Линклар

Ўзбекистон иқтисодий жозибадорлик бўйича минтақада охирги ўринда


World -- Doing Business 2012 report online screenshot, undated

World -- Doing Business 2012 report online screenshot, undated

Жаҳон банкининг Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда тузган Doing Business-2014 рейтингида Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан бир неча поғона юқорилаган бўлса-да, мамлакат бу соҳада ҳамон МДҲ давлатларидан ҳам, Марказий Осиёдаги қўшниларидан ҳам орқада қолмоқда.

Бизнес юритиш бўйича ўтган йилги рейтингда 154-поғонада бўлган Ўзбекистон, Doing Business расмий сайтида қайд этилишича, бу йил 8 поғона юқорилаб, 146-поғонага кўтарилган.

Бироқ бу соҳада ўтган йилдагидан позициясини бироз яхшилаган Ўзбекистон собиқ иттифоқдош давлатлардан анча орқада. Дейлик, у 8-поғонани эгаллаб турган Грузиядан 138 поғона пастда. Ўзбекистон бу борада 17-поғонадаги Литвадан ҳам, 22-поғонадаги Эстониядан ҳам, 24-поғонадаги Латвиядан, 37 поғонадаги Арманистондан ҳам, 63-поғонадаги Белоруссиядан ҳам, 70-поғонадаги Озарбайжондан ҳам, 78-поғонадаги Молдавиядан ҳам ва 92 поғонадаги Россиядан анча ортда.

МДҲнинг Европага яқин бошқа мамлакатлари у ёқда турсин, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакат орасида ҳам Ўзбекистон бизнес юритиш бўйича энг охирги позицияни эгаллаб турибди - Жаҳон банки рейтингида Қозоғистон 50-поғонани, Қирғизистон 68-поғонани, Тожикистон эса 143-поғонани эгаллаб турибди. Мазкур рейтингда Туркманистонга оид маълумотлар йўқ.

Doing Business-2014 рейтингида биринчи ўринни яна Сингапур эгаллаган. Бу мамлакат бизнес юритиш бўйича саккиз йилдан буён биринчиликни қўлдан бермай келаяпти. Жабҳадаги пешқадамлар қаторига яна Ҳонг Конг, Янги Зеландия, АҚШ, Дания, Норвегия, Буюк Британи, Жанубий Корея ҳамда собиқ совет республикаси бўлмиш Грузия каби мамлакатлар киритилган.

МДҲ давлатлари орасида бизнес юритиш шароитини яхшилаш энг катта муваффақиятга Украина эришган – бир йил ичида бу мамлакат 140-поғонадан 112-поғонага кўтарилолган.

11 йилдан бери юритиб келинаётган рейтингда жаҳондаги 189 мамлакат тадбиркорликка оид 10 мезон бўйича баҳоланган. Бунга янги бизнес очиш учун сарфланажак вақт ва маблағ, қурилишга рухсат олиш, электр энергиясига уланиш имконияти, мулкка эгалик ҳуқуқини қайддан ўтказиш, кредит олиш, сармоядорлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, солиқ тўлаш, халқаро савдо-сотиқни амалга ошириш, шартномалар бажарилишини таъминлаш, банкротлик процедуралари кабилар киради.

Мазкур рейтингда бирор мамлакат мавқеининг юқори бўлиши бу ерда бизнес юритиш осонлигини англатади. Ўз навбатида, бу мамлакат иқтисодиётига инвесторларни жалб қилишда қатор қулайликлар яратади. Рейтингдан англашилишича, Ўзбекистон бу соҳада ҳамон жозибадор бўлмаган мамлакатлар қаторида қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG