Линклар

logo-print

Жаҳон чемпиони Руслан Нуриддинов: Қизларга вақтим йўқ, фақат спорт!


Руслан Нуриддинов Польшадаги мусобақа пайти.

Руслан Нуриддинов Польшадаги мусобақа пайти.

Андижонлик 22 яшар Руслан Нуриддинов ўзбек спортчилари орасида илк бор оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Чемпион йигит Озодликка берган эксклюзив суҳбатида кейинги режаси Бразилияда ўтадиган олимпиадада муваффақиятга эришиш эканлиги ҳақида гапирди.


"Бошим айланиб қолди"

27 октябрь куни Польшанинг Вроцлав шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Руслан Нуриддинов ўз рақибларини 21 килога ортда қолдириб, 105 килогача вазн тоифасида эркаклар баҳсида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.

Руслан Озодликка берган интервьюсида жаҳон чемпиони бўлишга ишонгани, бироқ ҳозирча бу мувафаққиятни тўла ҳис қилмагани ҳақида гапирди.

- Ҳаяжон мусобақадан олдин бўлади. Мусобақа пайти ҳаяжон йўқолади. Шоҳсупага чиқаëтган вақтингизда фақат ғурур бўлади. Ватанингизнинг шарафини ҳимоя қилганингизга, ватандошларнинг кутганларини оқлаганингизга, ҳаммаси хурсандчиликка тақалиб кетаверади... Мусабақадан кейин ота-онам табрикладилар. Аниқ эсимда йўқ ким табриклагани. Чунки муваффақиятдан кейин озгина ҳаяжон босиб қолади барибир ҳам.

Озодлик: Бошингиз айланиб қолдими?

- Ҳа, бошингиз айланиб қолади, каллангиз ишламай қолади. Шунинг учун ҳалигача аниқ англаганим йўқ нима бўлди, жаҳон чемпиони бўлдимми- бўлмадимми¸ ҳамма “жаҳон чемпионисан” деяпти, лекин ўзимга унақа бир ҳиссиëт йўқда ҳали. Англаганим йўқ охиригача, дейди Руслан кулги аралаш.

Русланнинг икки акаси ҳам оғир атлетика билан шуғулланган. Беш ёшидан бошлаб акаларининг машғулотларини томоша қилишга борган Русланнинг ўзи ҳам ҳали саккиз ёшига кирмасдан оғир атлетика билан шуғуллана бошлади.

"Хонабод жуда тинч эди!"

Руслан ўзбек-қирғиз чегарасидаги Хонабод шаҳрида туғилиб, ўсган. Русланнинг айтишича, болалик йилларида Хонабод анча тинч шаҳар бўлгани боис ёшлар орасида спорт билан шуғулланишга имкониятлар кўп бўлган.

Хонабодлик чемпион Руслан Нуриддинов.

Хонабодлик чемпион Руслан Нуриддинов.

- Мен спортга кириб келган вақтимда Хонабод жуда тинч, осойишта жой эди. Ҳеч қанақа уруш, ҳеч нарса бўлмаган. Чегаралар очиқ эди. Напряжение йўқ эди. Ўша пайтда бизда иккита оғир атлетика зали бор эди, дея эслайди чемпион йигит.

Руслан 2016 йилги олимпиадада албатта мувафақиятга эришишга аҳд қилган:

- Тахминан 20 кундан кейин президент кубоги бор Россиянинг Москва шаҳрида. Ҳозир аниқ маълум бўлгани йўқ, бораманми ëки бормайманми, лекин шунгача мен тренировка қилаяпман. Ҳали 20 кун тренировка қиламан ва ҳеч қаерга боролмайман. Кейинги йил жаҳон чемпионати бўлади. У олимпиадаги чиқиш имконини берувчи жаҳон чемпионати ҳисобланади. Тўғри олимпиадага йўлланма берадиган жаҳон чемпионати ҳисобланади. Биз учун масъулиятли мусобақа. Кейин Осиë ўйинлари бор. Умуман тўхташ ният йўқ. Биринчи вазифам 2016 йили Рио де Жанейрога бориш. Бу олдинга қўйилган энг катта вазифа, дейди Руслан.

Руслан Озодлик билан суҳбатда ҳали оила қуришга эрта эканлиги, ҳозирда "қизларга қарашга" умуман вақти йўқлиги, фақат спорт билан машғул экани ҳақида ҳам гапирди. Бу ҳақда тўлиқ равишда қуйида тинглашингиз мумкин:



Битта чемпионатда бирданига учта медал!

Руслан Нуриддинов Вроцлав шаҳрида ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида 105 кило вазн тоифасигача бўлган спортчилар орасида силтаб кўтаришда 190 кило, даст кўтаришда 235 кило штангани кўтариб учта олтин медални қўлга киритди.

Умумий кўрсаткичда ўзбек пахлавони 425 кило натижага эришиб, ўз рақиблари - иккинчи ўринни олган Давид Беджанянни 20 килога, учинчи ўринни олган Бартоломей Войцех Бонкани 21 килога ортда қолдирди.



Руслан Нуриддинов 1991 йилнинг 24 ноябрида Андижон вилоятида туғилган. У ўзининг биринчи олтин медалини Бирлашган Араб Амирликларида 2009 йилда ўтказилган Осиё чемпионатида қўлга киритган эди.

2011 йилда у Францияда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медал олган.

2012 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган мусобақада Осиё чемпиони унвонига эга бўлиб, Лондон Олимпиадасида жаҳоннинг энг кучли оғир атлетикачилар тўртлигидан жой олган.

77 кило вазн тоифасигача бўлган штангачилар орасида ўзбекистонлик Улуғбек Алимов кумуш ва бронза медалларга сазовор бўлди. У даст кўтаришда 197 килони кўтариб кумуш медални қўлга киритди, умумий кўрсаткичда 355 кило натижага етгани учун бронза медалига сазовор бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG