Линклар

Ўзбек оғир атлетикачиси илк бор жаҳон чемпиони бўлди


Руслан Нуриддинов 22 ёшида жаҳон чемпиони бўлди.

Руслан Нуриддинов 22 ёшида жаҳон чемпиони бўлди.

Полшада ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида қатнашган ўзбекистонлик 8 спортчидан бири Руслан Нуриддинов ўз рақибларини 21 килога ортда қолдириб, 105 килогача вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлди. Руслан спортнинг мазкур тури бўйича жаҳон чемпиони бўлган ўзбекистонлик илк спортчидир.

Ўзбекистонлик спортчи Руслан Нуриддинов ўзбек спортчилари орасида биринчи марта оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлди.

Бунгача Осиё чемпиони бўлган Руслан Нуриддинов Полшанинг Вроцлав шаҳрида ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида 105 кило вазн тоифасигача бўлган спортчилар орасида силтаб кўтаришда 190 кило, даст кўтаришда 235 кило штангани кўтариб учта олтин медални қўлга киритди.

Қуйидаги видеонинг 45 - дақиқасида ва 121 - дақиқаларида Руслан Нуриддиновнинг силтаб кўтариш ва даст кўтариш бўйича икки олтин медал учун курашгани тасвирланган.

Умумий кўрсаткичда ўзбек пахлавони 425 кило натижага эришиб, ўз рақиблари - иккинчи ўринни олган Давид Беджанянни 20 килога, учинчи ўринни олган Бартоломей Войцех Бонкани 21 килога ортда қолдирди.

Руслан шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, Ўзбекистон гимни ижро этилди.

Руслан Нуриддинов 1991 йилнинг 24 ноябрида Андижон вилоятида туғилган. У ўзининг биринчи олтин медалини Бирлашган Араб Амирликларида 2009 йилда ўтказилган Осиё чемпионатида қўлга киритган эди.

2011 йилда у Францияда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медал олган.

2012 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган мусобақада Осиё чемпиони унвонига эга бўлиб, Лондон Олимпиадасида жаҳоннинг энг кучли оғир атлетикачилар тўртлигидан жой олган.

77 кило вазн тоифасигача бўлган штангачилар орасида ўзбекистонлик Улуғбек Алимов кумуш ва бронза медалларга сазовор бўлди. У даст кўтаришда 197 килони кўтариб кумуш медални қўлга киритди, умумий кўрсаткичда 355 кило натижага етгани учун бронза медалига сазовор бўлди.

Улуғбек Алимовнинг мусобақадаги чиқиши қуйидаги видеода:

Жаҳон чемпионатида Ўзбекистондан 8 та оғир атлетикачи иштирок этди. Улардан тўрт нафари-Марина Сисоева, Руслан Макаров, Маҳлиё Тоғаева ва Манзурахон Мамасолиева жаҳоннинг энг кучли штангачилари ўнлигидан жой олди.
Команда ҳисобида ўзбекистонлик штангачилар Россия, Хитой ва Шимолий Кореядан кейинги тўртинчи ўринни эгаллади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG