Линклар

logo-print

OzodJavobнинг бугунги сонида "Қўшфуқаролик тан олинмайдиган Ўзбекистонда бошқа бир давлат фуқаролигига ҳам ўтган ўзбекистонлик муаммога дуч келиши мумкинми?" деган саволга жавоб излаймиз.

Кейинги бир неча йил мобайнида йилига 5000 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси Green Card соҳиби сифатида АҚШга кўчиб кетмоқда. Уларнинг кўпчилиги кейинчалик ушбу мамлакат фуқаролигини олаяпти.

Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонликлар сони эса йил сайин кўпаймоқда. Шунингдек, дунёнинг бошқа турли давлатларидан фуқаролик олаётган ўзбекистонликлар сони ҳам оз эмас.

Аксар ҳолларда бошқа давлат фуқаролигини олган шахслар Ўзбекистон фуқаролигидан ҳам воз кечмаяпти, яъни иккита паспорт эгасига айланаяпти.

Хориж фуқаролигини олган айрим ўзбекистонликлар томонидан OzodJavobга бўлган мурожаатларда “Бошқа давлат паспортига эга бўлган тақдирда Ўзбекистонга бориб-келишда муаммо туғилмайдими?” қабилидаги саволлар кўпайди.

Жумладан, Москва шаҳрида яшаётган самарқандлик Жамшид исмли муштарий, Россия фуқаролигини олгани ва Ўзбекистонга боришга қўрқаётгани ҳақида ёзди:

“Мен 7 йилдан буён Москвада яшайман. Ўтган йили Россия фуқаролигини олдим. Лекин Ўзбекистон паспортини топширмадим. Яқинда Самарқанддаги қариндошлар тўй қилаяпти. Лекин икки паспортим борлиги учун боришга қўрқаяпман. Мени қамаб қўйишмайдими? Борсам Россия паспортини олиб қўйишмайдими?”

"Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 1-боби 10-моддасида Ўзбекистон фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмаслиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг паспорт ва фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи мутахасисига кўра, хориж фуқаролигини олган шахснинг Ўзбекистон фуқаролигида қолишига қонунда ҳеч қандай тўсқинлик йўқ.

“Бошқа давлат фуқаролигини олган шахс Ўзбекистонга келган тақдирида, унинг иккинчи фуқаролигини тан олмаймиз. Фуқаро аэропорт ҳудудига кирганидан бошлаб, у Ўзбекистон фуқароси сифатида қабул қилинади. Лекин фуқарода иккита паспорт бўлса, унга нисбатан қонунда бирор бир жиноий ёки маъмурий жавобгарлик кўзда тутилмаган”, - деди ИИВнинг ўзини таништирмаган мутахасиси.

Озодлик мухбири Тошкент халқаро аэропортининг божхона бўлимида ишловчи манба билан боғланиб, қўшфуқароликка эга кишининг хорижга чиқиш тартиби билан қизиқди.

Манбанинг айтишича, хориж фуқаролигини олган ўзбекистонлик чет элга чиқаётганида Ўзбекистон паспорти билан чиқади ва унинг паспортида чиқиш визасининг стикери ёпиштирилган бўлиши шарт.

“Бошқа давлат фуқаролигини олган ўзбекистонликнинг иккинчи паспорти чет элга чиқаётган пайтда ўша мамлакатга чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, яъни виза сифатида қабул қилиниши лозим. Қонунимизда шундай кўрсатилган,”- деди Тошкент халқаро аэропортидаги манба.

Манбамиз айрим ҳолатларда қўшфуқароликка эга ўзбекистонликлар хориждан чиқиш пайти айрим муаммоларга дуч келишини ҳам яширмади.

Унинг айтишича, баъзи ҳамкасблари "бундай ҳолатларга коррупция аралаштиргани боис фуқаролар учун муаммо туғилади".

“Беш бармоқ тенг эмас. Бу каби одамлар ҳамма ерда ҳам бор. Лекин фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билса, ҳеч қандай муаммога дуч келмаслиги мумкин. Баъзида одамларимизнинг ўзи пул тиқиштиради. Чунки ўз ҳуқуқларини билмайди”,- дейди манбамиз.

Қонунда қўшфуқароликка нисбатан жиноий жазо ҳам, маъмурий жазо ҳам кўзда тутилмаса-да, фуқароларнинг муаммога дуч келишлари кузатилади.

Муштарийларимизнинг айтишича, бу масаладаги муаммоларнинг асосийси, чиқиш визаси билан боғлиқ. Хориж фуқаролигини олган ўзбекистонликка чиқиш визаси берилмаслиги мумкин. Одатда чиқиш визаси берилмаслиги сабаби мутассадди ташкилотлар томонидан изоҳланмайди.

Озодлик суҳбатлашган Тошкент шаҳар ИИБсидаги манба ўзбекистонликларга бошқа давлат фуқаролигини олмасликни тавсия қилади:

"Биласизми, чет эл фуқаролигини олган шахс албатта ҳуқуқ-тартибот идораларида рўйхатга олинади. Унинг Ўзбекистонга келиб-кетиши ҳам тўла назоратда бўлади. Кейин президентимиз чет эл фуқролигини олган шахсларни ёқтирмаслигини ҳамма билади. Шунинг учун чет эл фуқаролигини олмаслик энг мақбул йўли".

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов "Биздан озод ва обод ватан қолсин", номли китобининг 2-томи 96-бетида "Икки давлат фуқаролигига мансублик ачинарли ҳолдир. Бу беватанлик билан баробардир", - деб ёзган.

Айни пайтда Ўзбекистон қонунларида икки фуқароликка жазо кўзда тутилмаганига қарамай, айрим ҳолларда хориж фуқаролигини олган шахсларга нисбатан қаътий чоралар кўрилгани маълум.

Жумладан, 2011 йилнинг 11 январида Ўзбекистон ҳарбий трибунали Россия фуқаролигини олган собиқ полковник Юрий Корепановни Ўзбекистон фуқаролигидан ноқонуний равишда воз кечганликда айбдор деб топиб,16 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ўзбекистонда 40 йил хизмат қилган, 2003 йилдан буён Свердловск вилоятида яшаётган Корепанов Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича – чегарадан ноқонуний равишда ўтганлик ва ватанга хиёнат қилганлик учун судланди.

Кейинчалик Россия томонининг кескин норозилиги ортидан полковник Корепанов орадан етти ой ўтгач озод қилиниб, Свердловскка кетишга муваффақ бўлган.


*** *** **** ****** **** ****** ******* *******

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG