Линклар

29 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси қошидаги Қийноқларга қарши қўмитада Ўзбекистон расмий вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди. Мазкур йиғинда БМТ экспертларининг жиддий саволларига жавоб бера олмаган Тошкент делегацияси раҳбари¸ гувоҳларга кўра¸ бақир-чақир ва стол муштлаш орқали ҳукумат сиëсатини ҳимоя қилишга уринган.

Ўзбекистон ҳукумати Қийноқларга қарши БМТ конвенциясига 1995 йилда қўшилган ва ўзбек парламенти бу ҳужжатни ратификация ҳам қилган. Аммо мустақил кузатувчилар Ўзбекистон ҳукуматини бу конвенцияни амалда қўпол тарзда бузиб келаëтганликда айблайди.

29 октябрь куни куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги расмий делегация Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси қошидаги Қийноқларга қарши қўмита экспертлари билан учрашди.

Ҳар тўрт йилда ўтказиладиган бу мулоқотда Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўтган йиллар давомида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланганини иддао қилди.

Саидовга кўра¸ ўтгандаги муҳокамаларда БМТ қўмиталари томонидан берилган тавсиялар Ўзбекистон ҳукумати томонидан мунтазам амалга оширилмоқда ва бу борада қабул қилинган миллий дастур амалда ўз самарасини бермоқда.

БМТ қўмитасининг Ўзбекистон делегацияси билан йиғини арафасида 28 октябрь куни инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилот намояндалари БМТ Қийноқларга қарши қўмита вакиллари билан учрашиб¸ Ўзбекистондаги асл вазиятга оид ўз тадқиқот ва хулосаларини тақдим қилдилар.

Amnesty International гуруҳи тадқиқотчиси Julia Hall бу учрашув¸ қолаверса 29 октябрь кунги мулоқотда иштирок этган мустақил ҳуқуқ фаолларидан бири.

Унинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон делегацияси билан суҳбатда иштирок этган нуфузли БМТ экспертлари Тошкент намояндаларига¸ улар иддаосига тескари тарзда¸ мамлакатда қийноқларнинг систематик характерда қолаëтганини таъкидлаганлар.

Бу экспертлар шунингдек¸ болалар меҳнати¸ аëлларнинг мажбуран стерилизация қилинаëтгани¸ мустақил ноҳукумат гуруҳлари ва журналистларнинг Ўзбекистондаги аянчли аҳволига оид жиддий фактларга асосланган саволлар берган.

Аммо обрўли мутахассисларнинг хушмуомала билан берган бу саволларига Акмал Саидов қайтарган жавоб бор овоз билан бақириш ва столни муштлаш бўлди¸ дейди Julia Hall:

- Нафақат ноҳукумат ташкилотлари¸ балки мустақил БМТ мутахассислари¸ ҳукуматлараро тизимлардан тўпланган Ўзбекистонда қийноқлар¸ инсон ҳақларининг топталиши¸ сўз ва эътиқод эркинлигининг йўқлиги¸ мажбурий болалар меҳнати вазиятини тасвирлайдиган жиддий исбот-далиллар қаршисида Тошкент делегацияси имконида бақириш¸ шаллақилик қилиш ва стол муштлашдан бошқа чора қолмади. Акмал Саидов ўз олдига қўйилган улкан исбот-далилларнинг бирортасини инкор қила олмаслигини тушуниб туриб¸ бу ҳужжатларни ҳозирлаган жиддий экспертларни ëлғончига чиқарди¸ уларни сиëсий мотивлар асосида Ўзбекистон обрўсига доғ туширишга уринаëтганликда айблади¸дейди Озодлик билан суҳбатда Amnesty International ташкилотининг БМТ қўмитаси йиғинида бевосита қатнашган тадқиқотчиси Julia Hall.

Аслида Ўзбекистон делегациясига топширилган вазифани уддалашнинг имкони йўқ – мамлакатда инсон ҳақларининг топталаëтгани¸ хусусан 2013 йилги пахта мавсумида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишнинг давом этаëтганига оид инкор қилиб бўлмас фактлар бор¸ деб давом этади ҳуқуқ фаоли:

- Бу йилги пахта кампанияси муваффақиятли тарзда ҳужжатлаштирилди. Агар давлат болалар ва катталарни пахтага мажбурламаган бўлса¸ аксари ўқувчи-талаба бўлган 8 нафар қурбон қаердан пайдо бўлди? Агар маҳалла ва ҳокимият тазйиқ қилмаган бўлса¸ онаси билан пахтага чиқишга мажбур қолган 6 яшар бола қандай қилиб далада пахта тагида қолиб ўлди? Ўзбекистон делегацияси бу фактларни инкор қила олмаслигини билгач¸ бақиришга¸ бизни ëлғончиликда айблашга ўтди¸ дейди мустақил тадқиқотчи.

"БМТ қошидаги Қийноқларга қарши қўмитада ҳар тўрт йилда ўтказиладиган мулоқотдан мақсад¸ Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳақлари ва эркинлар борасида мавжуд муаммоларни ҳалол ва очиқ тарзда муҳокама қилиш ва бу муаммоларни бартараф қилиш борасида бирга ишлашдир. Аммо биз каби ноҳукумат ташкилотлари билан мулоқотни мутлақ тўхтатган Ўзбекистон расмийларининг БМТ мустақил экспертлари билан жиддий мулоқотни бундай театр томошасига айлантириши бу йиғинларни¸ афсуски¸ кераксиз тадбирга айлантириб қўймоқда¸ дейди Озодлик билан суҳбатда маркази Лондонда жойлашган Amnesty International ташкилоти тадқиқотчиси Julia Hall.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG