Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:47

Самарқандлик талабалар яна пахтага қайтарилди


Пахта йиғим теримидан қайтаётган самарқандлик талабалар автобусдан туширилиб, яна далага ҳайдалди.
Пахта йиғим теримидан қайтаётган самарқандлик талабалар автобусдан туширилиб, яна далага ҳайдалди.

Бир кун олдин пахта йиғим-теримидан қайтишга рухсат берилган Самарқанддаги олийгоҳлар талабалари 28 октябрдан яна далага ҳайдалди. Самарқанд вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига кўра, кун исиб қолгани боис талабалар кучидан яна бироз фойдаланишга қарор қилинган.



Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти талабаларидан Озодликка келган хабарда вилоятдаги барча олийгоҳларнинг талабаларига 27 октбярь куни пахтадан қайтишга рухсат берилган, бироқ эртасига теримчи талабалар яна далага чиқарилган.



“Кеча талабаларни олиб кетиш учун автобусларда махсус колонна келди. Ҳаммамиз нарсаларни йиғиштириб, автобусга жойлашгандик. Лекин жойлашишимиз билан ҳаммани автобусдан қайтадан туширди ва яна пахта терасизлар деб айтилди. Худди шу ҳол Самарқанд чет тиллар институтида ҳам такрорланди. Бу нима аҳвол? Бу қанақа сиёсат? Кимнинг буйруғи бу?”, дейилади талабалардан келган хабарда.

Самарқанд Тиббиёт институти талабаларидан етиб келган хабар ҳам айни шу мазмунда.

“Кеча бизни қайтармоқчи эди. Бугун - 28 ноябр куни соат эрталабки 6:00да яна подъём берилиб, далага чиқаришди”, дейилади бўлажак шифокорлар хабарида.

Ушбу хабар ортидан Озодлик мухбири дастлаб Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтининг пахта штаби масъулларидан бири билан боғланди. Мазкур олийгоҳ пахта штаби вакили бу хабарни тасдиқлади.

- Самарқанд вилоятидаги олийгоҳларнинг барчаси пахта-йиғим теримига қолдирилди. Ҳозирча неча кунга қолдирилгани номаълум. Буни ҳокимият билади. Мен айта олмайман. Ҳеч ким билмайди, неча кунга қолдирилганини,- деди Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтининг пахта штаби масъули.

Самарқанд чет тиллар институти ва Самарқанд Тиббиёт институтидан ҳам худди шу мазмундаги жавоб бўлди.

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими вилоятдаги олийгоҳлар талабаларини пахта йиғим-теримига қайтариш ҳақидаги оғзаки буйруқ берилганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, ҳаво совигани боис талабаларни пахтадан қайтаришга рухсат берилган, бироқ кейинги кунларда ҳаво исигани боис уларни яна бир неча кун пахта теримига жалб қилишга қарор қилинган.

24 октябрдан бошлаб, Тошкентдаги олийгоҳлар, жумладан, Тошкент Ирригация ва Мелиорация институти, Шарқшунослик институтининг ҳашарчилари пахта йиғим теримидан қайтди.

Шунингдек, айрим вилоятларда коллеж талабалари ҳам пахтадан қайтарилди.

Лекин айни пайтда вилоятлардаги олий ўқув юртлари талабалари ҳамон пахта даласида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG