган. Гематоракслар ( Ўпка пардасига қон тўпланиши - Таҳр.) йўқ, нафас олиши яхши, қорин тинч. Лекин ҳозирча энцефалопатия (Мия жароҳати - Таҳр.) аломатлари бор, ҳали савол-жавобга тайёр эмас", деди шифохонадаги Озодлик манбаси.

Ундан олинган маълумотга кўра, бемор бош миясидан олган оғир жароҳат боис ҳозирча ақли-ҳушига тўлиқ қайтган эмас.

Бу "аралаш тан жароҳатлари", шифокорларнинг якдил хулосаси бўйича, одатан оғир калтакланиш оқибатида олинадиган жароҳатлардир.

Шифохонага оғир аҳволда олиб келинган бемор Акбаров Атҳам Ўроқовичнинг калтакланганини эътироф этаётган шифокорлар буни унинг касаллик варақасида қайд этмагани айтилмоқда.

Озодлик манбасига кўра, калтакланган беморни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари шифохонага олиб келгани ва бунга оид кўрсатма бўлгани боис унинг калтаклангани расмий ҳужжатларда қайд этилмаган.

"Бу беморнинг варақасига зинадан йиқилиб тушган, деб ёзилган. Унинг ёнига ҳеч ким қўйилаётгани йўқ, яқинлари ҳам келгани йўқ", деди Озодлик манбаси.

57 яшар Акбаров Атҳам Ўроқовичнинг қўлга олинганини ўрганган Озодликнинг яна бир манбасига кўра, бу шахс шу йилнинг 26 октябрь куни МХХ томонидан ҳибсга олинган.

"Бемор Акбаров Атҳам Ўроқович 1956 йилда туғилган. СНБ подволида 25 октябрда наркотик моддаларни таркатишда гумони билан калтакланган. Бемор МХХ ходимлари томонидан калтаклангандан сунг 7 шаҳар клиник шифохонаси реанимация бўлимига 8 та қовурғалар синиши билан тушди. Ҳозир реанимация бўлимида аҳволи оғир", деб ёзди Озодлик манбаси.


Манба ушбу хабарга бир суратни ҳам илова қилди ва чапда кўриб турганингиз суратнинг Акбаров Атҳамга тегишли экани айтилди.

Озодлик ҳозирча бу суратнинг 7-сонли клиник шифохонада ётган 57 яшар Акбаров Атҳам Ўроқовичга тегишли эканини бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқлашга муваффақ бўлгани йўқ.

Шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини тарқатишда гумон қилиниб, қўлга олинган 57 яшар Акбаровнинг шахсига оид бошқа маълумотларни аниқлаш имкони ҳам бўлмади.

Аммо Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ертўласига тушиб қолган шахсларнинг қийноққа солинишига оид ҳолатлар кўп кузатилади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи диний-сиёсий мотивлар асосида айбланган ва МХХ томонидан ҳибсга олинган фуқароларга нисбатан одатан қийноқ қўлланилишини айтиб келади.

Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ҳам мамлакатдаги қамоқхона ва вақтинчалик сақлаш тергов изоляторларида қийноққа солинган тутқунлар ҳақидаги ҳисоботларни тақдим қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG