Линклар

“Маиший мавзудаги киноларга томошабин кирмай қўйди”


"Ўкинч" филмининг афишаси.

"Ўкинч" филмининг афишаси.

Ўзбек кинотомошабинлари ҳаëт ҳақиқати акс этган киноларни истаяпти дейди Озодлик билан суҳбатлашган Алишер Навоий номли кинотеатр раҳбари. Киноси муваффақият қозонмаган санъаткор эса кинотеатр мулозимларини уқувсизликда айблади.



“Санъат-маъно” киностудиясида жорий йилда режиссер Саид Мухторов суратга олган “Ўкинч” фильмига сарфланган маблағнинг олтидан бири ҳам қопланмади.

Озодликка маълум бўлишича¸ Тошкентдаги Алишер Навоий номли кинотеатрда фильм илк бор намойиш қилинганида¸ жуда кам сонли томошабин картинани чипта сотиб олиб, катта экранда кўришга истак билдиришган.



“Ўкинч” фильми ижодкорларидан бири исмини айтмаслик шарти билан бизга мактуб йўллаб¸ фильм Алишер Навоий номли кинотеатр раҳбарининг “ғаразли нияти” боис атайлаб “муваффақиятсизликка учратилганини” иддао қилишди.

Мактубдан иқтибос келтирамиз:

“Ўкинч” деган кинога 60 миллион сўм сарфладим.10 миллион сўмини ҳам чиқариб ола олмадим. "Панорама" (Тошкентдаги Алишер Навоий номли кинотеатри) директори 68 ëшли Обид Маҳкамович киномизни провал қилиб берди. Сабаби бошқарув у кишини қўлида. Киномиз қўйилаëтган пайтда “Олтин гепард” фестивали бошланди. Ўша фестивални баҳона қилиб¸ бизнинг кино намойишини 6 кунга тўхтатди. Кеча борсам қайтиб олмайман сенинг кинонгни деб кабинетидан ҳайдаб солди"¸ деб ëзилади мактубда.

Бу мактуб ортидан Алишер Навоий номли кинотеатр раҳбари Обид Маҳкамович Холиқов билан боғландик.

Озодлик билан суҳбатда кинотеатр раҳбари “Ўкинч” фильми томошабинлар келмагани учун репертуардеан олиб ташланганини айтди:

- “Бу мазмунан сайëз фильмни томошабин қабул қилмади. Чипта олиб киришмади. Мен қўлимдан келганини қилдим. Кинотеатрдаги 12та залдан хоҳлаганида намойиш қилишга шароит яратдим. Лекин мен қизиқарсиз кинога томошабинни мажбурлаб олиб кира олмайман. Тижорий муваффақият қозонмаган бўлса¸ бу аввало киночи айбни ўзидан қидирсин. Томошабинни қизиқтира олмаган бўлса бу ақлли киночи нега мени айблайди? Ўзбек киноси фақат “Ўкинч”дан иборат эмаску?¸- дейди суҳбатдош.

"Аланга" дея бошланиб "Ўкинч"га айланган кино

2013 йил суратга олиниб, 21 сентябрьда экранларга чиқарилган “Ўкинч” фильми аксарият ўзбек кинолари учун хос бўлган маиший мавзуда.

Фильмда синглисидан юз ўгирган ака¸ етим қолган болалар ва бошқа оилавий можаролар тасвирланган.

Филм қариндош-уруғлар, жигарлар орасидаги меҳр-оқибат туйғуларига бағишланган.

Олдинига "Аланга” номи билан суратга олиниб, кейинроқ "Ўкинч” номи билан катта экранларга чиқарилган фильмнинг бадиий раҳбари Ўзбекистон Халқ артисти Пўлат Саидқосимов ҳисобланади.

Сценарий муаллифлари Саида Ваҳобова ва Феруза Фаттоҳовалардир.

Фильмда бош ролларни Улуғбек Қодиров, Севара Солиева ва Камолиддин Қосимов ижро этган.

Ҳинд фильмларига тақлидан олинган бу фильмда кутилмаганда бойиб кетган бир йигитнинг ўз қариндошларини менсимай қўйгани тасвирланади.

Фильмни суратга олиш жараëнида режиссер Саид Мухторов ва продюсер Камолиддин Қосимов ўртасида чиққан низо матбуотга кўчган эди.

Таниқли кинорежиссёр Рустам Обидов маиший мавзудаги фильмнинг муваффақият қозонмаганида мантиқ кўради:

- Бу ерда кинозал раҳбари эмас балки киночи айбдор. Қачонгача оилавий можаро билан томошабинни авраймиз. Камбағалдан бой бўлиб қариндошини менсмаган одам ҳақида мингинчи кино бу. Шу келин-куëв¸ қайнана-келиндан бошқа мавзу йўқми. Бу киночини энди шу келин-куëвлар билан бир тўшакда ëтиши қолди ўзи. Наҳотки ўзбекни бундан бошқа дарди йўқ, деб таъкидлаган Рустам Обидов ўзбек киноси мавзу доирасини кенгайтириб, халқ дардини акс эттирсагина томошабин меҳрини қозонади деган фикрни илгари сурди.

- Бир-бирига ўхшайдиган бўлса, кимга керак у?! Ҳар бир киночи ўз овози билан ўз дардини, қолаверса, халқ дардини айтиши керак. Халқнинг дарди бир ëқда қолиб, олди-қочдилар ҳақида ҳикоя қиладиган кинонинг кераги йўқ. Бу ерда Панорамини раҳбари Обид Маҳкамовични танқид қилиш ортиқча. Агар билсангиз Обид Маҳкамович ўзбек киночининг жонкуяридир. Айнан у кишининг ҳизмати билан томошабинлар кинозалга қайтди,- дейди Рустам Обидов.

Ҳозирда Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган ташкилотлар сони 700 га етган.

“Ўзбеккино” миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда йилига 70 дан зиëд бадиий фильм суратга олиниб, экранларга чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший мавзудаги, кам бюджетли фильмлар Марказий Осиëдаги кинотомошабинлар тарафидан яхши қабул қилинаяпти деган фикрлар мунаққидлар тарафидан айтиб келинади.

Болливуд йўлидан кетаëтган ўзбек киносининг сони кўпайгани сайин сифат пасайиб кетяпти, деган танқидлар ҳам айтилмоқда.

Режиссер Саид Мухторов суратга олган маиший мавзудаги “Ўкинч” филмининг томошабинлар тарафидан қабул қилинмагани бу танқидларда жон борлигига ишоратдай кўринди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG