Линклар

Forbes рейтинги: Алишер Усмоновнинг жаҳонда нуфузи ошиб бормоқда


Наманганда туғилган миллиардер Алишер Усмонов.

Наманганда туғилган миллиардер Алишер Усмонов.

Forbes журнали томонидан чоршанба куни эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли одамлари-2013” рейтингида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов 63-поғонани эгаллади. Бу йилги рўйхатга сиёсий, иқтисодий, тижорий ва ижтимоий нуфузга эга бўлган 72 нафар арбоб киритилган.

Forbes журналининг аввали йиллардаги рейтинглари солиштирилганда, Алишер Усмоновнинг нуфузи йилдан йилга ошиб бораётгани кузатилади. Жумладан, Алишер Усмонов жаҳондаги энг қудратли одамларнинг 2011 йилги рейтингида 70-поғонани эгаллаган бўлса, 2012 йилги рейтингда 67-поғонани эгаллаган, бу йилги рейтингда эса у яна 4 поғона юқорилаган.

Жаҳон бойлари орасида 34-ўринда турувчи, Россияда эса энг бой одам ҳисобланувчи Алишер Усмонов ўзининг 17,6 миллиард долларлик мулкини асосан металл савдосидан топгани айтилади. Аммо сўнгги йилларда у телекоммуникация, медиа ва технологиялар соҳасига ҳам сармоя ётқиза бошлаган.

2009 йилда Усмоновга тегишли бўлган DST жамғармаси Facebook акциялари олди-соттиси ортидан қарийб 1,5 миллиард доллар фойда кўрган.

Айни пайтда Алишер Усмонов Интернетдаги Mail.ru ва Мегафон уяли алоқа ширкатлари акцияларига ҳамда Лондоннинг Arsenal футбол клубида улушга ҳам эга.

Яқинда у Apple ширкатининг 100 миллион долларлик акцияларини сотиб олди.

Алишер Усмонов ҳозирда “Газпроминвестхолдинг”нинг бош директори бўлиб ҳисобланади.

1953 йилда Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида прокурор оиласида туғилган Алишер Усмонов 1976 йилда Москвадаги Халқаро муносабатлар давлат институтини тамомлаган.

Forbes журнали бу йилги рейтингда дунёдаги энг қудратли одами ўлароқ биринчи ўринни Россия президенти Владимир Путинга берган. Иккинчи ўринни АҚШ президенти Барак Обама, учинчи ўринни эса Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин эгаллаган.

Ўтган йилги рейтингда АҚШ президенти Барак Обама биринчи ўринни, Германия канцлери Ангела Меркель иккинчи ўринни, Россия президенти Владимир Путин эса учинчи ўринни эгаллагандилар.

“Дунёнинг энг нуфузли одамлари” рейтинги АҚШда чиқадиган Forbes журналининг субъектив танлови асосида тузилади. Бу ерда рейтинг иштирокчиси қабул қилган қарор қанча одамга таъсир қилиши, у назорат қилаётган молиявий оқими кўлами, унинг ўз ҳокимиятидан нечоғли фаол фойдалана олиши кабилар нуфузлилик мезони ўлароқ олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG