Линклар

Григорий Лепс АҚШ қора рўйхатида, Москва Вашингтондан изоҳ талаб этмоқда


Григорий Лепс

Григорий Лепс

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳукуматидан таниқли россиялик қўшиқчи Григорий Лепснинг Вашингтон қора рўйхатига киритилишига изоҳ беришни талаб қилди.

АҚШнинг Молия вазирлиги жорий ҳафтада асл исми Григорий Лепсверизде бўлган россиялик ашулачини “Биродарлик халқаси” деб номланган уюшган халқаро криминал гуруҳга аъзоликда айблаган эди.

Вазирлик Лепсни уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритди.

Мазкур санкциялар рўйхатдагиларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатади ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлигини тақиқлайди.

Россия ташқи ишлар вазирлигига кўра, Вашингтон илгари сурган айбловлар “айбсизлик презумпциясининг фундаментал принципларини” бузади.

Григорий Лепс шахсий веб-сайти орқали АҚШ ҳукумати илгари сураётган айбловлар “уйдирма” эканини билдирди.

АҚШ Молия вазирлигига кўра, постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси”га Ўзбекистондаги криминал авторитет Ғафур Раҳимов ҳам киради.
XS
SM
MD
LG