Линклар

АҚШ разведкаси Испанияда ҳам телефонларни тинглаган бўлиши мумкин


Испанияда чиқадиган “El Mundo” газетаси АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги 2012 декабр ойидан 2013 йилнинг январигача испанияликларга доир 60 миллионта телефон суҳбатини тинглаганини кўрсатувчи ҳужжатни эълон қилди.

“El Mundo” газетасининг душанба куни ёзишича, бу ҳужжатни МХАнинг собиқ ходими Эдвар Сноуден тақдим қилган.

Бу хабар МХА Францияда миллионлаб телефон суҳбатларни тинглагани ҳамда Германияда Канцлери Ангела Меркелнинг телефонини кузатганига оид иддаолар ортидан пайдо бўлди.

АҚШда чиқадиган “Wall Street Journal” газетасининг душанба куни ёзишича, президент Барак Обама бу ҳақда август ойида хабар топганидан кейин Меркелнинг телефони эшитувдан олинган. Газетанинг маълум қилишича, август ойида Оқ уйда ўтказилган ёпиқ мажлисда МХА дунёнинг 35 етакчиси телефонларини тинглаганига оид маълумотлар ошкор бўлган. Ўшанда АҚШ тарихда биринчи марта жаҳон етакчилари телефонларини тинглагани очиқ тан олган эди.
XS
SM
MD
LG