Линклар

Сурияда "жиҳод қилган" қирғизлардан бири ҳалок бўлди


Сурияга отланган қозоғистонлик "жиҳодчи"лар.

Сурияга отланган қозоғистонлик "жиҳодчи"лар.

Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳридан Суриядаги жиҳодга кетган 7 одамдан бири Шом шаҳрида ҳалок бўлгани айтилмоқда. Хабарларга қараганда унинг яқинлари ҳалок бўлган йигитга сиртдан жаноза ўқитган. Бироқ ҳалок бўлган одамнинг жасади Қирғизистонга олиб келинмаган ва унинг қаерга дафн этилгани ҳам номаълум.

Шу йилнинг апрелида Қирғизистоннинг Қизилқия шаҳридан 7 киши Сурияга жиҳод қилгани жўнаб кетгани аниқланган эди. Ўшанда парламент депутати Ўмурбек Бакиров ва жиҳодга кетгани айтилган йигитларнинг ота-оналари Туркиянинг Истамбул шаҳрига бориб, турк полицияси ҳамда Қирғизистоннинг Туркиядаги элчихонаси ёрдамида фарзандларини қидир ишларини бошлаган эди.

Депутат Ўмурбек Бакировнинг айтишича, шу кунгача жиҳодга кетганларнинг 5 нафари Қирғизистонга олиб келинган, қолган икки йигитнинг тақдири эса номаълум бўлиб қолмоқда. Маълум бўлишича, Сурияга кетганлардан бирининг ўлгани айтилиб, қариндошлари унга сиртдан жаноза ўқитишган.

-Йигитларнинг икки нафаридан бошқа ҳаммаси қайтиб келди. Сурияда қолган икки йигитдан бири ҳалок бўлган. Унинг Шом шаҳрида ўлгани айтилаяпти. Бу маълумотга икки ой бўлаяпти. Уйидагилар ҳалок бўлган боланинг маросимларини ўтказишди, -деди депутат Ўмурбек Бакиров.

Маълумотларга қараганда, ҳалок бўлгани айтилаётган боланинг жасади Қирғизистонга олиб келинган эмас. Унинг қандай вазиятда ҳалок бўлгани ва қаерга дафн этилгани ҳам номаълум.

Сурияда ҳалок бўлгани айтилаётган йигитнинг яқинлари Қизилқияда сиртдан дафн маросими ўтказганини мазкур шаҳарда истиқомат қилувчи имомлардан бири ҳам тасдиқлади.

-Унинг жасади Сурияда дафн қилинганини айтишди. Бу боланинг ўлганидан кўпчилик бехабар экан. Унинг қариндошлари Қурбон ҳайит куни маросим ўтказди. Менинг билишимча, Сурияга жиҳод қиламиз деб 7 киши кетган. Улардан бугунги кунгача учтаси қайтиб келди, -деди имом.

Айни пайтда Қирғизистоннинг бошқа ҳудудларидан ҳам Сурияга жиҳодга кетган одамлар борлиги хабар қилинмоқда. Октябрь ой бошларида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан ёшлар Сурияга жўнаб кетгани маълум бўлган. Шу муносабат билан бу ердаги масжидларда ёшлар орасида тушунтириш ишлари ўтказилган эди.

Минтақадаги ахборот агентликлари Қозоғистон ва Тожикистондан ҳам Сурияга жиҳод учун кетганлар борлиги аниқлангани тўғрисидаги хабарларни тарқатмоқда. Масалан, 15 октябрда YouTube порталида 20 дақиқалик видеотасвир пайдо бўлди. Унда 150 кишидан иборат қозоғистонлик Сурияда Башар Ассад режимига қарши жиҳодга йўл олгани акс этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG