Линклар

logo-print

@GulnaraKarimova ҳокимиятга интилмаётганини ёзди


Гулнора Каримованинг Твиттердаги саҳифасидан олинган скриншот, 2013 йилнинг 29 октябри

Гулнора Каримованинг Твиттердаги саҳифасидан олинган скриншот, 2013 йилнинг 29 октябри

Бироз олдин Twitter саҳифасида совет диктатори Иосиф Сталин ўғли ҳақидаги рус фильмидан таъсирланганини ёзган @GulnaraKarimova энди "дўзаxий жой", деб таъриф бергани "ҳукмдорлик"ка интилмаётганини билдирди. Бу каби баёнотлар орасида у ҳали қиш келмасдан чироғи ўчиб, гази узилаётган Ўзбекистон халқига ҳамдардлик ҳам билдириб ўтди.



30 октябрь куни Twitter микроблогида аввалгидан ҳам фаолроқ бўлиб қолган @GulnaraKarimova газ ва чироқ дарди билан боғланаётган фолловерларига ўзининг ҳукмдор эмаслигини эслатди ва ҳокимиятга интилмаётганини ёзди.

Мамлакат ҳокимиятини бошқараётганни "ҳукмдор", деб таърифлаган @GulnaraKarimova ҳукмдорнинг ўрнини "дўзаxий жой" деб баҳолади:


"Мен-ҳукмдор эмасман!)) ва бу дўзаxий жойга етаман, деб ўлиб-тирилаётганим йўқ...", деб ёзди жумладан @GulnaraKarimova.

Аммо, 2012 йилнинг декабр ойида ўтказган матбуот анжуманида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова амбицияли ва зиёли бир шахс сифатида ўзини ҳеч қандай имкониятлардан, хусусан, президент бўлиш имкониятидан ҳам маҳрум этмаслигини айтган эди.

Ўшанда Celebrity Scene News PR ва РИА Новости ахборот агентлиги мухбирларининг: “Ўзингизни Ўзбекистоннинг потенциал президенти сифатида кўрасизми?” деган саволига Каримова хоним: “Амбицияли ҳамда мияси жойида ва интилувчан ҳар бир одам потенциал давлат раҳбари бўлиши мумкин”, деб жавоб қайтарган эди.

Шунингдек, у: "Мен баъзида ўзим учун потолок (имкониятларим чегараси демоқчи-таҳр) нима, деган саволга жавоб беришга қийналаман, лекин ўзимни ривожланаётган инсон сифатида аниқ чегара қўйилмаган киши деб ҳисоблайман", деб таъкидлаган эди.

Орадан бир йил ўтиб бу даъвосининг том-тескарисини Twitter микроблогида баён қилган Гулнора Каримова фикрини нима сабабдан ўзгартирганига изоҳ бермаган.

Аммо, шу кунларда айнан шу ижтимоий тармоқда деярли 24 соат давомида битик қолдираётган @GulnaraKarimova унинг шу кунга қадар ФондФорум жамғармаси ва бошқа ташкилотлар доирасида қилаётган ишлари тўхтаб қолганини ёзмоқда.


"... мана энди кўпчилик тушуниб етадики, менинг қилган ҳамма ишларим - катта меҳнат талаб қиларди ва жимгина ўтириб ҳамма нарсани йўққа чиқараётганлар билан доимий курашни талаб қиларди", деб ёзди @GulnaraKarimova.

29-30 октябрь куни Twitter лентасида қолдирган ўнлаб твитлари давомида у, ҳатто, шу микроблогда ёзиб туриш имкнидан ҳам маҳрум қолиши мумкинлигига ишорат қилди.



Бошқача айтилса, унинг 30 октябрь куни қолдирган твитлари 29 октябрь кунги ёзувларида собиқ совет диктатори Иосиф Сталиннинг ўғли Василий Сталин ҳақидаги фильм қаҳрамони тақдиридан нега бу қадар таъсирланганига бироз ойдинлик киритганданй бўлди.

29 октябрь куни @GulnaraKarimova Твиттерда: “...Ўртоқ Сталин бўлган ва бор... ва у менинг отамдир! Ва бу то мен ўлгунча шундай бўлиб қолади....” В.Сталин (“Халқлар Отасининг ўғли” фильмидан), деб ёзди.


Гулнора Каримованинг бу битигига жавобан Лидия Никитина исмли Твиттер фойдаланувчиси “Биз сизни нима безовта қилаётганини англадик”, дея луқма ташлади.

Илвира Мамажонова исмли фойдаланувчи эса Гулнора Каримовани “ота-онамизни ўз ихтиёримиз билан танламаймиз, улардан, жилла қурса, бизга ҳаёт бахш этганлари учун ҳам фахрланамиз, ота-оналаримиз - бизнинг фахримиз”, дея юпатган бўлди.

Айни пайтда stas исмли фойдаланувчи Каримова хонимга мулоҳаза билдиришда эҳтиёткорроқ бўлишни тавсия қилди.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ўтган ҳафтадан бери актив босим остида қолгани кузатилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, шу кунда Ўзбекистонда Гулнора Каримовага алоқадор кўрилган аксар муассасаларда тафтишлар давом этмоқда. Каримова хонимга дахлдорлиги айтиладиган теле ва радиоканаллар эфирдан мосуво қилинган, "Terra Group" ширкатининг банкдаги ҳисоб рақамлари эса музлатилган.

Ўзига дохил оммавий ахборот воситалари фаолияти фалажлатилганидан сўнг Гулнора Каримова мазкур воқеаларга асосан Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали ўз муносабатини билдирмоқда.

Каримова хоним зикр этган фильмда Совет Иттифоқини қарийб 30 йил бошқарган ва, тадқиқотчиларга кўра, ўз ҳукмронлиги даврида 750 мингдан ортиқ “халқ душмани”нинг ёстиғи қуришига, 3,5 миллиондан зиёд фуқаронинг қамоқда чиришига сабаб бўлган совет диктатори Иосиф Виссарионович Сталин (Жугашвили) ва унинг оиласи, хусусан, севимли ўғли Василий тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

Айни пайтда, айрим тадқиқотчилар Сталиннинг Иккинчи жаҳон урушида совет қўшинларининг ғалаба қозонишида ва урушдан кейинги йилларда мамлакатда тинчлик-осойишталикнинг сақлаб турилишида ҳиссаси улкан эканини эътироф этадилар.

“Халқлар Отасининг ўғли” фильмида Сталиннинг эрка ўғли Василийнинг ҳаёт йўли, жумладан, отасининг ўлимидан сўнг у дуч келган қийинчиликлар акс этган.

Сталин ўлимидан сўнг Василий аксилсовет ташвиқоти учун саккиз йилга қамалган. Кейинчалик ундан барча айбловлар олиб ташланган, бироқ Василийга отасининг фамилиясини ташиш ва Москвада яшашга изн бермаганлар.

Василий Иосифович Сталин (Жугашвили) 1962 йили 41 ёшида Қозон шаҳрида алкоголдан заҳарланиш оқибатида ўлган. Орадан кўп йиллар ўтгач, Василийнинг учинчи хотини Капитолина Васильева эрининг ўз ажали билан ўлганини шубҳа остига қўйган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG