Линклар

logo-print

Грузия Президенти сайловида кўпчилик овозини Маргвелашвили олди


Георгий Маргвелашвили сайловчилар 62 фоизининг овозини олди

Георгий Маргвелашвили сайловчилар 62 фоизининг овозини олди

Грузия Марказий сайлов комиссияси тарқатган дастлабки маълумотларга қараганда, бу мамлакат Президенти сайловида Бош вазир Бидзина Иванишвилининг иттифоқчиси кўпчилик овозини олди.

Комиссия якшанба куни ўтказилган сайловда берилган овозларнинг деярли барчаси санаб бўлинганини, етакчи “Грузия орзуси” коалициясидан кўрсатилган номзод Георгий Маргвелашвили сайловчилар 62 фоизининг овозини олганини душанба куни хабар қилди.


Президентлик муддати якунига етган Михаил Саакашвилининг “Яхлит миллий ҳаракат”идан кўрсатилган номзод Давит Бакрадзе 22 фоизга яқин овоз олган.

“Атиргул инқилоби” лидерларидан бири ва парламентнинг собиқ спикери Нино Буржанадзе учун сайловчилар 10 фоизи овоз берган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Грузия Президенти сайловини ижобий баҳолаб, унинг “ошкора” ўтганини эътироф этди.

ЕХҲТ кузатувчилари миссияси раҳбари Жоао Соареш (Joao Soares) сайлов “тоза” ўтгани тўғрисида гапирар экан, “Грузия демократияси улғайиб қолганини” таъкидлади.

Давит Бакрадзе мағлубиятини тан олди. Буржанадзе Маргвелашвили ва Бакрадзеларни сайловни сохталаштирганликда айблади.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, овоз бериш жараёнида кўламли қонунбузарликлар қайд этилгани тўғрисида шикоятлар йўқ. Овоз беришга сайловчиларнинг 46,6 фоизи қатнашган.

Сайлов натижалари тўғрисида гапирар экан, президентликка номзод Маргвелашвили бундай деди:

- Бугунги кун биз учун фавқулодда муҳим кундир, чунки жуда осойишта ва европача андозаларга мос сайлов бўлиб ўтди. Бу сайлов демократик кучлар бирикувига, сиёсий курс консолидациясига хизмат қиладики, натижада бу жараён мамлакатимизни чинакам Европа давлатига айлантиради.

Саакашвили сайлов натижаларидан хафсаласи пир бўлганини изҳор этар экан, уни “Грузия истиқболи учун жиддий мағлубият”, деб атади.

Айни пайтда, амалдан кетаётган Президент ўз тарафдорларини сайлов натижаларини тан олишга ва ҳурмат қилишга чақирди.

- Президент сайлови бўлиб ўтди, Грузия янги Президент сайлаб олди. Мен овоз беришда иштирок этган ҳар бир сайловчига миннатдорчилигимни изҳор этаман, чунки натижаларидан қатъиназар, ҳар бир сайлов мамлакатимизда демократия ривожига ҳисса қўшади. Деморатия сиёсий тизимимизнинг тамалидир ва биз бундан фахрланишимиз лозим.

2004 йилдан буён Президентлик лавозимини эгаллаб келган Саакашвили учун номзодини учинчи муддатга кўрсатишга мамлакат конституцияси изн бермайди.

Асосий қонунга киритилган ва якшанба кунги сайловдан сўнг кучга кирадиган ўзгартишларга биноан Грузия Президенти ваколатлари доираси кескин торайиб, улар ҳисобига Бош вазир ваколатлари кенгайтирилган.

Бидзина Иванишвилининг “Грузия орзуси” коалицияси ўтган йилги парламент сайловида Михаил Саакашвилининг “Яхлит миллий ҳаракат”идан ўзиб кетган эди.

Грузия янги Президенти 17 ноябрь куни қасамёд келтиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG