Линклар

logo-print
“Тошкентда кечалари жуда совуқ – 0 даража атрофида. Лекин кўп қаватли уйларга иссиқлик берилгани йўқ”.

Озодлик тингловчисидан бу шикоят етиб келган куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида ҳокимлик “Тошкент шаҳар иссиқлик манбаларидан айланма ҳаракатни ишга тушириш тўғрисида” 28 октябрь куни қарор қабул қилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди.

Лекин хабар мазмунидан пойтахт бўйлаб ёппасига иситиш қачон бошланиши тушунилмайди.

Озодлик мухбирининг аниқлашича, вилоятларда ҳам иситиш мавсуми қачон бошланиши номаълум қолмоқда.


Тошкент шаҳар ҳокимининг 840-қарори тўғрисидаги расмий сайт хабарида “Тошкент иссиқлик электрмаркази” ОАЖ, “Toshkent issiqlik markazi” ОАЖ, “Тошиссиққуввати” ИЧБ унитар корхоналарига шаҳар хўжалигини 2013-2014 йилги иситиш мавсумига тайёрлаш дастурига биноан марказлашган иссиқлик таъминоти тизимининг барча қисмларини текшириш имкониятини таъминлаш учун 28 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракатини ишга туширишни таъминлаш” топширилгани айтилган.

Лекин хабар давомидан иситиш мавсуми 28 октябрдан бошланади, деган маъно чиқмайди: “...туман ҳокимликлари назорати остида болалар ва даволаш муассасаларини синов тариқасида иситилишга киришилиши белгиланди” дейилган расмий сайт хабарида.

Республика Гидрометеорология хизматининг расмий сайтига кўра, 30 октябрь кеч соат 8 дан 31 октябрь кеч соат 8 гача тунда 4-6 даража, кундузи 11-13 даража илиқ бўлади.

"Тошиссиқликқувват" корхонасининг ўзини таништирмаган масъул амалдорларидан бирининг Озодликка айтишича, иссиқлик мавсуми қаторасига сўнгги 5 куннинг бир кеча-кундуздаги ўртача ҳарорати +7дан баланд бўлмаган тақдирда бошланади.

Иситиш мавсуми вилоятларда ҳам бошлангани йўқ.

Масалан, Ангрендаги кўпқаватли уйлар ва социал объектларни иситишга масъул корхона вакили Озодлик саволига жавоб берар экан, “иситишни Тошкентдан буйруқ келганида бошлаймиз”, деди.

Бошқа бир қатор шаҳар “иситувчиларидан” ҳам шундай жавоб олдик.

Айни пайтда оддий фуқаролар иситиш мавсумини бошлаш заруратини ҳарорат кўрсаткичлари ҳисоб-китобига қараб эмас, уйи ва ишхонасидаги ҳароратга қараб ҳис қилади.

Жиззахдаги давлат муассасаларидан бири ходимаси Озодлик саволларига бундай жавоб берди:

Озодлик: Иссиқлик сизларга берилдими? Сиз ўтирган бинода иссиқлик борми?

- Йўқ ҳали. Биз совқотаяпмиз. Барибир ҳаво совуқда. Уйимиз росаям совуқ.


Озодлик: Уйни ўзинглар иситсанглар бўлмайдими?

- Уйда газ йўқ. Газ йўқ бўлса қандай иситамиз?


Озодлик: Газга уланганми ëки умуман газ келмаганми?

Уланган. Газ келган. Газнинг ўзи йўқ.


Озодлик: Электр печка қўйсангларчи?

- Электр печка қўйсак, счëтчигимиз ташлаб юборади.


Бу Жиззахдаги аҳвол эди.

Узоқ Тахиатошда ҳам шундай кўриниш. Бу ердаги Иссиқлик электр станцияси ходимидан сўрадик:

- Уйингиз иссиқми?

- Йўқ, совуқ. Газ оз.

Бир неча йилдан бери ўзбекистонликларнинг аксарияти газ ва электр қуввати тақчиллигидан қишда совуққотиб келмоқда. Йилдан-йилга одамларнинг куни ўтин-кўмирга қолмоқда.

Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида яшовчи Акбар ака бу йилги қишни ўтин ёқиб чиқармоқчи.

Озодлик: Акбар ака, қишга тайëрмисиз? Кўмир, ўтин ғамлаб олдингизми?

- Кўмир йўқ, ўтин олдик.


Озодлик: Кўмир нима учун йўқ?

- Билмадим. Ҳали дараги йўқ, келгани йўқ.


Озодлик: Газ йўқми газ?

- Газ икки йил бўлди узиб қўйганига Пахтачидан.


Озодлик: Газни ўчириб қўйганми?

- Ўзи у ëқдан келмайди. Туби йўқда. Катта линияда йўқ газ, келмаяпти.


Озодлик: Ўтиннинг қанчасини неча пулга олдингиз? Қанақа ўтин олдингиз?

- 180 минг сўмга олдик.


Озодлик: Бирор машина чиқадими у?

- Ҳа, бир тележкада.


Озодлик: Қиш чиқара оласизми ўша ўтин билан?

- Ҳа, қишни чиқаради. Мевали дарахтларнинг ўтини борку, шунақадан ҳам бир тележка оламизда.


Озодлик: Яна оласизми?

- Ҳа, оламизда яна. Қиш келаверсин қани
, деди Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида яшовчи Акбар

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG