Линклар

Ўтган ҳафта ëтоқлик пахтадан қайтарилган Жиззахдаги аксар коллежларнинг 2-3-курс талабалари¸ маҳаллий ҳокимият буйруғи билан яна далага ҳайдалди. Айни пайтда¸ 2 ноябрдан бошлаб расман бир ҳафталик таътилга чиқадиган мактаб ўқитувчиларига ҳам каникулни “кўнгилли равишда” пахта даласида ўтказиш ҳақида буйруқ берилди.

Озодликнинг Жиззах таълим тизимидаги бир-биридан мустақил уч манбаси бутун вилоят бўйлаб туман коллеж ва мактабларида янгидан оммавий сафарбарлик эълон қилинганини билдирди.

- Қайтиб бўлишган эди ҳаммаси. Энди бошқатдан яна ҳаммани пахтага ҳайдашди. Уч кунга дейишди, лекин ким билади, уч кун неча кун бўлишини Худо билади. Буйруқни ҳокимият беради-да¸ бошқа ким ҳайдай оларди? Ҳайдайдиган бошқа ташкилот йўқ. Фақат шулар ҳайдайди. Расман планни бажарди ҳамма. Пахта ҳали бор. Ҳаво очилиб кетгани учун улар қолганиниям ўқувчиларга тердириб оладиган бўлди¸ дейди Озодлик манбаларидан бири.

Озодликнинг Жиззахдаги яна бир манбаси¸ айни шундай пахтадан қайтарилган мактаб ўқитувчиларининг ҳам 2 ноябрдан яна далага ҳайдалганини билдирди:

- Мактабларга норма қўйган. “Шуни бажарасан” деяпти-да. Бир-икки кун олдин 5-ноябргача деганди, энди ҳозир ўнинчигача деяпти. Ўқитувчиларга жўнайсан деб кетди. Бугун 100 фоиз пахтага борасан¸ деяпти. Ўқиш тўхтагани йўқ. Аввал пахтага борган пайти ўриндош жўнатганда қолган ўқитувчилар ишлагани. Бир-икки кун олдин жавоб бериб ўриндошлар ҳам келиб қўйган эди. Совуқ тушувди. Кеча кун очилгандан кейин яна борасизлар¸ деяпти. Баъзи бир мактабларда эркаклар кетаяптида, аëллар қолаяпти. Келишмаган 00 фоиз кетади¸ деб турибди. Райондан келаяпти, ҳокимиятдан келаяпти. Каникул берадику. Шу баҳона бўлаяпти. 2 ноябрдан 10 гача каникул. Коллеж, институтлар ҳам қайтган эди. Уларни яна бошқатдан қайтараяпти жойига¸ дейди пахтага жўнаш ҳақида буйруқ олган ўқитувчилардан бири.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийлари Жиззахда ўқитувчиларнинг вазирлик билан мувофиқлаштирилмай туриб яна далага ҳайдалганидан бехабар эканликлари¸ аммо бундай жараëн тафсилотларини ўрганиб кўришларини билдирдилар.

Айни пайтда вазирликнинг Озодлик суҳбатлашган мутасаддиси¸ пахта жараëнига оид барча қарорларнинг ҳокимият томонидан қабул қилиниши ва бу мавсумда мактаблар устидан назоратнинг маҳаллий ҳокимият эгалари қўлига ўтишини тан олди.

“Ўқитувчиларнинг қачон пахтага чиқарилиб¸ қачон қайтарилиши бизнинг ваколатимизда эмас. Аммо бу йил ўқувчиларнинг пахтага чиқарилмаганини сизга аниқ айта оламан”¸ деди Халқ таълими вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийлари ҳам Жиззахда ҳали 18 ëшга тўлмаган ва халқаро¸ ҳамда маҳаллий қонунларга кўра бола ҳисобланадиган коллеж ўқувчиларининг яна ëппасига далага қайтариш жараëнидан бехабарликларини билдирдилар.

Айни пайтда¸ вазирликнинг Озодлик мухбири суҳбатлашган вакили¸ гап биринчи чорак якунларидан сўнг бошланадиган таътил ҳақида кетаëтгани ва бу каникулда ўқувчилар “кўнгилли” тарзда ëхуд ота-оналар қарори билан пахта териши мумкинлигини қўшиб ўтди.

Ўзбекистонда ҳали 18 га тўлмаган ўқувчиларнинг ҳамон пахта тераëтганини мамлакатдаги расмий ва ярим расмий ахборот порталлари ҳам тасдиқламоқда.

“Пахта йиғим-терими мавсуми якунига етиб, шаҳарлик ёрдамчилар уйга қайтаётганликларига қарамай, Уйчи қишлоқ хўжалиги коллежи ўқувчилари тажриба майдончасида ҳар куни тинмасдан 60-70 килограммдан пахта топширишмоқда.

«Ҳосилимиз шундай мўл бўлди. Биз эрта баҳордан экинга яхши қарадик, барча агротехник тадбирларни вақтида амалга оширдик ва мана натижаси – пахта ҳали кўп ва биз уни ёмғирлар бошлангунига қадар йиғиб олишга ҳаракат қиламиз», – деди теримчилар мудири Муҳаммадобид Отақўзиев” ¸ деб ëзди 1ноябрь куни Узинформ ахборот портали.

2013 йилги пахта режаси 21 октябрь куни бажарилган, 25 октябрь куни эса Ўзбекистон президенти пахтакорларни 3,35 миллион тонналик хирмон билан табриклаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG