Линклар

Ўзбекистонда бир неча кун аввал бошланган ёнилғи тақчиллиги ҳамон кескинлигича қолмоқда.

Мамлакат пойтахтидаги АЁҚШлар олдида бензин кутиб турган машиналар навбати бир неча чақиримга чўзилиб кетаётгани кузатилмоқда.

Вилоятлардаги АЁҚШларда бир неча кундан бери ёнилғи мутлақо йўқ.


Қўқонда 4 кундан бери бензин йўқ

Озодликнинг Қўқонлик манбаси “31 октябрь куни 1 ярим литрлик баклашкадаги бензинни 12 минг сўмга сотиб олишга мажбур бўлгани” тўғрисида хабар қилди.
Бошқа бир қўқонлик – Эргашбой Қўшматов шаҳардаги АЁҚШларда сўнгги 4 кундан бери бензин йўқлигини аниқлади.

- Ҳозир заправканинг олдидаман, учтасидан ўтдим. Тўрт кундан бери бензин йўқ экан.

- Қўқонда бир литр бензин 8 минг сўмга чиқиб кетганига ишонасизми?

- Ҳа, энди зарур бўлиб қолса, 100 минггаям олаверадида!




Шўрчида безин фақат қўлда

Сурхондарёнинг Шўрчи туманида бензин нархи Қўқондагидай бирдан кўтарилиб кетмайди. Бу ерда одамлар бензинни қўлдан олади, анчадан бери АЁҚШларда бензин бўлмайди. Ўша ердаги тингловчимиз бундай деди:

- 3500гача сотилади қўлда. Анча бўлиб кетган ўзи заправкаларда сотилмаганига.

- Қўлда сотиладими?

- Қўлда сотилади. Баклашкаларда сотилади, уйларда сотилади.

- Бир литр бензин неча пул сизларда?

- Мен уч кун илгари тўрт литр бензин олдим. 3500 сўмдан олдим.


Яккабоғда бензин 1 ойда 2 марта бўлади

Қашқадарёнинг Яккабоғида яшайдиган Зафарбекнинг айтишича, у яшайдиган ҳудуддаги АЁҚШларга бензин бир ойда бир марта келади.

- Сизларда бензин борми?

- Йўғе, бензин йўқ.

- Қачондан бери йўқ?

- Ойда бир марта тарқатади соляркаларни.

- Одамлар нимада юради машинасида ойда бир марта тарқатса?


- Одамлар у ëқдан бу ëқдан бензин олиб келади. 3000-3500дан бензин оламиз.

Тахиатошда 1 ҳафтада 2 марта

Қорақалпоғистоннинг Тахиатошидаги аҳвол Яккабоғдагидан дурустроқ. Бу ердаги АЁҚШларда бир ҳафтада икки марта бензин сотилади. Тахиатошлик Абдулладан сўрадик.

- Заправкаларда бемалол бензин қуйиш мумкин эмас. Келган пайти қуямиз.

- Бир кунда неча соат ишлаяпти заправка?

- Ҳафтада икки марта келади.


Тўрткўлда Тахиатошдагидай

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўлидаги аҳвол ҳам Тахиатошдагидан фарқ қилмайди, Бу ерда ҳам бензин қўлда. Литри 3,5 – 4 минг сўм. Соляра 3 минг сўм.

Муқобил ёнилғи

Муқобил ёнилғи – суюлтирилган газнинг ҳам, сиқилган газнинг ҳам тақчиллиги бошлангани сезилди.

Яккабоғда пропан қимматлади.

- Газ бор лекин. Метан ҳам бор, пропан ҳам бор. Лекин пропаннинг нархи кўтарилди.

- Неча пулга етди?

- Пропан ҳозир 1700 сўмга чиқди. Ўзи 1100-1200 сўм эди.

- Қачон?

- Бир ой олдин эдида. 15-20 кун олдин эди.


Шўрчида 30 октябрь куни пропан бўлмади

- Метан билан пропан бемалол эмас, анчадан бери йўқ. 1700 сўм эди. Кеча пропан йўқ эди заправкада.

Тўрткўлда газ бор. Ҳозирча...

- Газ Тўрткўлда бор. Иккита жойда қуяди. Янги қурилди. Ҳали кўп машина унга ўтмадида энди.

Пойтахтда бензин тақчиллиги бошланганига бир неча кун бўлди.

Тошкентлик тадбиркор Саид Аҳмедовнинг айтишича, бундан бир ҳафта олдин вазият яхши эди.

- Бензиним ҳали бор. Шунинг учун заправкага кираëтганим йўқ.

- Бир ҳафта олдин қайси заправкада бензин қуйгансиз?

- Малика ярмаркасининг ëнидаги “Истиқлол” заправкасида.

- Ўшанда навбат бормиди?

- Тўртта-бешта машина бор эди холос.

Тақчиллик юмшай демаяпти

31 октябрь куни тушдан кейин Тошкентнинг Улуғбек кўчасидаги Nice Petrol АҚЁШи олдида бензинга навбат кутиб қарийб 60та, Феруза массивидаги Petrol Sistem АЁҚШи олдида 50 нинг атрофида машина бор эди. Ҳар икки заправка операторлари “бензин кечгача етиб қолса керак”, деб умид билдирди.

Озодликнинг Тошкентдаги ҳамкорларидан бирига кўра, пойтахтдаги бензин тақчиллиги юмшай демаяпти.

Унинг айтишича, 30 октябрь куни оқшомида Intran Servis АЁҚШи олдидаги 4 қаторли навбат Жар стадиони олдигача чўзилиб кетган, тахминан 180 та машина турган.

Тақчиллик сабаби (ларидан бири?)

UzGazOil ширкати раҳбариятига яқин ишончли манбанинг айтишича, бу ширкатнинг пойтахтдаги 20 га яқин АЁҚШидан 4 тасигина ишламоқда. Унинг айтишича, бензин тақчиллигига сабаб Бухородаги заводнинг керакли ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқара олмаётганидадир.

Ғалати тилхат

31 октябрь куни Озодликка гўёки АЁҚШлар бошлиқлари имзолаши лозим бўлган тилхат бланкаси нусхаси етиб келди.

Озодликка юборилган тилхат нусхаси.

Озодликка юборилган тилхат нусхаси.

Бланкага туширилган матн мазмунига қараганда, АЁҚШ бошлиғи битта автомобилга 10 литрдан ортиқ бензин сотмаслик кафолатини бериши лозим.

UzGazOil ширкати раҳбариятига яқин ишончли манба Озодликка бу бланкага ҳали кўзи тушмаганини, лекин ширкатда аввал шунга ўхшаш тилхат олиш амалиёти бўлганини, аввалги тилхатларда лимит 20 литр қилиб белгилангани айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG