Линклар

Толибон етакчисининг ўлими Исломобод жаҳлини чиқарди


Ҳакимулло Махсуднинг АҚШ томонидан ўлдирилиши Покистон ҳукуматига ёқмади.

Ҳакимулло Махсуднинг АҚШ томонидан ўлдирилиши Покистон ҳукуматига ёқмади.

Покистон ҳукумати толиблар билан тинчлик музокараларини бошлаш учун Шимолий Вазиристонга ўз делегациясини юборишини эълон қилган бир пайтда жанггари гуруҳ етакчиси Ҳакимуллоҳ Махсуднинг ўлдирилгани Исломобод расмийлари жаҳлини чиқарган.

Мамлакат ички ишлар вазири Чаудхурий Нисор Али Хон покистонлик толиблар етачиси Ҳакимулло Махсуднинг ўлдирилиши Шимолий Вазиристон минтақасида макон топган жанггарилар билан олиб борилаётган тинчлик музокараларини чиппакка чиқарганини айтди.

Ҳакимуллоҳ Махсуд жума куни Шимолий Вазиристон минтақасида АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоқларидан берилган зарбалар оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Хабарларга кўра, Махсуд ва яна тўрт жанггари жума куни Вазиристондаги Мироншох шаҳри яқинида АҚШ дрон ҳужумларига учраб ҳалок бўлган.

АҚШнинг ҳаво зарбалари Исломобод ҳукумати толиблар билан тинчлик музокараларини бошлаш учун Шимолий Вазиристонга ўз делегациясини юборишини эълон қилган бир пайтда амалга оширилгани айтилади.

Айрим покистонликлар ҳам толиблар етакчисининг ўлдирилганидан ғазабда. Исломобод шаҳридаги дўкон сотувчиларидан бири Усмон Али Reuters агентлиги мухбири билан суҳбатда АҚШ Ҳакимулло Махсудни ўлдириб ҳато қилганини айтади.

- Покистон ҳукумати толиблар билан тинчлик музокараларига эндигина киришган ва ҳукумат ҳайъати шу мақсадда минтақага отланган бир пайтда мазкур зарбаларнинг амалга оширилиши катта ҳатодир. Афтидан Америка Покистон ҳукумати ва Шимолий Вазиристондаги Толибон билан доим уруш холатида бўлишини истамоқда. Америка жуда мудҳиш ҳатога кўл урди, - дейди исломободлик Усмон Али.

Махсуд 2009 йилдан Покистондаги Толибон ҳаракатига етакчилик қилиб келган.

Ўшанда у Покистондаги Толибон ҳаракатининг ҳалок бўлган раҳбари ўрнини эгаллаган эди.

Покистондаги Толибон ҳаракатининг аввалги раҳбари Байтуллоҳ Махсуд ҳам АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоқларидан берилган зарбалари оқибатида ҳалок бўлган эди.

АҚШ бир қанча одам ўлими учун масъул, деб кўрилган Махсуднинг боши учун 5 миллион долларлик мукофот эълон қилганди.

Хабарларга кўра, 34 ёшли Ҳакимулоҳ Махсуд Шимолий Вазиристонда макон топган 30 дан ортиқ жанггари гуруҳларга бошчилик қилган.

Покистондаги The News ахборот нашри хабарига кўра, Ҳакимулло Махсуд ўлдирилиши ортидан Покистондаги Толибон ҳаракатига Хон Саид етакчи этиб сайланиши кутиляпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG